Кўзойнак остидан «Овертон ойнаси»га нигоҳ

Кўзойнак остидан «Овертон ойнаси»га нигоҳ

«Гўзал самолёт яхши учади» дейдилар авиамуҳандислар. Жозибали «Овертон ойнаси» ҳам ўзбекзабон тармоқларида чиройли парвоз этишни бошлади. Чамаси, сегментимизда кўпчилик «Овертон ойнаси»ни аргумент қилиб келтириш интеллектуал доираларда аллақачон қолоқлик оҳангига айланганидан бехабар.

Овертоннинг тарихи

Бу концепция америкалик ҳуқуқшунос Жозеф Овертон номи билан аталган. Овертон сиёсатчиларнинг дискурсини (сайловчилар ва рақиблар билан бўлган мулоқот услуби, дастури, кун тартиби, сўзлашув мажмуаси) белгилаш мақсадида жамоатчиликнинг баҳолаш моделини кўрсатган. Омманинг турли ғояларга муносабати бир неча даражада бўлади, уларга қабул қилиб бўлмас, кескин, мақбул, оқилона, стандарт ва мажбурий ўлчовлар киради. Содда қилиб айтганда, сиёсатчи ўз фикр-қарашларини илгари суришдан олдин уларнинг жамоатчилик онгида қандай баҳоланишини аниқ билиши керак.
Жозеф Овертон 43 ёшида тўсатдан ҳалок бўлади. Унинг янги ғояси баъзи америкалик неоконсерватор мафкурачилар ижодий ишловига тушиб, бутунлай бошқача услубиятга ўгирилади. Жумладан, юқорида айтилган мақбуллик диапазонига ўзгарувчанлик талқини қўшилади ва унга «Овертон ойнаси» (Overton window) деган ном берилади.

Унга кўра баъзи фактлар ва ғояларга бўлган муносабатни номақбуллик даражасидан чидамлилик даражасига ва ҳатто мажбурий ҳолатга олиб чиқиш мумкин. Мисол учун, одамхўрликнинг мутлақо номақбул ишлиги ҳаммага маълум, аммо, бир оз манипуляция билан одамхўрликка нисбатан чидамлиликни шакллантириш, унга яна ишлов бериб, одатий меъёр даражасигача кўтариш мумкин деган қараш вужудга келади.

«Овертон фитнаси»

Конспирологлар (фитна назариялари ишқибозлари) дарҳол бу фаразий моделни истеъмолга олдилар. Улар «Овертон ойнаси»даги баҳолаш ҳаракати табиий равишда эмас балки атайин уюштирилган амалиётларидан деб қарайдилар. Яъни, қайсидир «қора кучлар» атайин ОАВ, оммавий маданият, санъат, пропаганда воситалари билан номақбул ишларни мақбулга айлантиради деган ғоя илгари сурилди.
Инсониятнинг кўпгина нарсаларга бўлган баҳоларнинг ўзгарувчанлиги узоқ тарихдан бери кузатиладиган воқеликдир. Ўзгарувчанлик турли ижтимоий, психологик ва физиологик қонуниятларга бўйсўнадиган мураккаб жараёндир. Уни оддий «Овертон ойнаси» доирасига жойлаб тушунтириш илмий фактлар билан тасдиқланмади ва шу сабаб, бу концепция кўп танқидларга учрайди.

Албатта ёвузликка нисбатан одамлар муносабати ўзгариб қолиши эътиборга лойиқ масала. Мисол учун қандай қилиб ахлоқли, маълумотли, зиёли немис одами концлагерда ваҳший жаллодга айланиб қолганлиги 20-аср психолог, социолог ва файласуфларга тиним бермаганди. Буни «Овертон ойнаси» билан тушунтириб қўйиб, масалани ёпиш мумкин эди. Лекин «Овертон аргументи» ички психик жараёнларни тушунтирмайди ва амалий ечимлар таклиф қила олмайди.

«Овертон технологияси»?

Назариянинг жозибадорлигига қарамай унинг амалий татбиғини деталларда кузатиш жуда мушкул. Шунга қарамай конспирологларимиз «Овертон ойнаси»ни технология деб атаб юбордилар. Агар «Овертон ойнаси» реал ишлайдиган услуб бўлганида уни эзгу мақсадларга ҳам қўлласа бўлармиди?

Масалан, тўйни 20-30 кишилик қилиб ўтказиш ғоясини ўзбеклар оммаси мутлақо қабул қилмайди. Марҳамат, мазкур ғояни «Овертон ойнаси»да силжитиб янгича тўйни меъёрий ва оммавий анъанага айлантириш технологик харитасини тақдим этиб кўринг.

Кичик тавсиялар

Интернет сайтларида учраб қолган ҳар қандай жозибали назарияларга ишониб кетавермай, уларнинг келиб чиқиш тарихи ва уларга нисбатан берилган танқидий мақолалар билан танишишни тавсия қиламан.

Шунингдек, реал илмий материаллар билан танишиш яхши амалиётдир: америкалик психологлар Милгрэм ва Замбордо каби қатор тадқиқотчилар ва илмий марказлар бир-биридан мустақил равишда инсоннинг муҳит ва вазиятга қараб ўлчовлари ўзгариши феноменларини ўрганиб, жамоатчиликка қизиқарли хулосалар тақдим қилганлар. Лекин изланишлар тўхтамаган, масалага нейрофизиологларнинг аралашуви янада чуқур мулоҳазаларни келтириб чиқарди.

Қўйилган саволларга якуний жавоблар йўқ ва ҳали бери бўлмаса ҳам керак. Аммо мавжуд энг охирги назарияларни билиш ақлий салоҳиятимизни кенгайтиради. Бунинг учун кўпроқ илмий китоб ва мақолаларни ўқиб бориш керак бўлади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.