Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Коронавируссиз Тожикистон: масжидлар ёпилган, мактаблар очиқ
20.04.2020 19:30,  
723

Расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳоллари аниқланмаган. Лекин унинг олдини олиш учун ҳукумат миқёсидаги эҳтиёт чоралари тобора кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Би-Би-Си хабар берди.

Душанбе шаҳрида Тожикистон Ҳукуматининг навбатдан ташқари мажлиси ўтказилар экан, мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон коронавирус пандемияси тарқалиши борасида алоҳида таъкидлаб ўтди. У Тожикистонда коронавирус олдини олиш учун жиддий эътибор қаратиш зарурлигини урғулади.

Президент матбуот хизматидан хабар беришларича, Давлат бошлиғи топшириғига мувофиқ коронавирус пандемиясининг миллий иқтисодга бўлиши мумкин таъсирларининг ва эпидемия олдини олиш мақсадида тадбирлар ишлаб чиқилган ва шу мақсаддаги мунтазам амал қилувчи республика штаби тузилган. Вилоят ва шаҳарларда унга бўйсунувчи штаблари бўлган мазкур штабга Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилик қилмоқда.

Эмомали Раҳмон коронавируснинг юз бериши мумкин бўлган таъсирини камайтириш мақсадида Ҳукуматга ижтимоий-иқтисодий соҳалар, кичик ва ўрта бизнесни, аҳолининг алоҳида қатламларини ва иқтисоднинг заиф тармоқларини қўллаб-қувватлаш учун қарз-солиқ имтиёзларини татбиқ этиш бўйича миллий иқтисоднинг режали тарзда таъминлаш топшириғини ҳам берди.

Ҳар бир оила икки йиллик озиқ-овқат ғамласин!

Тожикистон Президенти Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатда аҳолини мунтазам таъминлаш учун икки йиллик озиқ-овқат захираси мавжуд бўлишини айтди. Бунинг учун экин майдонларидан самарали фойдаланиш, такрорий экинлар экиш, иложи борича бир майдондан йилига уч-тўрт марта ҳосил етиштириш имкониятларини кўриб чиқишни таъкидлади. Коронавирус туфайли айниқса картошка экишни кескин кўпайтиришни тайинлади.

У шунингдек, томорқа майдонларидан унумли фойдаланиш, ҳар бир оила камида икки йиллик озуқа захирасини ғамлаб қўйиши зарурлигини айтди. Президент бюджет маблағларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, такрорий ва мақсадга мувофиқ бўлмаган харажатларга йўл қўймаслик, ижтимоий соҳалар ходимларига маошларини, шунингдек, пенсиялар, тўловлар, нафақаларни вақтида етказиб бериш тадбирларини амалга ошириш зарурлигини уқтирди. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, валюта бозорини тартибга солиш ва миллий пул қурбини меъёрга келтириш борасида кўрсатма берди.

Мурожаат ва икки сантиметрга етмайдиган масофа

Мазкур мажлисдан икки кун илгари Тожикистон Соғлиқ сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг коронавирус юқиши олдини олишга қаратилган мурожаати оммавий тарзда тарқатилган. Жумладан, мобил телефон хизмати ширкатлари бу мурожаатни ўз мижозларига СМС тарзида йўллашган.

Мурожаатда, жумладан, вазирлик аҳолидан шахсий гигиенага риоя қилишни, қўлни совунлаб ювишни, жамият жойларига камроқ чиқишни, тиббий ниқоб тақишни, кўчада масофа сақлашни сўрайди. Ва «Ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини асранг!», деб даъват этади.

Бундан олдинроқ мактаблар ўқувчилари, болалар боғчалари тарбияланувчилари ота-оналаридан фарзандларини таълим муассасаларига махсус ниқобларда жўнатиш талаб қилинган. Кўпчилик билан ишлайдиган барча касб эгаларидан, жумладан, бозорлар ва дўконлардаги сотувчилардан ниқобдан ташқари махсус қўлқоп кийиш талаб этилган.

«Биз Ўзбекистон билан чегарадаги қишлоқда яшаганимиз учун қўшни мамлакат телевидениесини кўрамиз. Мен ҳам, оила аъзоларим ҳам коронавирус юқмаслиги учун қўшниларнинг «Уйда қолинг» деган даъватини тўғри деб биламиз», деди Спитамен туманида яшайдиган уч фарзанднинг отаси ўттиз ёшли Раҳимжон.

Унинг айтишича, ота-онаси уйда ўтиришади. Ўзи, хотини далага ишга бораётганда ва ишлаётганда, болалари мактабга боришганда ниқоб тақишади. Ишга бораётганларида ва қайтганларида қўлларини совунлаб ювиб, антисептик сепишади.

«Мен телефонда келган хатда кўчада масофа сақланг, деган эслатмани кўриб, унчалик тушунмадим. Кўча деганда йўловчи ташийдиган уловлар ҳам назарда тутилганмикан», дейди Ғафуров шаҳарчасида яшаб, Хўжанддаги олий ўқув юртларидан бирига ўқишга қатнайдиган талаба қиз.

Унинг айтишича, Ғафуровдан Хўжандга қатнайдиган йўналишли таксилар ҳаракати тўхтатиб қўйилгач, автобусда ўқишга бориб-келишга мажбур бўлмоқда. Автобуслар эса тиқилинч, икки метрлик тугул, ҳатто икки сантиметрлик масофа сақлашнинг ҳам имконияти йўқ, деди талаба қиз.

«Ҳажга йиққан пулингизни ободончиликка сарфланг!»

Афғонистонда коронавирус чиқиб, Тожикистонда мажлислар ёпилганда, ҳукуматимиз тўғри қилди, деб ўйладим. Етмишни қоралаган дадам уйда намоз ўқий бошлаганларида, кўнглим бироз хотиржам бўлди. Чунки намоз пайтида намозхонлар қанчалик зич ўтириб-туришларини ҳамма билади», деди хўжандлик шифокор. «Лекин кўп ўтмай, масжидлар қайта очилди ва дадамлар қанчалик тушунтиришимга қарамай, ўз ҳаётларини хатарга қўйиб, жума намозига бора бошладилар», гапида давом этди шифокор.

Шифокор бугун жума намозлари ўқилгач, Тожикистондаги барча масжидлар жамоа бўлиб намоз ўқиш учун яна ёпилганидан мамнунлигини билдирди.

Тожикистон Уламолар кенгаши тавсиясига кўра бутун мамлакат бўйлаб барча масжидлар ёпилди.

Бу тақиқ-тавсиядан фақат жаноза намозлари мустасно. Шунда ҳам жаноза намозларига кўп одам тўпланмаслиги уқтирилмоқда. Айни бир пайтда Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намозлари ҳам ўқилмайдиган бўлди.

Лекин ҳали бу йилги Ҳаж мавсуми борасида Тожикистон Уламолар кенгаши ва мамлакат Ҳукумати қошидаги Диний қўмита узил-кесил қатъий қарорга келмаган. Аммо Уламолар кенгаши бу йил зиёратга боролмайдиганларга Муқаддас ҳаж учун тўплаган маблағларини ободончиликка, ичимлик сув олиб келишга, кўприк қуришга, ўз уйларини обод этишга сарфлашни маслаҳат берган.

18 апрел куни кенг миқёсда ўтказилиши мўлжалланган Душанбе шаҳри куни байрам қилинмаслиги эълон қилинди. Тожикистонликлар Пойтахт кунини ҳар йили апрелнинг учинчи шанбасида нишонлашарди. Пойтахт кунини бекор қилган Душанбе шаҳри Раиси Рустам Эмомали Тожикистон Парламентининг юқори палатаси - Миллий мажлисга спикер қилиб сайланди. Энди Тожикистон Президентининг ўғли салоҳиятига кўра мамлакатдаги иккинчи кишига айланди.

Масжидлар ёпилди. Лекин аҳоли орасида олий ўқув юртлари, мактаблар, болалар боғчалари, бозорларнинг ёпилмаганига ҳайрон бўлаётганлар сафи ошмоқда.

21 кунга чўзилган карантин

Айни бир пайтда Тожикистонда коронавирус хавфи билан карантинда сақланган 419 нафар кишига уйларига жавоб берилган. Улар Хатлон вилояти маркази - Бохтар шаҳри ва Кўлоб шаҳридаги икки беморхонада карантинда бўлганлар. Лекин уларга аввал белгиланган 14 кунда эмас, балки 21 кунда жавоб берилган. Бохтардаги беморхона шифокорларидан бирининг айтишича бунга эҳтиёт чораси қўлланиб, коронавирус юқтирган-юқтирмаганлиги иккинчи марта текширилгани сабаб бўлган.

Хатлон вилояти соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бошқармаси бошлиғи Мирали Ражабзоданинг айтишича, карантинда бўлган 398 киши 24-26 март кунлари Москвадан самолётларда, махсус рейсларда олиб келинган

Улар билан бирга 18 нафар ҳайдовчи, Кўлоб аэропортининг 2 ходими ва 1 нафар милиция ходими ҳам карантинган олинган. Уларнинг Москвадан кайтганлар билан мулоқотда бўлганликлари бу чорани қўллашга чорлаган.

Карантиндан чиққанлар Тожикистон Ҳукуматининг ёрдами билан ўзлари яшайдиган Суғд вилояти, Душанбе шаҳри ва мамлакатнинг бошқа минтақаларига кичик автобусларда жўнатилган.

Хатлон вилоятининг ўзидан бўлган кишиларни қариндошлари ва яқин кишилари уйларига олиб кетишган.

Расмий хабарларга кўра, Бохтар ва Кўлобдаги икки беморхонада яна 49 киши карантинда қолмоқда.

Умуман, феврал ойи бошидан 16 апрелгача Хатлонда 672 киши карантинда бўлган. Улардан 622 кишига жавоб берилган. Тиббиёт ходими бўлган бир аёл вафот этган. Лекин шифокорлар 58 ёшли Оишамоҳ Алимованинг коронавирусдан эмас, силдан вафот этганини айтишган.

Нега шубҳалар пайдо бўлмоқда?

Аҳоли орасида туберкулёзга чалинган одамнинг тиббий муассасада ишлаши мумкинми, деган саволлар туғилган. Шаҳристон туманида «Тандир кабоби» билан машҳур бўлган Шодмон Ражабовнинг вафот этиши ва уни ҳам туберкулёз ҳаётдан олиб кетганлиги айтилгач, яна шунга ўхшаш саволлар такрорланган: «Умумовқатланиш муассасаларида сил билан оғриган киши ишлаши мумкинми?»

Лекин масъуллар бу саволга жавоб берар эканлар, айрим кишилар ўзларининг туберкулёз билан оғришларини билмасликлари ё билсалар-да, яширишларини айтишган. Яширишнинг сабаби эса, аҳоли орасида бу юқумли касалликка чалинган кишилардан ҳазар қилиш ҳоллари мавжудлиги билан изоҳланган.

Кейинги пайтларда илгари унчалик эътибор берилмаган ўпка яллиғланиши, сил, қанд касаллиги, қон босими билан вафот этиш ҳолларига Тожикистон оммавий ахборот воситаларида эътибор кучайган. Жумладан, Жаббор Расулов туманида яшаган Ҳабибулло Шодиевнинг пневмониядан вафот этгани шов-шувга айланиб, натижада Суғд вилояти соғлиқни сақлаш ва аҳоли ижтимоий ҳимояси бошқармаси бу борада журналистлар учун махсус брифинг ўтказган. Брифингда таҳлил олинганда Шодиевнинг коронавирусдан вафот этмагани, ўлимга ўткир ўпка яллиғланиши сабаб бўлгани ва иккинчи текширувда бу тасдиқлангани айтилган. Кўп ўтмай, Шодиевнинг укаси билан маориф бўлимида ишлаган ва карантинда ётган яна бир киши вафот этган.

Кузатувчиларга кўра ўпка шамоллаши, сил каби касалликлар билан дунёдан ўтаётган одамларнинг аслида нима билан оғриганликларига шубҳалар улар билан мулоқотда бўлган кишиларнинг зудлик билан коронавирусни текшириш учун карантинга олинаётганликлари боис пайдо бўлмоқда.

Шодиевнинг қариндошлари ва уни даволаган тиббиёт ходимлари - 13 киши билан бирга Шодмон Ражабовнинг қариндошлари ҳам карантинга олинган.

Энди карантинга олинганлар қаторига Жаббор Расулов туманидан бўлган яна бир бемор 68 ёшли Мўминжон Мирбаротовни даволашда қатнашган тиббиёт ходимлари ҳам қўшилган. Мирбаротов Спитамен тумани беморхонасига, жонлантириш бўлимига келтирилгандан кўп ўтмай вафот этган. Унинг оилавий врачининг билдиришича, марҳум 8 кун олдин аввал унга, 14-апрелда Хўжанддаги клиник беморхонага мурожаат этган. Лекин беморга «бронхопневмония» ва қон босими ташхиси қўйилиб, амбулатория шароитида даволанган. Орадан икки кун ўтиб, оғриқ кучайгач, Мирбаротовни қўшни Спитамен тумани беморхонасига олиб боришади ва у ерда жон беради. Гарчи марҳумнинг коронавирусга чалинмагани аниқлангани айтилса-да, унга қараган 8 нафар тиббиёт ходими ўзлари ишлаётган беморхонанинг терапия бўлимига, карантинга олинган. Уларнинг 14 кун давомида карантинда бўлишлари айтилган.

Масъуллар бу карантинга олишларни эҳтиёт чоралари сифатида изоҳлашган.

Шахсий фикр ва мулоҳазалар

Тожикистонда ҳозиргача бирон киши коронавирусга чалинмаганини Жаҳон соғлиқни ташкилотининг Душанбедаги мутахассислари ҳам тасдиқлашган.

Бунинг сабаби борасида фақат тожикистонлик эмас, балки қўшни Ўзбекистондаги мутахассислар ҳам фикр билдиришмоқда. Ўзбекистон Республикаси вабо, карантинли ва ўта хавфли юқумли касалликлар олдини олиш марказининг лаборатория мудири Маъруфжон Маадаминовга кўра Тожикистонда шу пайтгача янги коронавирус билан оғриганлар топилмаганига ўз вақтида қўлланган тадбирлар сабаб бўлган бўлиши мумкин.

У бу ўзининг шахсий фикри эканлигини таъкидлар экан, Тожикистон Ҳукуматининг чегаралараро бориб-келишларини анча эрта чеклаш тадбирларини бошлаганликларини айтган. Тадқиқотчи Тожикистон воқеаларнинг ҳар қандай тус олишига тайёр бўлганлигини таъкидлаган.

Аммо асли тожикистонлик, ҳозирда Европа мамлакатларидан бирида яшаётган сиёсатшунос Парвиз Муллажонов Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари йўқлигига ишонмаслигини айтган. У ўзини бузғунчиликда айблашлари мумкинлиги ҳақидаги таъкидга қарамасдан, фикрини исботлашга уринган. Ва бунда, жумладан, кичик ва ўрта бизнеснинг тўхтаб қолиши мамлакат иқтисодига, солиқлар камайишига олиб бориши мумкинлигини сабаблардан бири деб кўрсатган.

Лекин шу пайтгача Тожикистонда ишлаб чиқариш тўхтаб колмаган. Фақат ички ва ташқи авиапарвозлар тўхтатилганлиги боис мамлакатдаги аэропортлар ва авиаширкатлар ходимларига ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътили берилган.

Душанбе шаҳридаги мактаблар ва олий таълим муассасаларида коронавирус олдини олишга қаратилган машғулотлар ўтказиш бошланган. Ўқувчи ва талабаларга коронавирус ҳақида ҳикоя қилинмоқда, махсус видеоёзувлар кўрсатилмоқда, варақалар тарқатилмоқда, антисептиклардан фойдаланиш ўргатилмоқда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан