Коронавирус васвасаси: Кореянинг Инчеон аэропортидан фоторепортаж

Коронавирус васвасаси: Кореянинг Инчеон аэропортидан фоторепортаж

Таниқли фотограф ва санъатшунос Ҳусниддин Ато Sof.uz учун Жанубий Кореянинг Инчон аэропортидан махсус фоторепортаж тайёрлади. Унгача фотограф Туркия, Эрон ва Японияда бўлган эди.

Фотограф асосий эътиборни коронавирус тарқалиши хавфи туфайли юзага келган вазиятга қаратган.

“Японияга кираётганда мендан сўралган асосий савол: "Сўнгги икки ҳафтада Хитойда бўлдингизми?";

Япониядан Кореяга учишда "Сиз Япониядаги карантинга олинган кемага чиққанмисиз?";

Инчон аэропорти транзит зонасидан Тошкентга учишда эса "Сиз Япониядаги карантинга олинган кемада бўлдингизми, ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми?" деган саволлар сўралди”, дейди Ҳусниддин Ато.

Суратлар 20 ва 27-28 февраль кунлари олинган. Муаллиф 28 февраль куни Тошкентга қайтган.

У учиб келган рейсда барчани тепловизордан ўтказишган, лекин дезинфекция қилинмаган. Фотограф ундан таҳлил олишларини талаб қилган ва уни аэропортдан вирусология марказига таҳлилга олиб кетишган. Таҳлил натижалари чиққунича вирусология марказида карантинда қолган.

Эслатиб ўтамиз, 27 февраль куни Сеулдан келган HY514 рейси йўловчилари Тошкент аэропортининг халқаро терминалининг алоҳида залида вақтинча санитария изоляциясига жойлаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир қатор зарур профилактик тадбирлар ўтказилгандан сўнг ва САРС белгилари йўқлиги тасдиқлангандан сўнг йўловчилар карантин хонасидан чиқиб кетишларига рухсат берилган.

2020 йилнинг 1 мартидан бошлаб эса Uzbekistan Airways авиакомпанияси Жанубий Кореяда коронавирус авж олиши ва Ўзбекистон ҳудудида вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Сеулга бўлган қатновларни вақтинча тўхтатди.