Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Коронавирус симптомлари кузатилмаган беморлар уйда қандай даволанишлари керак? (эксперт тавсиялари)
16.07.2020 22:22,  
981

Кун.уз сайти мухбири Аброр Зоҳидов Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Одилова билан суҳбатлашди:

— Бемор барча кўрсаткичлар бўйича уйда даволанишга мос деб топилди. Энди унга қандай тавсиялар берилади?

— Бунда бемор ва унинг қариндошлари қуйидагиларга аҳамият беришлари шарт:

Биринчи навбатда бемор алоҳидаланиши, хонага кириш ва чиқиш қатъий чегараланиши керак.

Иккинчидан, ажратилган хона деразалари бор, шамоллатиш имконияти бўлиши шарт. Бу хона кунига 3-4 маҳал шамоллатилиши ёки дераза ойнаси кўп вақт очиқ бўлиши керак. Кондиционерлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш зарур, чунки улар хонадаги ҳавони қуритиш билан бирга, нотўғри фойдаланилганда шамоллашга сабаб бўлиши мумкин.

Учинчидан, хонада ҳар 2-3 соатда намли тозалаш ишлари ўтказилиши зарур. Бу билан бемордан ҳаво томчи йўли билан ажралган вирусни турли сатҳларга ўтириб қолиши ва шу орқали оиланинг бошқа аъзоларига юқишининг олди олинади.

Тўртинчидан, беморнинг шахсий буюмлари (идиш-товоқ, сочиқ, кийим-кечак) 60 даражадан юқори ҳароратдаги сувда алоҳида ювилиши ва зарарсизлантирилиши керак.

Бешинчидан, ҳаво иссиқлигини аҳамиятга олган ҳолда, кунига 3-5 литргача илиқ ҳолдаги суюқлик ичилиши керак. Бунда совуқ ва газли, ширин ичимликлар қатъий ман қилинади. Суюқликлар асосан минерал сув, илиқ чой (лимонли, занжабилли, қоқили чой), компот, турли доривор ўсимликлар дамламаси бўлиши мумкин.

Суюқликнинг кўп миқдорда берилиши вируснинг таъсиридаги заҳарланиш — интоксикацияни камайтириш билан бирга, қоннинг қуйилиб қолишига йўл бермайди. Суюқ қон орқали шифобахш ўтлар, озиқ-овқат орқали олинган витамин ва минераллар ҳар бир органга тўлиқ етиб боради.

Олтинчидан, бемор кунига камига 5 маҳал овқатланиши зарур, бунда соат 11:00 ва 16:00да толма чой берилади. Асосан суюқ овқатлар, кунига 400 граммдан кам бўлмаган мева ва сабзавотлар, сут маҳсулотлари ва кўкатларни истеъмол қилиши зарур. Ёғли, қовурилган, аччиқ, шўр ва ярим ҳолда тайёр овқатлар (ҳот-дог, гамбургер, чипс ва бошқалар) хамир таомлардан вақтинча воз кечиш керак.

Бахтимизга ҳозир айни пишиқчилик мавсуми. Мева ва сабзавотларга алоҳида аҳамият қаратиш зарур, чунки улар табиий витаминлар манбайи ҳисобланиб, айниқса вирус юққан даврда таркибида С витамини кўп бўлган наъматак, олма, петрушка, укроп, қизил булғор қалампири, карам каби дармон бўлувчи маҳсулотлар ҳамма учун муҳим.

Шунингдек, бемор ўринда узлуксиз ётмасдан, эрталабки бадантарбия ва кун бўйи 10 дақиқадан бир неча марта осон жисмоний машқларни бажариши керак. Бу машқлар орқали организмда қон айланиши яхшиланади ва органлар тўлақонли ишлаши таъминланади.

Бемор бу даврда алкоголь ва тамаки маҳсулотларнинг зарарли таъсири яна ҳам кўп бўлишини унутмаслиги керак.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан