Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Коронавирусдан вафот этган мусулмонлар ҳам шаҳид ҳукмида бўладими?
8.05.2020 19:18,  
1170

Дунё бўйлаб тарқалган коронавирусга чалинганлар сони 3,5 миллиондан ошди, қурбонлар 270 мингга етди, лекин у чекинмади. Юртимизни ҳам четлаб ўтмади. 8 май ҳолатига кўра, 2324 юртдошимиз бу касаллик азобини тортиб, 10 нафар фуқаромиз вафот этди.

Диний уламолар бу касалликдан вафот этганлар шаҳид бўлишини айтмоқда. ЎзА шаҳидлик даражаси билан боғлиқ ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВга мурожаат қилди.

– Диний манбаларга назар солсак, шаҳидлик даражасига фақат Аллоҳ йўлидаги жангда ўлганларгина эмас, балки бошқа тоифа мўминлар ҳам эришиши маълум бўлади, – деди Ҳ.Тоштемиров. – Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўлим тўшагида ётган саҳоба Абдуллоҳ ибн Собит розияллоҳу анҳуни кўргани келдилар. Шунда саҳобийнинг қизи: “Кошки бундай ўлим топганларидан кўра шаҳид бўлсалар эди”, деди. Унга жавобан Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ундай бўлса, умматимни ичида шаҳидлар жуда кам эканда!? Аллоҳ таоло унга ниятига яраша беради. Сизлар шаҳидликни нима деб ўйлайсизлар?” дедилар. Улар: “Аллоҳ йўлида ҳалок бўлиш”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деб марҳамат қилдилар: “Аллоҳнинг йўлида ўлишдан ташқари шаҳидлик етти хилдир: вабодан ўлган шаҳид, чўкиб ўлган шаҳид, зотилжамдан ўлган шаҳид, қорин оғриғидан ўлган шаҳид, куйиб ўлган шаҳид, бирор нарса остида қолиб ўлган шаҳид, ҳомиласи (туғруқ) сабаб ўлган шаҳиддир”.

Яъни, ҳақиқий шаҳидлик Аллоҳ йўлида душман билан жангда ўлдирилиш бўлса (уни кийими билан, ювмасдан жаноза ўқиб, кўмилади), Пайғамбаримиз алайҳиссалом юқорида санаган етти тоифа инсонлар ҳукмий шаҳидлик даражасига эришади. Уларга ўлими олдидан қаттиқ оғриқ ва аламни ҳис қилгани сабабли шу даража берилади. Бу динимизнинг турли фожиаларда вафот этган инсонларга катта марҳаматидир. Ҳукмий шаҳидлар ҳам ҳақиқий шаҳидлар каби Аллоҳ таолонинг тўлиқ мукофотига сазовор бўлади. Уларнинг ҳақиқий шаҳиддан фарқи ювилади, кафанланади ва жаноза ўқиб дафн қилинади.

Коронавируснинг қурбонлари тарихда бўлган ваболарникидан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас. Демак, коронавирусдан вафот этаётган мўмин-мусулмонлар ҳам вабодан ўлганлар каби шаҳид ҳукмидадир. Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда вабодан вафот этганлар нима сабабдан шаҳидлик мартабасига эришиши очиқ баён қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: “Вабо – (аввалги пайтда) Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган кишиларга юборадиган азоб эди. (Кейин) Аллоҳ таоло уни мўминларга раҳмат қилди. Қайси бир банда вабога учраса ва ўз шаҳрида сабр қилиб, савоб умидида (шаҳардан чиқиб кетмасдан) турса, Аллоҳ таоло тақдир қилган нарсагина унга текканини билса (эътиқод қилса), унга шаҳиднинг ажрича савоб берилади”.

Бу ҳадиси шарифдаги муҳим нуқта, вабо пайтида мусулмон шаҳид даражасига етиши учун бир нечта шартлар бор:

  • 1. Вабо чиққан шаҳарда бесабрлик қилмасдан, жазавага тушмасдан сабр билан, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози ва таслим бўлиб муқим туриш.
  • 2. Тўғри эътиқодда бўлиш, яъни эҳтиёт чораларини кўриш билан бирга, унга фақат Аллоҳ таоло белгилаган нарса бўлишига ишониш.
  • 3. Вабо пайтидаги қийинчиликлар эвазига савоб умид қилиш.

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний вабо сабабли шаҳидлик даражасини оладиганлар уч хил бўлади дейдилар:

  • 1. Юқорида мақталган сифатларга эга бўлиб, вабодан вафот этган киши. Бу энг юқори даража.
  • 2. Мақталган сифатларга эга бўлиб, вабо тегиб, кейин тузалган киши. Бу аввалгисидан пастроқ даража.
  • 3. Мақталган сифатларга эга бўлиб, вабо тегмаган киши. Бу шаҳидликнинг энг кейинги даражаси.

Агар киши вабо тарқалган пайтда юқоридаги мақталган сифатларга эга бўлмас экан, вабодан ўладими ё бошқа нарсадан ўладими шаҳидлик даражасига ета олмайди (“Фатҳул борий” китоби).

Демак, коронавирус сабабли вафот этганлар билан бирга, касалланиб тузалганлар, касалланмаса-да карантинда сабр қилиб, тўғри эътиқодда савоб умид қилиб турганлар ҳам мазкур улуғ савобларга эришадилар.

Аллоҳ таоло дунё халқларидан, хусусан юртимиздан бу балони кўтарсин, беморларимизга шифойи комил берсин. Шу оғир кунларда уйда бўлганимизда биз учун кўча-кўйда хизмат қилган барча юртдошларимизни муродига етказсин. Омин".

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан