Коронавирус туфайли Федерал захира тизими фавқулодда фоиз ставкаларини пасайтиришга тайёрланмоқда

Коронавирус туфайли Федерал захира тизими фавқулодда фоиз ставкаларини пасайтиришга тайёрланмоқда

Жаҳон иқтисодиётининг энг йирик державаси коронавирусга реакция билдиряпти: АҚШ президенти маъмурияти зудлик билан фоиз ставкалари пасайтирилишини талаб қилди ва Bloomberg маълумотларига кўра, бу сафар Федерал захира тизими бунга тайёр.

Доналд Трамп маъмурияти фавқулотда фоиз ставкаларининг пасайтирилиши “эпидемияга қарши иқтисодий курашнинг энг кўп муҳокама қилинаётган чораси” деб ҳисобламоқда. Молия вазири Стивен Мнучин, Трампнинг ўзи ва унинг бош иқтисодий маслаҳатчиси Ларри Кудлоу АҚШ Марказий банки (Федерал захира тизими)ни сусткашликда айламоқда.

Федерал захира тизими 17 – 18 март кунлари йиғилиш ўтказишни режалаштирган. Фавқулодда ставкаларнинг пасайтирилиши туфайли йиғилиш олдинроқ ўтказилиши мумкин.

Жума куни ФЗТ раҳбари Жером Пауэлл коронавирусни АҚШ “иқтисодиёти учун ўсиб бораётган риск” деб атади ва иқтисодиётни ўз воситалари билан қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Молия вазири Мнучин G7 мамлакатларидаги ҳамкасблари билан телефон суҳбатларида уларга тегишли маслаҳат берди.

Охирги мажлисида ФЗТ фоиз ставкасини 1,5 – 1,75 %да сақлаб қолган эди.

АҚШ қонунчилигига кўра, Федерал захира тизими ҳукуматдан мустақил орган бўлиб, у мамлакат банк тизими барқарорлигини таъминлайди ва АҚШ доллари эмиссия қилишда эксклюзив ҳуқуқларга эга. Президент Доналд Трамп маъмуриятининг бир қанча сўровларини рад этган ва унинг буйруғини бажармаган.

Мавзуга доир: Коронавирус туфайли жаҳон брендлари капитализацияси $5 трлнга камайди