Коронавирусга қарши кураш: АҚШ ва Ўзбекистон

Коронавирусга қарши кураш: АҚШ ва Ўзбекистон

АҚШ — дунёда энг кўп коронавирус ҳолати аниқланган мамлакат. Ўзбекистонга эса вирус анча кеч кириб келди ва ҳозирда касалланганлар сони кўп эмас.

Касалланганлар сони:

АҚШ: 120 мингдан ортиқ
Ўзбекистон: 100 дан ортиқ

Ўлганлар сони:

АҚШ: 2 мингдан ортиқ
Ўзбекистон: 2 та

Изоҳ: Бу рақамлар ҳозирча ҳеч нарсани англатмайди. АҚШда илк бемор 20 январда аниқланган. Ўзбекистонда эса 14-мартда. Икки ойдан кейин Ўзбекистонда вазият қандай бўлади? Буни ҳозир аниқ айтиш қийин.

АҚШда кўрилаётган чоралар

Дунёнинг энг бой ва қудратли мамлакатида тиббий ниқоб, қўлқоп, махсус кийимлар ва беморлар учун сунъий нафас олиш мосламалари етишмаяпти.

Вирус энг кўп ва тез тарқалаётган Ню-Йоркда ҳозир 60 мингга яқин бемор бор. Бу ерда вирус тарқалиши 15-20 кундан кейингина чўққисига чиқиши кутиляпти. Яъни унгача ҳар куни касалланганлар сони фақат ўсиб боради. Ню-Йорк губернатори бизга ёрдам беринглар, деб ҳар куни федерал ҳукуматга ёлворяпти. Чунки, мутахассисларнинг айтишича, вирус тарқалиши чўққига чиққанда камида 130 минг бемор касалхонада ётиши керак. Мамлакатнинг энг бой штатларидан бири бўлган Ню-Йоркнинг бунга қурби етмаслиги маълум бўлиб қолди. Биргина сунъий нафас олиш мосламасидан камида 30 мингта керак. Штат ихтиёрида эса улар сони бор-йўғи етти мингта.

Бу фақат бир штатдаги аҳвол. Ню-Жерси, Калифорния, Массачусетс, Вашингтон каби штатларда ҳам аҳвол оғир.

Вазиятнинг бу қадар издан чиқиб кетиши кескин чораларни кўриш кечиккани билан боғлиқ. Масалан, АҚШ чет давлатлар билан чегараларини жуда кеч ёпди. Ҳалигача мамлакат бўйлаб федерал даражада уйдан чиқмаслик қарори йўқ. Кўплаб штатлар даражасида бу амалга ошириляпти, лекин бутун мамлакат ёпилгани йўқ.

Кўчага чиққанда юзга ниқоб тақиш мажбурий эмас. Президент Доналд Трамп мамлакатни бутунлай ёпмасдан, балки вирус энг коп тарқалган ҳудудларнигина ёпиб, бошқа жойларда ижтимоий масофа сақлаш ва гигиена қоидаларига кучайтириш орқали пандемияни тўхтатиш тарафдори.

Ўзбекистонда кўрилаётган чоралар

Ўзбекистон вирус чиқиши билан кескин чораларга ўтди. Тошкент шаҳри ва барча марказий шаҳарлар карантинга олинди. Ниқобсиз ва заруратсиз кўчага чиқиш мумкин эмас. Жамоат транспорти, ҳатто шахсий автомобилларда ҳаракатланиш тақиқланди. Деярли бутун мамлакат ҳам ички, ҳам ташқи дунёдан тўлиқ узилди.

Кимнинг усули тўғри?

Мен Ўзбекистон тутган йўлни қўллаб-қувватлайман. Вирус назоратдан чиқиб кетса, уни тўхтатиб бўлмайди. Агар беморлар сони ўнг минглаб ёки юз минглаб даражага чиқса, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими буни кўтара олмайди. Шу боис вирус чиқиши билан камида бир ой карантинда бўлиш энг тўғри йўл бўлиши мумкин.

Албатта, бунинг иқтисодий бадали оғир. 1-2 ой давомида иқтисодиётнинг бутунлай тўхташи давлат учун миллиардлаб доллар зарар келтиради.

Хавотирли ҳолатлар

Шунча ҳаракат бесамар кетмаслиги учун кўрилаётган чоралар бехато амалга оширилиши керак. Ўзбекчилик қилиб, кимлардир карантиндан чиқариб юборилса ёки касалхоналарда тиббий хавфсизлик қоидаларига риоя қилишда хатога йўл қўйилса, бутун халқни қийнаб амалга оширилаётган шунча иш чиппакка чиқиши мумкин.

Вирус тарқалишини тўхтатишнинг энг яхши йўли ниқоб тақиш эмас, балки ижтимоий масофани сақлаш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш ва юз-кўзни ушламасликдир. Бутун дунё давлатлари шу қоидаларни ўз аҳолисига қайта-қайта уқтирмоқда. Қўлни қандай ювиш, неча секунд ювиш, қачон ювиш бўйича махсус тренинглар, семинарлар ўтказиляпти. Ҳам болалар учун, ҳам катталар учун. Барча жамоат жойлари қўлни тозалаш учун анти-септик воситалар, қўлни қандай ювиш қоидалари билан таъминланган.

Ўзбекистонда уйда қолишга кўп урғу бериляпти, аммо қўлни ювиш ва ижтимоий масофа сақлашга бу даражада эътибор берилганини кўрмадим. Телевидениеда ниқоб таққан журналист ниқоб таққан суҳбатдошидан интервю оляпти, аммо ижтимоий масофа сақлаш меъёрига риоя қилинмаган. "Уйда қолинг", деб бот-бот такрорлагандан кўра, шу қоидаларни кўпроқ тарғиб қилганимиз аслида фойдалироқ эмасми?

Чунки қўл тез-тез совунлаб ювилмаса, одамлар орасида ижтимоий масофа сақланмаса, ниқоб ёрдам бермайди. Бу илмий факт.

Қўлни тез-тез совунлаб ювинг, бошқалар билан гаплашганда 2 метр масофа сақланг ва уйда қолинг.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.