Ўзбекистонда коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабарлардан кейин мамлакат аҳолиси озиқ-овқат ва зарурий маҳсулотларнинг захирасини тўплашга киришди. «Gazeta.uz» нашри мамлакатдаги учта супермаркетлар тармоғида қайси маҳсулотларга талаб ошганлигини ўрганди. Талаб ошган асосий маҳсулотлар қаторидан гречка, буғдой уни, макарон маҳсулотлари, гуруч, ўсимлик ёғи, ҳожатхона қоғози ўрин олган.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида ва мамлакатнинг саккизта вилоятида фаолият олиб борадиган «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғида 15—25 март кунлари бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб 4—14 март даврига нисбатан сезиларли даражада ошган. Хусусан, гречканинг савдоси 15—25 март кунлари 187,2 фоизга ўсган бўлса, буғдой унига бўлган талаб 164,6 фоизга ошган. Макарон маҳсулотлари савдоси 131,3 фоизга, гуруч савдоси 117,5 фоизга ва кунгабоқар ёғининг савдоси 92,7 фоизга ўсган. Ҳожатхона қоғози талаб энг юқори бўлган олтита маҳсулот қаторидан ўрин олган, мазкур маҳсулотга бўлган талаб 83,6 фоизга кўпайган.

Тошкент шаҳрида ва мамлакатнинг олтита вилоятида ўз супермаркетларига эга бўлган Makro тармоғида ҳам озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг ошгани кузатилган. Тармоқда буғдой унига бўлган талаб 184 фоизга, гречкага бўлган талаб 157 фоизга ошгани кузатилган. Картошка савдоси 152 фоизга, макарон маҳсулотлари савдоси 143 фоизга, кунгабоқар ёғининг савдоси 128 фоизга ўсган. Ҳожатхона қоғозининг савдоси 95 фоизга ошгани қайд этилган.

Фақат Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган Havas супермаркетлар тармоғида қоғоз сочиқлар савдоси 324 фоизга ошган. Шунингдек, кашалар ва дуккакли маҳсулотларга бўлган талаб 224 фоизга, ўсимлик ёғига бўлган талаб 174 фоизга ўсган. Қоғоз салфеткалар ва ҳожатхона қоғозлари савдосининг мос равишда 162 ва 157 фоизга ошгани қайд этилган.