Коронавирус тарқалиши қачон тугайди?

Коронавирус тарқалиши қачон тугайди?

Дунё ёпиляпти. Яқиндагина ҳаёт қайнаган шаҳарлар ўлик сукунатга чўмяпти – ҳаракат чекланган, муассасалар ишламаяпти, мактаблар ёпилган, ҳар қандай оммавий йиғинлар тақиқланган. 

Бу – янги пайдо бўлган COVID-19 касаллигига нисбатан глобал муносабат, акс таъсир. Аммо буларнинг барчаси қачон тугайди ва биз одатий ҳаёт тарзига қайтамиз?

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон мамлакат коронавирус билан боғлиқ вазиятни келгуси 12 ҳафта ичида ижобий томонга ўзгартириши мумкинлигини айтди.

Бироқ яқин 3 ой очида вирусга чалинганлар сони пасайишни бошлаган тақдирда ҳам бу ҳали ҳаммаси тугаганини англатмайди. 

Аниқроқ айтганда, вирус тарқалишининг салбий оқибатлари барҳам топиши учун йиллар керак бўлиши мумкин. 

Шубҳасиз, ҳозирги карантин чоралари жамиятларнинг катта қисми учун узоқ муддатли истиқболда ўта ноқулай – бундай чоралар натижасида юзага келадиган ижтимоий-иқтисодий зарарлар ҳалокатли бўлади. 

Чекловларни бекор қилиш ва одатий ҳаётга қайтиш учун мамлакатларга “муаммодан чиқиш стратегияси” керак.

Лекин коронавирус йўқ бўлишни истамаяпти. Агар сиз вирусни тарқалишдан тўсиб турган чекловларни бекор қилсангиз, ундан зарарланиш ҳолатлари муқаррар ўсиб кетади.     

“Бизда катта муаммо юзага келди. Бундан чиқиш учун қандай стратегия қўллаш керак? Буюк Британия бундай муаммо билан билан тўқнишган ягона давлат эмас. Аммо ҳали биронта мамлакатда бундан чиқиш чораси йўқ”, дейди Эдинбург университетидан юқумли касалликлар эпидемологияси бўйича профессор Марк Валҳаус. 

Бу илмий ва ижтимоий чақириқдир. 

Ҳозирги тартибсиз саросимадан (хаос) чиқиш йўли учта:

 

  • Вакцина билан эмлаш
  • Янги коронавирус биринчи марта юққандан кейин унга нисбатан иммунитет ҳосил бўлиши
  • Ижтимоий хулқни ўзгартириш  

 

Бу уч ҳолатдан ҳар бири вирус фаоллиги ва унинг тарқалишини пасайтиради.

Вакцина – 12-18 ойдан кейин

Вакцина организмда касалликка қарши иммунитет ҳосил қилади ва вирус билан тўқнашган инсон ундан зарарланмайди. 

Агар етарлича миқдордаги инсонлар, масалан, аҳолининг тахминан 60%и вирусга қарши эмланса, унинг тарқалишини бартараф этса бўлади. 

Шу ҳафта бошида АҚШда биринчи синов вакцинаси тайёрланиб, уни ҳайвонларни четлаб ўтган ҳолда одамларда текшириб кўришга рухсат берилди. 

Тадқиқот жараёни жуда тез ўтяпти, бироқ тажрибалар муваффақиятли тугашига ҳам, тайёрланган дори воситаси глобал миқёсда қўлланилишига ҳам ҳеч қандай кафолат йўқ. 

Шу билан бирга агар вакцина тайёр бўлса ҳам фақат 12-18 ойдан кейингина уни дунё бўйича қўллаш имкониятига эга бўлинади.

Дунё мамлакатлари эса шунча вақт давомида карантинда ўтира олмайди. Бу мутлақо имконсиз ҳолат.

Табиий иммунитет – камида икки йил

Коронавирусга қарши Буюк Британиянинг стратегияси касалланиш ҳолатларининг умумий миқдорини камайтириш ва касалхоналар тўлиб кетишига йўл қўймаслик саналади. Сабаби, интенсив терапия бўлимида ётоқ ўринлари тугаса, ўлим миқдори ошиб кетади. 

Вирус билан зарарланиш ҳолатлари қисқариб боргани сари аҳолига қўйилган бир қатор чеклов чоралари вируснинг кейинги тарқалишигача, демакки, янги чекловларгача бекор қилиниши мумкин. 

Аммо бу қачон бўлади, ҳозирча аниқ эмас. 

Буюк Британия ҳукумати маслаҳатчиси сэр Патрик Валланснинг айтишича, “аниқ муддатларни айтиш имконсиз”. 

Борган сайин тобора кўпроқ одам вирусдан зарарланаётган экан, бу охир-оқибат жамоавий иммунитет шаклланишига олиб келади.   

Лекин Лондон Империал коллежидан профессор Нил Фергюсоннинг фикрича, бундай иммунитет ҳосил бўлиши учун камида икки йил керак бўлади. 

Айни пайтда бошқа савол ҳам бор: бу иммунитет қанчага етади? Ахир, бу – SARS-CoV-2 вирусидан бошқа коронавируслар ҳам бор, яна у мутацияга учраши ва натижада янги касалланиш ҳолатлари ҳам келиб чиқиши мумкин. 

Нима қилиш керак?

“Учинчи йўл – хулқимизни ўзгартиришимиз. Бу вируснинг бошқаларга ўтишини паст суръатда ушлаб туришга имкон беради”, дейди профессор Валҳаус. 

Бу эса доимий равишда бир қатор ижтимоий чекловларга амал қилиш, вирусга қарши қатъий текширувлар ўтказиш ва беморларни изоляция қилишни кўзда тутади. Шу йўл билан ҳар қандай инфекциянинг тарқалишига чек қўйиш мумкин. 

“Зарарланиш ҳолатларини эрта аниқлаш ва бемор алоқа қилган шахсларни кузатиш вирус тарқалишининг биринчи тўлқинида иш бермади. Албатта, коронавирусга қарши дори воситаси ишлаб чиқилиши бошқа чораларни ҳам амалга ошириш имконини беради. Масалан, уни одамларда касаллик аломатлари пайдо бўлиши билан қўллаш вируснинг тарқалиб кетишини тўхтатади”, деб қўшимча қилади профессор Валҳаус.

Ёки касалликдан ўлим ҳолатлари камроқ бўлиши ва интенсив терапияга тушадиган босимни камайтириш учун беморларни ёппасига касалхонада даволаш лозим. Шунда, эҳтимол глобал карантинга ҳожат ҳам қолмас.  

Касалхонадаги интенсив терапия ўринлари сонини ошириш ҳам шундай натижага олиб келади – вируснинг йирик миқёсда тарқалишига қарши чора кўришни осонлаштиради.

Мен Буюк Британиянинг бош тиббий маслаҳатчиси, профессор Крис Уиттидан бу инқироздан чиқиш стратегияси ҳақида сўрадим. У шундай жавоб берди: “Албатта, узоқ муддатли, аммо ягона чора бу – вакцина ишлаб чиқиш. Ҳаммамиз умид қиламизки, бу имкон қадар тезроқ рўй беради”. 

Жеймс Галлаҳер

Би-Би-Сининг саломатлик ва илм-фан масалалари бўйича мухбири