Коронавирусдан яна бир бемор вафот этди. Тошкент ва Андижонда аҳоли орасидан касаллик аниқланди

Коронавирусдан яна бир бемор вафот этди. Тошкент ва Андижонда аҳоли орасидан касаллик аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, пойтахтимизда яшовчи 77 ёшли Н. Г. шу йилнинг 7 июнидан 16 июнгача Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида юрак ишемик, гипертония, қон айланиш етишмовчилиги, ўнг сут бези саратони, икки томонлама бронхопневмония, ўпка шиши ташхиси билан даволанган.

Шу йилнинг 23 июнь куни унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

У охирги 10 йил давомида юрак ишемик, гипертония ва онкологик хасталик каби қатор ташхислар билан даволаниб келган.

Беморга (аёл) Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатор йўналишлари бўйича бош мутахассислари ва Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокорлари томонидан консилиумлар ўтказилиб, доимий назорати таъминланган.

Шу йилнинг 2 июль куни стандартлар асосида кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган.

Шунингдек, айни вақтга келиб Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 29 кишига етди. Ушбу вирусни жами 9396 киши юқтирган бўлса, 6251 киши касалликдан фориғ бўлган.

2020 йил 3 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 9396 (+70) нафарни ташкил этмоқда. Янги касалланиш ҳолатларининг 20 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 19 нафари Тошкент вилоятида, 14 нафари Самарқанд вилоятида ҳамда 9 нафари Бухоро вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 5 нафар Андижон вилоятида ва 3 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида аниқланган.

Айни пайтда юртимизда 6251 (+217) нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (66 фоиз) соғайган. Ҳозирда мамлакатимизда 3116 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. 

Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан келтирилган ушбу жадвалда 3 июль ҳолатига коронавирус билан боғлиқ статистика келтирилган.