Коронавирусга қарши ваксина тайёр: у қачон тарқатилади?

Коронавирусга қарши ваксина тайёр: у қачон тарқатилади?

"Pfizer" ва "BioNTech" компаниялари вакцина бўйича сўнгги синовлар тугаганини эълон қилди. Учинчи босқичда номзод эмдори 44 минг одам устида синовдан ўтказилган ва 95 фоиздан ортиқ иштирокчида вирусга қарши ҳимоя шаклланган, яъни вакцинанинг самарадорлиги 95 фоиздан юқори.

Синов пайтида жиддий салбий таъсирлар аниқланмаган; 2-дозадан кейин 3,7 фоиз одамда чарчоқ аломатлари, 2 фоизида эса бош оғриши кузатилган.

Муҳими - бу вакцина барча ёш ва ирқдаги одамларда бир хил самара берган. Қизиғи - кексаларда вирусга қарши иммунитет ёшларга қараганда кучлироқ бўлган. 

Вакцина қачон оммавий фойдаланишга чиқарилади?

Вакцинани қўллашни бошлаш бўйича Европада тегишли идораларга аллақачон ариза топширилган, бу ҳафта AҚШда ҳам уни рўйхатга олиш бўйича мурожаат қилиниши кутиляпти.

Хуллас, ишлайдиган, коронавирусни 95 фоиз ҳолатда тўхтата оладиган вакцина деярли тайёр бўлди. Уни энди катта миқдорда оммавий ишлаб чиқариш ва тарқатиш керак бўлади. Бу нарса ойлаб, ҳатто йиллаб вақт олиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти режаси бўйича, расман тасдиқланган вакциналар бир неча давлатда бир пайтнинг ўзида ишлаб чиқарилади ва барча давлатларга бирдек тарқатилади. 

Ишлаб чиқариш дарҳол бошланадими?

Катта миқдорда ишлаб чиқариш дарҳол бошланиши мумкин, аммо фойдаланиш учун расман рухсат беришга яна бир неча ҳафта вақт кетиши эҳтимоли бор. 

Масалан, AҚШ Озиқ-овқат ва дори-дармон администрацияси вакцинага рухсат беришдан олдин махсус экспертлар гуруҳини тузиб, компания олиб борган барча синов маълумотларини яхшилаб ўрганиб чиқади ва компания даъво қилаётган натижалар тўғрилиги тасдиқлангандан кейингина уни жамоатчилик орасида ишлатишга рухсат беради.

Aйни пайтда, одатда, бундай кашфиётлар амалда татбиқ этилишидан олдин илмий журналларда эълон қилиниши, олимлар томонидан синов жараёнлари тўғри ўтказилгани ўрганилиши ва тасдиқланиши керак. Бу эса бир неча ой вақт олиши мумкин.

Ҳозир фавқулодда бир даврда яшаётганимиз учун бу жараёнлар тезлашиши ҳам мумкин.

Вакцинани тарқатиш билан боғлиқ муаммолар

Битта жиддий муаммо бор: "Pfizer" вакцинаси жуда совуқ жойда сақланиши керак. Компания берган маълумотга кўра, вакцина яроқлилик хусусиятини йўқотмаслиги учун -70оC даража совуқда сақланиши лозим. 

1000 тадан 5000 тагача дозадан иборат вакцина қуруқ муз билан ўралган махсус қутиларда ишлаб чиқарилиши кутиляпти. Бу қутиларни оддий музхонада фақат 5 кунгача сақлаш мумкин, холос ва музини янгилаб туриш керак.

Вакцина ҳаммага етадими?

Вакцина ишлаб чиқаришни бошидан молиялаган AҚШ каби баъзи давлатлар уни биринчилардан бўлиб олиш имтиёзига эга. Яъни улар компаниялар билан вакцина етказиб бериш бўйича тўғридан тўғри шартнома тузган.

"Pfizer" компанияси йил охиригача 50 миллион, 2021-йил охиригача эса 1,3 миллиард доза ишлаб чиқариш қувватига эга эканини айтган.  Бу йил ишлаб чиқариладиган 50 миллион дозанинг ярмини AҚШ олади. Коронавирусга қарши вакцина икки дозада қабул қилиниши керак. Демак, бу йил AҚШда 12,5 миллион одамгина "Пфизер" вакцинасидан фойдаланиши мумкин, холос. Илк вакциналар соғлиқни сақлаш ходимларига берилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу ҳафта "Moderna" компанияси ишлаб чиқраётган вакцина ҳам сўнгги синовларда 95 фоиздан ортиқ самара бергани маълум қилинган эди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.