Европада тикланиш ва тараққиёт банки korzinka.uz супермаркетлар тармоғи акциядорлар капиталига тўғридан – тўғри хорижий сармоялар шаклида 40 миллион АҚШ долларигача маблағ киритади.
Маблағ тармоқнинг айни пайтдаги мавжуд 50 та супермаркетлари сонини 2025 йилга келиб 140 тагача етказиш, шунингдек, амалиёт самарадорлиги ва корпоратив бошқарув стандартларини халқаро стандартлар даражасига кўтаришга йўналтирилади.
Мазкур маблағлар Ўзбекистонда замонавий чакана савдо соҳасини тараққий эттиришга катта туртки беради. Тармоқни кенгайтириш ва амалиёт ҳамда молия кўрсаткичларини яхшилаш билан бирга лойиҳа атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатиш, ижтимоий кўрсаткичларни яхшилаш, компанияда саломатлик ва меҳнат муҳофазаси йўналишларида қабул қилинган ички тартиб ва амалиётларни барқарорлаштиришга хизмат қилади.
Охирги пайтларда мамлакатимиз чакана савдо бозорида жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда. Аввалроқ, Франциянинг Carrefour бренди илк гипермаркетини 2020 йилда очиши айтилган бўлса, кейинроқ korzinka.uz тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов хорижий рақобатчилардан қўрқмаслигини маълум қилган эди.