Коронавирусга қарши вакцина устида бир неча давлат олимлари ишлаяпти

Коронавирусга қарши вакцина устида бир неча давлат олимлари ишлаяпти

©️ GETTY IMAGES

Коронавирус пандемияси ҳар куни ўлганлар ва касалланганлар ҳақидаги янгиликларга сабаб бўляпти. Шу билан бирга уни аниқлаш учун нисбатан самарали тест ўтказиш ва энг муҳими вакцина ишлаб чиқиш учун ҳам олдинга қадам қўйиляпти.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг (ЖССТ) клиник тажрибалар маълумотлари асосида шу пайтгача коронавирус билан боғлиқ 508 та тадқиқот ўтказилди, бунда унга қарши дори топишдан тортиб касаллик ва карантиннинг руҳий таъсирига қарши кураш мавзулари ўрин олган. 

Сешанба куни Оксфорд университети олимлари коронавирус таҳлили бўйича янги усулни ишлаб чиққанларини эълон қилишди. Бунга кўра, вирус билан гумонланган шахсни текшириб, 30 дақиқада натижасини билиш мумкин бўлади. Оксфорд университети олимлари уни хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиққан.  

Айни вақтда Дакардаги (Сенегал) Пастер Институти ҳам 1 доллар эвазига 10 дақиқада натижани билиш мумкин бўладиган янги таҳлил усулини ишлаб чиқяпти. 

Вирусга қарши вакцина намуналари АҚШ ва Исроилда синовдан ўтказиляпти. Аммо улар муваффақиятли чиққан тақдирда ҳам кейинги йил ўрталаридан олдин бозорга чиқмайди. 

Шунингдек, Россиядаги Қозон федерал университети ва Англиядаги Кембриж университетлари ҳам вакцина ишлаб чиқиш устида алоҳида-алоҳида ҳаракат қиляпти. 

Қамоқдагиларни нима кутяпти? Эронда кечириляпти, Россияда изоляцияга олиняпти

Пандемиянинг илк кунларидан бошлаб турли давлатларнинг ҳукуматлари қамоқда ўтирган одамларни нима қилиш устида ўйлай бошлади. Чунки айнан қамоқхоналарда инфекция алоҳида тезлик билан тарқалиши мумкин.

Бу борада энг юмшоқ сиёсатни Эрон қўллади – у ерда расмий маълумотларга кўра 85 минг маҳбус гаров эвазига озодликка қўйиб юборилди. Чоршанба куни эса давлат телеканали Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий жума куни ўша маҳбусларнинг 10 минг нафарини кечиришини (яъни, қамоқдан бутунлай озод этишини) эълон қилди. 

Россияда ҳозирча маҳбуслар кескинроқ изоляция қилиняпти – Жазони ижро этиш федерал хизмати “алоҳида кўрсатмага қадар” маҳбусларнинг яқинлари билан учрашишини тўхтатди. 

Washington Post газетасининг хабар қилишича, АҚШда иммиграция ва божхона полицияси ноқонуний муҳожирларни вақтинча ҳибсга олмай туради. Бу қарор АҚШда ҳужжатсиз яшаётган хорижликлар тиббий ёрдамга мурожаат қилишдан хавфсирамаслиги учун қабул қилинди. Акс ҳолда, мамлакатда коронавирус тез тарқалиб кетиши мумкин. 

Сиёсатчилар ҳам коронавирусга чалиняпти

Чоршанба куни ғарбий яримшардаги икки давлатнинг қонунчилик органи вакиллари коронавирус билан зарарлангани маълум бўлди: Бразилия Сенати спикери Деви Алколумбре ва АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг икки аъзоси – Бен Макадамс ва Марио Диаз-Баларте. 

Бу вирус пайдо бўлганидан буён сиёсатчиларни четлаб ўтаётгани йўқ. Аллақачон Британия парламенти аъзолари, Британия Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Эрон парламентининг ўнлаб аъзолари касаллангани маълум.