Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Коронавирусдан кейинги дунё
23.03.2020 18:52,  
2811

Эндиликда инсоният глобал инқирозни бошдан кечирмоқда. Эҳтимол, бу бизнинг авлодимиз учун энг катта инқироздир. Одамлар ва ҳукуматларнинг келгуси бир неча ҳафта ичида қабул қиладиган қарорлари, келажак дунёсини шакллантириши мумкин. Бундай қарорлар нафақат соғлиқни сақлаш тизимимизни, балки иқтисодиётимиз, сиёсатимиз ва маданиятимизни ҳам шакллантиради. Биз тез ва қатъий чоралар кўришимиз керак. Шунингдек, биз ҳозирги ҳаракатларимизнинг узоқ муддатли оқибатларини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Биз хар-хил чораларни ўзаро баҳолар эканмиз, ўзимиздан фақат ҳозирги ҳаётимизга бўлган таҳдидни қандай енгиб ўтишни эмас, балки бўронлар ўтгандан кейин ҳаётимизни қандай бўлишини ҳам сўрашимиз керак. Ҳа, бўронлар ўтиб кетади, инсоният омон қолади. Балки кўпчилигимиз тирик қолармиз, аммо энди биз бошқа даврда яшашни бошлаймиз.

Ҳозир қисқа муддат ичида кўрилган фавқулодда чоралар эртага янги турмуш тарзига айланади. Фавқулоддаги вазиятларнинг ҳаммаси шу хусусиятга эга. Улар тарихий жараёнларни тезкор равишда олдинга суриб берадилар. Оддий ҳаётда йиллар давомида ўйлаб қилинадиган қарорлар, бунда бир неча соатлар ичида қабул қилинади. Гарчи хавфли бўлса-да, пухта ўйланмаган технологиялар ишга тушурилади, чунки умуман чора кўрмаслик ундан ҳам катта зарар келтиради. Бутун бошли мамлакатлар кенг миқёсли ижтимоий экспериментларда тажриба қуёни вазифасини бажарадилар. Ҳамма одамлар уйдан туриб ишласа ва фақат масофавий алоқа қилинса бу нималарга олиб келади? Бутун бошли мактаблар ва университетлар интернет тармоғи орқали дарс ўтказишни бошласа нималар бўлади? Одатий вақтларда ҳукуматлар, бизнес ва таълим кенгашлари бундай тажрибаларни ўтказишга ҳеч қачон рози бўлмайдилар. Аммо ҳозир одатий вақтлар эмас.

Ҳозирги инқироз даврида биз иккита муҳим масалада танлов қилишимиз керак. Биринчи масала тоталитар назорат ёки фуқароларнинг мустақиллигини қўллаб қувватлаш орасидаги танлов. Иккинчиси эса жамиятнинг ажралиши ёки глобал бирдамлик йўли орасидаги танлов.

Тери-ости кузатуви

Тери-ости кузатув деганда инсонларни ўзига билдирмасдан қилинган кузатувлар жараёни тушунилади.

Эпидемияни тўхтатиш учун барча аҳоли муайян кўрсатмаларга риоя қилишлари керак. Бунга эришишнинг иккита асосий усули мавжуд. Бир усул ҳукумат одамларни қаттиқ кузатиши ва қоида бузганларни кескин жазолашидир. Ҳозирги кунда технологиялар инсоният тарихида илк бора ҳар кимни ҳар доим кузатиб туриш имконини беради.

Бундан эллик йил олдин, КГБда 240 миллион совет фуқароларини кунига 24 соат кузатиб тура олиш имкони ҳам, йиғилган барча маълумотларни самарали қайта ишлаб чиқишга умидлари ҳам йўқ эди.

КГБ бундай ишлар учун махфий хизмат агентларига ва кузатувчиларга ишонди, натижада, ҳар бир фуқарони ортидан эргашиш учун одам топиб бера олмади. Аммо эндиликда ҳукуматлар, танаси эт ва жондан иборат қўрқоқларга эмас, балки мавжуд бўлган сенсорларга ва кучли алгоритмларга ишонишлари мумкин. Коронавирус эпидемиясига қарши қурашда бир нечта давлатлар аллақачон янги кузатув воситаларини амалда синаб кўрди. Булардан энг диққатга сазовори – Хитой. Одамларнинг смартфонларини диққат билан кузатиш, юзни бир зумда аниқлаб оладиган юз миллионлаб камералардан фойдаланиш ва фуқароларни тана ҳарорати, соғлиғини текширишга мажбурлаш, орқали Хитой нафақат коронавирус билан касалланганларни аниқлай олади, балки уларни ҳаракатларини кузатиб ким билан мулоқотда бўлганини ҳам билиб оладилар. Бир қатор мобил иловалар касалланган фуқаролар мулоқот қилган одамларни огоҳлантирадилар.

Ушбу турдаги технология фақат Шарқий Осиё билан чегараланмайди. Яқинда Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху Исроил хавфсизлик агентлигига коронавирус билан касалланган беморларни кузатиш учун, террорчиларга қарши курашиш учун ишлатиладиган кузатув технологияларини ўрнатишга буйруқ берди. Тегишли парламент қуйи қўмитаси ушбу чорани қўллашга рухсат беришдан бош тортгач, Нетаняху бу қарорни “фавқулодда чора” сифатида қабул қилди.

Буларнинг ҳаммаси янгилик эмас дейишингиз мумкин. Охирги йилларда ҳукумат ҳам, катта корпорациялар ҳам одамларни кузатиб бориш ва уларга таъсир ўтқазишда яна ҳам мураккаб технологиялардан фойдаланиб келмоқдалар. Лекин эҳтиёт бўлмасак ушбу эпидемия одамлар орқасидан кузатувнинг тарихидаги муҳим бир даврни белгилаб қўйиши мумкин. Бу ҳодиса оммавий кузатув воситаларини шу пайтгача рад этиб келган мамлакатларда жойлаштиришни нормаллаштирилиши мумкинлиги билан эмас, балки “тери усти” кузатувидан кескин равишда “тери ости” кузатувига ўтишимиз мумкинлиги билан хавотирлидир.

Ҳозиргача сиз бармоғингиз билан смартфон экранига тегиб, ҳаволани босганингизда, ҳукумат бармоғингиз айнан нимани босаётганини билмоқчи бўлиб келган эди. Аммо коронавирус даврида қизиқиш йўналиши ўзгаради. Энди ҳукумат босган бармоғингизнинг ҳароратини ва унинг терисидаги қон босимини билмоқчи.

Фавқулоддаги ширинлик

Биз кузатув технологиялари ривожланиши жараёнининг қайси босқичида эканимизни тушуниб олишимизнинг қийинчиликларидан бири, ҳозир аниқ қай тарзда кузатилаётганимизни ва келгуси йилларда бу нималарга олиб келишини билмаслигимиздадир. Кузатув технологиялари шунчалик тез ривожланяптики, бундан 10 йил олдинги илмий фантастика деб билган нарсаларимиз бугунги кунда одатий хол бўлиб қолди. Келинг, тажриба сифатида ҳар бир фуқародан кунига 24 соат тана ҳарорати ва юрак уришини ўлчайдиган биометрик билагузук кийишни талаб қиладиган фаразий ҳукуматни тасаввур қилиб кўрамиз. Кун давомида йиғилган маълумотлар ҳукумат алгоритмлари томонидан тўпланади ва таҳлил қилинади. Алгоритмлар сиз касал эканлигингизни ўзингиздан олдин билиб олади ва қаерда ким билан бўлганингизни ҳам билади. Инфекцион занжирни шу тариқа узиб ташлаш ёки камайтириш мумкин. Бу тизим, эҳтимол, бундай эпидемияларни бир неча кунлар ичида тўхтатиб берар. Кўриниши ажойиб! Шундай эмасми?

Бунинг салбий томон, шубҳасиз, шуки, бу даҳшатли янги назорат тизимининг қонунийлаштирилишига олиб келади. Масалан мен CNN ахборот тармоғи ҳаволасини эмас Fox News ахборот тармоғи ҳаволасини босганимни билсангиз, сиз менинг сиёсий қарашларим, ва ҳатто менинг шахсиятим ҳақида маълумот олишингиз мумкин бўлади. Аммо маълум видео клипни кўраётганимда танам ҳарорати, қон босими ва юрак уриш тезлигини кузата олсангиз, мени нималар кулдириши, нималар йиғлатиши ва мени қайси масалалар чиндан ҳам ғазаблантириши ҳақида батафсил маълумотлар йиғиб оласиз.

Шуни ёдда тутишимиз керакки, ғазаб, қувонч, зерикиш ва севги – буларнинг ҳаммаси иситма ва йўтал каби биологик ҳодисалардир. Йўтални аниқлай оладиган ҳар бир технология кулишни ҳам аниқлаб бериши мумкин. Агар ҳукумат ва корпорациялар бизнинг биометрик маълумотларимизни йиғишни бошласалар, улар бизни ўзимиздан кўра яхшироқ тушунишни бошлайдилар ва уларда нафақат бизни ҳис-туйғуларимиз билан ўйнашиш учун, балки истаган маҳсулот ёки сиёсатчини бизга сотишлари учун имконият пайдо бўлади. Бундай биометрик назорат тизими “Cambridge-Analitika” хакерлик тактикаларини бир зумда тош даврига қиёслаб қўйиши мумкин. Шимолий Кореянинг 2030 йилдаги аҳволини тасаввур қилиб кўрайлик. Унда ҳар бир фуқаро кунига 24 соат биометрик билагузук кийиб юрадилар. Бундай замонда буюк диктатор йўлбошчининг нутқини тинглаганингиз заҳоти сизда ғазаб аломатлари акс этса — кунингиз битди.

Сиз, шубҳасиз, биометрик кузатув тизимини вақтинча қабул қилинган фавқулодда чора сифатида ишлатилишини оқлашингиз мумкин. Фавқулодда вазият тугаши билан бу нарса йўқ қилинишига ишонишингиз мумкин. Аммо, гап шундаки вақтинчалик чора сифатида кўрилган тадбирлар воқеликка айланиш одатига эга, айниқса келажакда доимо янги фавқулодда вазиятлар учраб туриши оддий ҳолат эканлигини инобатга олсак. Менинг ватаним бўлган Исроил мамлакати 1948-йилда мустақиллик учун уруш даврида фавқулодда вазият эълон қилди ва фавқулодда чора сифатида ахборот воситаларни цензура қилиш ва ерларни олиб қўйишдан тортиб, ҳаттоки ширинлик тайёрлашнинг махсус белгиланган усулларидан фойдаланишни (беҳазил!) талаб қилди. Мустақиллик уруши аллақачон ғалаба билан тугаб бўлган, амма Исроил ҳеч қачон фавқулодда вазиятни тугади деб эълон қилмади. Мамлакат 1948-йилда ишга туширган кўпчилик фавқулодда чораларни бекор қилишни уддалай олмади (2011-йилда фавқулодда ширинлик ишлаб чиқариш тўғрисидаги фармон ва ниҳоят бекор қилинди).

Коронавирус билан касалга чалиниш ҳолатлари нолга тушган тақдирда ҳам, баъзи маълумот учун очкўз бўлган ҳукуматлар, гўёки коронавируснинг иккинчи тўлқинидан қўрққанлари учун ёки Марказий Африкада Эболанинг янги штаммлари пайдо бўлаётганидан хавотирланаётганликлари учун, биометрик кузатув тизимларини сақлаб қолиш кераклигини таъкидлашлари мумкин. Сўнгги йилларда шахсий махфийлигимизни сақлаш учун катта кураш авж олмоқда эди. Коронавирус инқирози ушбу жангнинг охирги нуқтасига айланиши мумкин. Чунки одамлар шахсий махфийлик ёки соғлиқ орасида танлашга мажбур бўлиб қолсалар, улар одатда соғлиқни танлайдилар.

Совун полицияси

Одамлардан шахсий ҳаёт дахлсизлиги ёки соғлиқ иккисидан бирини танлашни сўраш аслида ҳамма муаммоларнинг илдизидир. Чунки бу иккала жавоб ҳам ўта нотўғри. Биз аслида, ҳам шахсий дахлсизлик ҳам саломатлигимиздан баҳраманд бўлишимиз мумкин ва керак. Биз ўз соғлиғимизни сақлашни ва коронавирус эпидемиясини тўхтатишни тоталитар назорат режимларини ўрнатиш орқали эмас, балки фуқаролар ўзларининг ваколатлари асосида ҳаракат қилишлари ва ўзларини бошқаришлари учун кенг имконият яратиб бериш орқали эришишимиз мумкин. Сўнгги ҳафталар ичида коронавирус эпидемиясини олдини олиш бўйича энг муваффақиятли ҳаракатлар Жанубий Корея, Тайван ва Сингапур томонидан уюштирилди. Ушбу мамлакатлар экстенсив кузатув дастурларидан бироз кўпроқ фойдаланишган бўлса-да, улар кенг кўламли тестларга, тўғри ҳисобот беришга, огоҳ ва ҳамкорлик қилишга тайёр бўлган жамоатчиликнинг меҳнатига кўпроқ ишонишди.

Марказлаштирилган мониторинг ва қаттиқ жазо чоралари одамларни керакли кўрсатмаларга амал қилишларини таъминлаш учун ягона усул эмас. Фуқаролар илмий фактларни эшитсалар ва ҳокимиятнинг ушбу фактларни ростлигича етказиб беришига ишонсалар, “катта ака“ кузатмаса ҳам тўғри қабул қила олиш масъулиятига эгадирлар. Ҳамма маълумотдан хабардор ва ўзини ўзи бошқара оладиган халқ, кучли назорат остида яшайдиган жоҳил халқдан кўра анча самаралироқ ва кучлироқ бўлади.

Мисол тариқасида қўлингизни совун билан ювиш жараёнига боқайлик. Ушбу оддий жараён инсон гигиенасидаги энг катта эришилган ютуқлардан бири бўлди. Ушбу оддий ҳаракат миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Гарчи бу биз учун одатий холга айланиб қолган бўлса-да, қўлларни совун билан ювиш қанчалик муҳимлигини олимлар фақат 19-асрга келибгина аниқладилар. Илгари ҳатто шифокорлар ва ҳамширалар ҳам қўлларини ювмасдан туриб бир жарроҳлик амалиётидан кейингисига ўтишган. Бугунги кунга келиб, миллиардлаб одамлар ҳар куни қўлларини ювадилар, улар совун полициясидан қўрққанлари учун эмас, балки ҳақиқатни тушунганликлари учун. Мен қўлларимни совун билан юваман, чунки мен вируслар ва бактериялар ҳақида эшитганман, бу майда организмлар касалликларга олиб келишини тушунаман ва совун уларни олиб ташлаши мумкинлигини биламан.

Аммо одамлар билан бундай мувофиқлик ва ҳамкорликка эришиш учун сизга озгина ишонч керак. Фуқаролар илм-фанга, давлат органларига ва оммавий ахборот воситаларига ишонишлари керак. Сўнгги бир неча йил ичида баъзи масъулиятсиз сиёсатчилар илм-фанга, давлат ҳокимиятига ва оммавий ахборот воситаларига бўлган ишончни қасддан йўқ қилдилар. Энди худди шу масъулиятсиз сиёсатчилар жамоатчилик тўғри иш қилишига ишонмаймиз деб авторитар тизимга олиб борадиган йўлни танлашлари мумкин.

Одатда, йиллар давомида бузилган ишонч бир кечада тикланиши мумкин эмас. Аммо ҳозир оддий вақт эмас. Таранг вазиятда одамларнинг фикри ҳам тез ўзгариши мумкин. Сиз бир неча йил давомида қариндошларингиз билан аччиқ жанжалларга дуч келган бўлишингиз мумкин, аммо фавқулодда вазият юзага келганда, сиз ўзингизда тўсатдан яширин ишонч ва дўстлик омборини топасиз ва бир-бирингизга ёрдам беришга шошиласиз. Назорат ва кузатув тизимини ўрнатиш ўрнига, одамларнинг илм-фанга, давлат ҳокимияти ва оммавий ахборот воситаларига бўлган ишончларини тиклашга ҳаракат қилиш ҳали ҳам кеч эмас. Биз янги технологиялардан ҳам фойдаланишимиз керак, аммо бу технологиялар фуқароларнинг имкониятларини кенгайтириши керак. Мен тана ҳароратимни ва қон босимимни кузатишни истайман, аммо бу маълумотларни қудратли ҳукуматни қўлига топширишни истамайман. Аксинча, бу маълумотлар менга пухта ўйланган шахсий қарорлар қабул қилишим учун ва ҳукуматнинг фуқаролар олдида жавобгарлигини назорат қилишим учун имконият бериши керак.

Агар менда ўзимнинг соғлиғимни ўзим кунига 24 соат кузатиш имконияти туғилса, мен нафақат атрофдагилар соғлиғи учун хавф туғдирганимни, балки қайси одатлар менинг соғлиғимга кескин таъсир кўрсатишини ҳам билиб оламан . Ва агар мен коронавируснинг тарқалиши бўйича ишончли статистикани ўрганиб, таҳлил қила олсам, “Ҳукумат менга ҳақиқатни очиқ айтяптими ёки йўқ?”, “Эпидемияга қарши тўғри сиёсат қабул қиляптими ёки йўқ?”, деган саволларга жавоб топа оламан. Одамлар кузатув технологиялари ҳақида гапирганларида шуни ёдда тутингки, одамлар устидан назорат қилиш учун ишлатиладиган худди шу технологияларни, фуқаролар ўз ҳукуматларини назорат қилиш учун ҳам ишлатилишлари мумкин.

Шундай қилиб, коронавирус эпидемияси фуқаролик нуқтаи назарининг асосий синовидир. Яқин кунларда, ҳар биримиз илмий маълумотларга ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассисларга ишонишимиз ва асоссиз фитна назарияларидан ва фақат ўз манфаатларини ўйлайдиган сиёсатчилардан йироқда бўлишимиз керак. Агар биз тўғри танлов қилмасак, бу бизнинг соғлигимизни сақлашнинг ягона йўли деб ўйлаган ҳолда, энг қимматли эркинликларимиздан воз кечиб қолишимиз мумкин.

Бизга глобал режа керак

Бизни танловга ундаётган иккинчи масалалардан бири, миллатнинг ажралиши ёки глобал бирдамлигидир. Эпидемиянинг ўзи ҳам, унинг ортидан келган иқтисодий инқироз ҳам глобал муаммолардир. Уларни фақат глобал ҳамкорлик ёрдамида самарали ҳал қилиш мумкин.

Биринчи навбатда, вирусни йўқ қилиш учун биз глобал миқёсда маълумот алмашишимиз керак. Бу одамларнинг вируслар устидан бўлган энг катта устунлиги. Хитойдаги коронавирус билан АҚШдаги коронавирус одамларга қандай қилиб ўзини юқтириш борасида маълумот алмаша олмайди. Аммо Хитой АҚШга коронавирус ва унга қарши курашиш бўйича кўплаб қимматли сабоқларни ўргатиши мумкин. Эрталаб Миланда Италиялик шифокор кашф қилган муолажа, кечқурун Теҳронда одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Буюк Британия ҳукумати бир нечта усуллардан қайси бирини танлашга иккиланиб турса, бир ой олдин худди шу дилеммага дуч келган Кореяликлардан маслаҳат олиши мумкин. Аммо бунинг учун бизга глобал ҳамкорлик ва бир-биримизга ишонч руҳи керак.

Мамлакатлар очиқлик ва камтарлик билан бир-бирлари билан маълумотни баҳам кўришга тайёр бўлишлари ва олинган маълумотлар ва тушунчаларга ишона олишлари керак. Тиббий асбоб-ускуналарни, хусусан, тест воситаларини ва нафас олиш аппаратларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун бизга глобал куч керак. Ҳар бир мамлакат бундай чораларни маҳаллий шароитда бажаришга ҳаракат қилиб, ҳар қандай ускуналарни ўзида захира қилиб олиш ўрнига, мувофиқлаштирилган глобал ҳаракат ускуналарни ишлаб чиқаришни сезиларли даражада тезлаштириши ва ҳаётни сақлаб қоладиган аппаратларни адолатли тақсимланишига олиб келиши мумкин. Уруш пайтида мамлакатлар асосий тармоқларни миллийлаштирганидек, коронавирусга қарши инсоният уруши биздан ишлаб чиқаришнинг муҳим йўналишларини “инсонийлаштириш” ни талаб қилади. Коронавирус кам бўлган бой мамлакатлар, камбағал мамлакатларга қимматбаҳо асбоб-ускуналарни юборишга тайёр бўлишлари керак. Шунингдек кейинчалик улар ёрдамга муҳтож бўлиб қолса, бошқа давлатлар ёрдамга келишига ишонишлари керак.

Биз тиббиёт ходимларини бирлаштиришга қаратилган глобал ҳаракатни кўриб чиқишимиз мумкин. Ҳозирда вирус кам таъсир қилган давлатлар тиббий ходимларни дунёнинг энг хавфли минтақаларига юбориб, уларга муҳтож бўлган вақтида ёрдам бериши учун, ва баҳонада қимматли тажриба орттириб келишлари учун ҳам юборишлари мумкин. Агар кейинчалик эпидемик силжиш бўлса, ёрдам тескари йўналишга қараб оқиши мумкин.

Иқтисодий соҳада ҳам глобал ҳамкорлик зарур. Иқтисодиётнинг глобал хусусиятини ва таъминот занжирини инобатга оладиган бўлсак, агар ҳар бир ҳукумат бошқаларга тўлиқ эътибор бермасдан ўз ишини қилса, натижада хаос ва ундан-да чуқурлашган инқироз пайдо бўлади. Бизга глобал ҳаракатлар режаси керак ва биз унга тезкор равишда муҳтожмиз.

Яна бир талаб — саёҳат бўйича глобал келишувга эришиш. Барча халқаро саёҳатларни бир неча ойга тўхтатиб қўйиш катта қийинчиликларни келтириб чиқаради ва коронавирусга қарши курашни қийинлаштиради. Ҳеч бўлмаганда муҳим саёҳатчилар: олимлар, шифокорлар, журналистлар, сиёсатчилар, ишбилармонларнинг чегараларини кесиб ўтишда давом этишларига имкон бериш учун давлатлар ҳамкорлик қилишлари керак. Саёҳатчиларни ўз мамлакатларида кўрикдан ўтказишни глобал келишув орқали йўлга солиш билан эришишлари керак. Бу ўз мамлакатлари бўйлаб саёҳатчиларни олдиндан кўрикдан ўтказиш бўйича глобал келишув орқали амалга оширилиши мумкин. Агар самолётда фақат синчковлик билан текширилган саёҳатчиларга рухсат берилганлигини билсангиз, уларни ўз мамлакатингизга қабул қилишга тайёр бўласиз.

Афсуски, ҳозирги пайтда мамлакатлар бундай ишларни амалга оширмайдилар. Коллектив бефарқлик халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда. Бу хонада катталар йўқдек туюлади. Бир неча ҳафта олдин дунё раҳбарлари фавқулодда йиғилиши ўтказиб умумий ҳаракат режасини ишлаб чиқишларини кутган эдик. G7 раҳбарлари фақат шу ҳафта видеоконференция ўтказишга муваффақ бўлишди ва бу йиғилиш бундай режаларга олиб келмади.

Аввалги глобал инқирозларда — 2008 йилдаги молиявий инқироз ва 2014 йилда Эбола эпидемияси каби инқирозларда АҚШ глобал лидер ролини ўз зиммасига олган эди. Аммо АҚШнинг ҳозирги маъмурияти глобал раҳбарнинг ишини тарк этди. У шуни аниқ кўрсатдики, у инсоният келажаги ҳақида эмас, балки Американинг буюклиги ҳақида кўпроқ қайғуради.

Ушбу маъмурият ҳаттоки ўзининг энг яқин иттифоқчиларидан воз кечди. У Европа Иттифоқидан барча саёҳатлари таъқиқланганда, на уларни олдиндан огоҳлантириш билан безовта бўлмади ва на улар билан бу кескин чоранинг оқибатлари ҳақида маслаҳатлашди. У Германияга “Немис фармацевтика компаниясига янги Cовид-19 вакцинасининг монопол ҳуқуқини сотиб олиш учун 1 миллиард доллар таклиф қилган” деган айб билан чиқди. Гарчи ҳозирги маъмурият охир-оқибат йўналишни ўзгартириб глобал ҳаракатлар режасини ишлаб чиққан тақдирда ҳам, ҳеч ким жавобгарликни ўз зиммасига олмайдиган, хатоларни тан олмайдиган ва бутун айбни бошқаларга ағдариб, ўзини мақтайдиган раҳбарга эргашмайди.

Агар АҚШ қолдирган бўшлиқни бошқа давлатлар тўлдирмаса, ҳозирги эпидемияни енгиш нафақат қийинлашади, балки унинг мероси келгуси йиллардаги халқаро алоқаларни заҳарлайди. Шундай бўлса-да, ҳар бир инқирозни ўз навбатида қулай бир фурсат деб қарашимиз керак. Биз шуни умид қилишимиз керакки, инсоният ҳозирги эпидемия билан курашиш учун глобал ажралиши ва бирлашмаслиги каттароқ хавфларни туғдиришини англаб етади.

Инсоният танлов қилиши керак. Ажралиш йўлидан борамизми ёки глобал ҳамжиҳатлик йўлини танлаймизми? Агар биз ўзаро келишмовчиликни танласак, бу нафақат инқирозни узайтиради, балки келажакда янада даҳшатли фожиаларга олиб келади. Агар биз глобал бирдамликни танласак, бу нафақат коронавирусга қарши, балки 21-асрда инсониятни хавф остига қўйиши мумкин бўлган барча юқумли касалликлар ва инқирозларга қарши ҳам катта ғалаба бўлади.

Ювал Ноа Харари

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан