Коронавирусга қарши вакцина яратган BioNTech компанияси раҳбари дунёдаги энг бой 500 одам қаторига кирди

Коронавирусга қарши вакцина яратган BioNTech компанияси раҳбари дунёдаги энг бой 500 одам қаторига кирди

Коронавирусга қарши вакцина яратган Германиянинг BioNTech биотехнологиялар компанияси асосчиси Угур Шахин дунёнинг энг бой 500 одами рўйхатига кирди. Бир йил давомида Шахиннинг компанияси нархи 250 фоизга қимматлади. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Шахин 5,1 миллиард доллар шахсий капитал билан дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 493-ўринни эгаллади. Унинг активлари қиймати Буюк Британия BioNTech томонидан Pfizer билан ҳамкорликда яратилган вакцинадан фойдаланишни маъқуллаганидан кейин кескин ошган.

Келиб чиқиши турк бўлган олим Угур Шахин BioNTech компаниясига 2008 йилда миллиардерлар Томас ва Андреас Штруeнгманнлар ёрдами билан асос солган. Шахиннинг рафиқаси Озлем Тюречи компаниянинг бош шифокори ва иммунологи ҳисобланади. Шахиннинг ўзи BioNTech акцияларининг 18 фоизига эгалик қилади.

BioNTech акцияларининг, тахминан, 50 фоизи ака-ука Штруeнгманнларга тегишли, улар соғлиқни сақлаш соҳасида дунёдаги энг бой одамлардан бири ҳисобланади.

Аввалроқ Угур Шахин келаётган қиш қийин бўлишини, чунки вакциналар COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари сонига сезиларли таъсир кўрсатишга улгурмаслигини айтганди.

Айни пайтда АҚШ ва Европа Иттифоқида Pfizer ва BioNTech томонидан ишлаб чиқилган вакцинанинг хавфсизлигини баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Аввалроқ мазкур компаниялар клиник синовларнинг якуний — учинчи босқичида вакцинанинг самарадорлиги 95 фоизни ташкил этганини маълум қилганди.