“Кўсак қуртига ҳайкал ўрнатиш пайти келмадимикан?” ёки Ўзбекистонда саноатлаштириш сиёсати

“Кўсак қуртига ҳайкал ўрнатиш пайти келмадимикан?” ёки Ўзбекистонда саноатлаштириш сиёсати

Сўзимизни роппа-росса юз йиллик тарихдан бошласак. Узун бурунли пахта қўнғизига (Anthonomus grandis) ўрнатилган ёдгорлик анчадан буён мавжуд бўлиб, ўқувчи “келиб-келиб қўнғизга ҳам ҳайкал қўйиш мумкин-ми?” деган хаёлга бориши табиий. Мазкур ҳайкал АҚШнинг Алабама штатининг жанубида жойлашган Энтерпрайз шаҳрида ўрнатилган.

Узун бурунли пахта қўнғизига ёдгорлик ўрнатилиш тарихи жуда ҳам қизиқ. Алабама штати АҚШнинг пахта етиштириладиган асосий ҳудудларидан бири бўлиши билан бирга, XIX асрда пахта етиштириш маҳаллий фермерларнинг асосий даромад манбаи ҳисобланган. Бироқ, XIX асрнинг охирларида Алабама штатига Мексика ҳудудидан узун бурунли қўнғиз, яъни пахта зараркунандаси ёпирилиб кириб, пахтачилик билан шуғулланувчи фермерларни қийин аҳволга солиб қўйди. Фермерлар ушбу зараркунандага қарши курашишда кимёвий воситалардан ҳар қанчалик фойдаланмасинлар, уларнинг уринишлари бесамар кетар эди.

XIX аср бошларига келиб пахта етиштирувчи фермерлар инқироз ёқасига келиб қолдилар. Маҳаллий фермерлардан бири банкирларнинг тавсиясига амал қилиб, пахта экиладиган майдонларга ерёнғоқ экади. Фермер шу йилнинг ўзида 8000 бушел (1 бушел тахминан 38,671 килограмм) ерёнғоқ йиғиштириб олгани ҳолда, етиштирилган ҳосил эвазига фермер ўз қарзларидан қутилиб, катта даромад олишга эришади. Буни кўрган фермерлар пахта ўрнига ерёнғоқ эка бошлайдилар. Ерёнғоқ етиштириш орқали шу пайтгача пахта экиб бири икки бўлмаган кўпчилик фермерлар катта даромад ола бошлайдилар. Фермерлар ерёнғоқ билан бир қаторда ҳудудга мос экинлар экишни йўлга қўядилар.

Пахтанинг ўрнига ерёнғоқ ва шунга ўхшаш маҳаллий иқлим шароитларига мос экинларни етиштириш эвазига даромад кўраётган ва бир сўз билан айтганда “косаси оқараётган” маҳаллий фермерлар тўкинчилик рамзи сифатида узун бурунли пахта қўнғизига миннатдорчилик рамзи сифатида 1919 йил Энтерпрайз шаҳарчасида “The Boll Weevil Monument” (Зе Болл Уивил Монумент)ни ўрнатдилар.

Дастлаб мазкур ёдгорликда ҳосилдорлик маъбудаси Церера тасвирланган бўлиб, ёдгорликнинг пойидаги тошга қўнғизга нимага бунчалик эҳтиром кўрсатилиши сабаблари баён этилган ёзув битилган эди. Кейинчалик мазкур ёдгорлик ўзгартирилиб, меъмор Лютер Бейкернинг қўли билан 1949 йилда бошқача қиёфа касб этди. Ҳайкалнинг янги кўринишида маъбуда Церера қўлларини баланд кўтарган ҳолда, узун бурунли қўнғизни кўтариб турибди ва ҳайкалнинг устун тошига қўнғизга миннатдорчилик рамзи сифатида қуйидаги ёзувлар: “Мазкур ҳайкал фаровонликка эришиш йўлини кўрсатиб берганлиги учун узун бурунли пахта қўнғизига миннатдорчилик белгиси сифатида Алабама штати Энтерпрайз шаҳри фуқаролари томонидан ўрнатилган” битилган эди.

Ҳушёр ўқувчиларимизда саноат сиёсатига кўсак қуртининг нима алоқаси бор? деган савол пайдо бўлиши табиий. Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш ва диверсификациялаш, юқори қўшилган қийматга эга бўлган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айнан мана шундай долзарб масалаларни ҳал этиш, иқтисодиётни саноатлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 сентябрдаги ПФ 5544 сонли “2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ва шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги ПҚ 4105 сонли “Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорлари қабул қилинди.

Айтиш лозимки, мамлакатимизда саноат ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлсада, бугунги кунда мамлакатимизда саноат тармоқларини ривожлантириш даражаси талаб даражасида эмас. Шу ўринда бир таҳлил юритсак.

Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизни 2030 йилгача бўлган муддатда дунёнинг инновацион жиҳатдан кучли ривожланган 50 та давлати қаторига олиб чиқиш масаласи қўйилган. Канадалик хоккей юлдузидан “Сизнинг муваффақиятингиз сири нимада?” деб савол беришганида, у “бошқа ўйинчилар хоккей шайбасини излашаётган бир пайтда, мен хоккей шайбаси қаерга бориб тушушини олдиндан биламан” деб жавоб берган экан. Демакки, бизнинг мўлжаллаган манзилимиз аниқ, яъни инновацион тараққий этган давлатлар қаторидан ўрин олиш, лекин бугунги кундаги ўрнимиз қаерда эканлигини билиб олиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Хусусан, бугунги кунда инновацион жиҳатдан ривожланган кучли 50 талик давлатларда илмий-тадқиқот ишлари учун ажратилётган маблағлар улуши ЯИМга нисбатан ўртача 2,6 фоизни ташкил этгани ҳолда, Ўзбекистонда бу кўрсаткич ЯИМга нисбатан 0,2 фоизни (орадаги фарқ салкам 12 марта)ни ташкил этади. Ўзбекистонда энергетика самарадорлиги кўрсаткичи етакчи инновацион давлатларнинг ўртача кўрсаткичидан салкам 4 марта паст. Инновацион жиҳатдан ривожланган давлатларда коррупцияни назорат қилиш индекси 80 дан юқори бўлгани ҳолда, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 18 ни ташкил этади. Юқори технологияли маҳсулотлар экспортида ҳам катта фарқланишлар мавжуд. Хусусан, Ўзбекистонда юқори технологияли маҳсулотлар экспортининг саноат маҳсулотлари умумий экспортидаги улуши 4 фоиз атрофида бўлгани ҳолда, бу кўрсаткич инновацион жиҳатдан етакчи давлатларда ўртача 23-24 фоизни ташкил этади.

2018 йил учун экспорт ва импорт таркибини таҳлил қилиш ҳам қувонарли натижаларни бермайди. Хусусан, 2018 йилда мамлакатимиз экспортининг салкам 53 фоизи рангли металлар, углеводородлар ва ҳўл мева ҳиссасига тўғри келгани ҳолда, импорт таркибида машина ва асбоб-ускунларнинг улуши тобора ортиб бораётганлигини кўришимиз мумкин.

Бугунги кунда саноатнинг 69 фоизи асосан хом ашё ёки бирламчи қайта ишлашга тўғри келмоқда. Машина ва асбоб-ускуналарнинг импортини бир томондан ижобий баҳолаш мумкин бўлгани ҳолда, масаланинг иккинчи томонини эътиборга олиш лозим. Бундай ҳолатнинг муттасил ўсиб бориш тенденциясига эга бўлиши узоқ муддатли даврда мамлакатнинг “иқтисодий қотиллик” қурбонига айланишига замин яратиб беради. Шу сабабли ҳам мамлакатимизда саноат тармоқларини жадал ривожлантириш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни барча чора-тадбирлар билан қўллаб-қувватлаш долзарб вазифага айланмоғи зарур.

Инновацион жиҳатдан ривожланган мамлакатларнинг тажрибаси шундан далолат берадики, барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашнинг устивор йўналишларидан бири — бу саноатлаштириш сиёсатини изчил амалга оширишдан иборатдир. Зеро, немис саноатчиси Ханс Вольфганг Зингер айтганидек: “Иқтисодий жиҳатдан заиф давлат саноат ишлаб чиқариши йўқлиги учун ҳам қашшоқдир ва у айни вақтда қашшоқ бўлганлиги сабабли ҳам саноат ишлаб чиқариши йўқ”.

Шу боис, мамлакатимизни инновацион жиҳатдан етакчи давлатлар қаторига олиб чиқиш, миллий иқтисодиётимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида мамлакатимизда алоҳида Саноат вазирлигини ташкил этишни ва бунда асосий эътиборни станоксозлик ва асбобсозлик соҳаларини вужудга келтиришга, саноат маҳсулотларини маҳаллийлаштиришга қаратишни таклиф этган бўлар эдик.

Акмал Абдувоҳидов

Гулистон давлат университети катта ўқитувчиси