Ҳамураппи кодекси ҳозирги кунда Париждаги Лувр музейида сақланади. “Кодекс” атамаси ноўрин, чунки Хамураппи бизга давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларга оид қоидалар ва ҳукмлар тўпламини қолдирган. Ҳамураппи ўзининг 42 йиллик ҳукмронлигини Бобил (ҳозирги Ироқда жойлашган) “қироли” сифатида милоддан аввалги 1792 йилда бошлаган. Кўпгина тарих китобларида эслатиб ўтилмаган нарса шундаки, Мессопотамия шаҳрининг бошқа губернаторлари сингари, Хамураппи фуқароларнинг ҳукумат, юқори мартабали амалдорлар ва таниқли шахслар олдидаги қарзлари расмий равишда бекор қилинганлигини эълон қилган. Хамураппи кодекси дея таърифланадиган манба милоддан аввалги 1762 йилда яратилган. Унинг эпилогида айтилишича, “кучлилар кучсизларга зулм қилолмайдилар; адолат ўрнатиш учун қонун мазлумларни, бевалар ва етимларни ҳимоя қилиши керак”.
Хамураппи даврида маъбад ва сарой атрофида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаёт ташкил этилган. Бир-бирига чамбарчас боғланган бу икки муассаса, ўзларининг кўплаб ҳунармандлари, ишчилари ва, албатта, уламолари билан, бугунги ҳукуматлардан унчалик фарқ қилмасдан, давлат аппаратини ташкил этдилар. Маъбад ва сарой ўз ходимларини овқат ва турар жой билан таъминлади. Улар кунига икки марта тўлиқ овқатланиш учун етарли миқдорда озиқ-овқат рационига эга бўлишди. Деҳқонларга ер (улар ижарага олган), меҳнат қуроллари, чорва моллари ва суғориш учун сув берилган, шунда улар ишчилар ва улуғ кишилар учун озиқ-овқат етиштиришлари мумкин эди. Шундай қилиб, деҳқонлар арпа (асосан ғалла), ёғ, мева ва сабзавот етиштирдилар, экинлар йиғиб олингандан сўнг, бир қисмини давлатга ижара ҳақи сифатида тўлашлари керак эди. Деҳқонларнинг Сарой ва Маъбад учун ўзлаштирган ерлари билан бир қаторда ўз ерлари, уйлари, чорва моллари ва меҳнат қуроллари ҳам бор эди. Ҳосил кам бўлган йилларда, улар қарзга киришар эди. Шунингдек, деҳқонларнинг бойиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида уларнинг мол-мулки қандайдир тўланмаган қарзлар эвазига юқори мартабали амалдорлар ва мансабдор шахслар томонидан тортиб олинган, ёки қарзга ботирилган. Агар деҳқонлар ўз қарзларини тўлай олмасалар, улар ҳам қуллар ҳолатига тушиб қолишлари мумкин эди; қарздорлик уларнинг оила аъзоларининг қул бўлишига ҳам олиб келиши мумкин.
Хамураппи ҳукмронлик йилларида ижтимоий тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, айниқса, деҳқонларнинг турмуш шароити ёмонлашишига йўл қўймаслик учун ҳукумат вақти-вақти билан барча қарзларни бекор қилди ва деҳқонларнинг ҳуқуқларини тиклади.
1000 йил давомида Мессопотамияда умумий қарзни бекор қилиш
Умумий қарзни бекор қилиш ҳақидаги эълонлар Ҳамураппи ҳукмронлигидан анча олдин бошланган ва кейин ҳам давом этган. Милоддан аввалги 2400 йилда, Ҳамураппи ҳукмронлигидан олти аср олдин, Лагаш шаҳрида қарзнинг бекор қилинганлиги ҳақида далиллар мавжуд. Энг сўнгги мисол Нузи шаҳрида милоддан аввалги 1400 йилга тўғри келади. Умуман олганда, тарихчилар Мессопотамияда милоддан аввалги 2400 йилдан 1400 йилгача бўлган ўттизга яқин умумий қарзнинг бекор қилинишини аниқладилар. Майкл Ҳудсон умумий қарзни бекор қилиш Мессопотамиянинг бронза даври жамиятларининг асосий хусусиятларидан бири эканлигини даъво қилиб чиқди. Дарҳақиқат, бу бекор қилишлар тўғрисида турли хил чақириқ ва шиорлар бўлган, аммо бу шиорлар ёзилган тошлар ҳам қиртишлаб тозаланган.
Қарзни бекор қилиш тўғрисидаги бундай эълонлар одатда ҳар йили баҳор ойларидаги катта тантаналар пайтида авж олади. Айнан Ҳамураппи сулоласи даврида қарзлар ёзилган лавҳаларни йўқ қилиш анъанаси пайдо бўлган – давлат органлари маъбадда сақланган лавҳаларда қарзларнинг қаттиқ ҳисобини юритган. Милоддан аввалги 1749 йилда Хамураппи 42 йиллик ҳукмронликдан сўнг вафот этганида, унинг вориси Самсилуна давлат олдидаги барча қарздорликларни бекор қилди ва савдогарларнинг қарзларидан ташқари барча лавҳаларни йўқ қилиш ҳақида фармон чиқарди.
Милоддан аввалги 1646 йилда тахтга ўтирган Ҳамураппи сулоласининг сўнгги ҳокими Аммисадуқа томонидан эълон қилинган умумий қарзни бекор қилиш тўғрисидаги қонун жуда батафсил эди. Бекор қилиш тўғрисидаги фармонда деҳқонларни экспроприация қилган расмий кредиторлар ва солиқ йиғувчилар уларга товон тўлашлари ва ўлим жазоси билан мулкларини қайтаришлари кераклиги кўрсатилган. Агар кредитор мол-мулкнинг бир қисмини босим остига олган бўлса, уни қайтариб бермаса ва ёки унинг қийматини тўлиқ қайтармаса, у ўлим жазосига ҳукм қилинади.
Ушбу фармондан сўнг, барча кўчмас мулк шартномаларини кўриб чиқиш ва олдинги ҳолатни тиклаш мақсадида қарзни бекор қилиш тўғрисидаги декларация шартларига кирувчи барча шартномаларни бартараф этиш бўйича комиссиялар тузилди. Шундай қилиб, шартномаларни бекор қилиш ва кредиторларни жабрланувчиларга товон тўлашга мажбур қилиш орқали давлат органлари деҳқонларнинг ҳуқуқларини тикладилар.
Қарзни бекор қилиш чегаралари
Мессопотамиянинг бронза даврида, қарздор қуллар, урушда қўлга киритилган қулларнинг бошқа турларидан фарқли ўлароқ, озод қилинган эди. Бу шунчаки зулм шакллари билан тўлиб-тошган, аввалдан мавжуд бўлган ижтимоий тузумни тиклашнинг бир усули эди холос. 3000-4000 йил муқаддам бу жамиятнинг ташкил этилиши ҳукмдорлар катта хусусий мулкларининг конституциясига тўсқинлик қилиши орқали ижтимоий бирликни сақлашга интилишган ва деҳқонларга тўғридан-тўғри имкониятлар берилган. Улар суғориш тизимларини ривожлантириш ва таъмирлашни назорат қилишда тенгсизликнинг кучайишини чекладилар. Майкл Ҳудсон уруш эълон қилиш бўйича ҳар қандай қарор фуқароларнинг умумий йиғинидаги овозлар орқали қабул қилинганини таъкидлайди – қирол бундай қарорларни ёлғиз ўзи қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас эди.
Милоддан аввалги 1400 йилдан кейинги давр учун қарзни бекор қилиш тўғрисидаги бошқа акт топилмади; тенгсизлик кучайишда давом этди. Ер йирик хусусий ер эгалари томонидан тортиб олинди ва қарз қуллиги одатий ҳолга айланди. Аҳолининг катта қисми шимоли-ғарбга Канъон томон кўчиб ўтди, Мисрга бостириб кирди, бу эса фиръавнларни норози қиларди.
Кейинги асрлар Мессопотамия тарихчилари томонидан ёзма маълумотларнинг камлиги сабабли “қоронғи асрлар” деб номланади. Бироқ, бизда кредиторлар ва қарздорлар ўртасидаги шиддатли ижтимоий кураш ҳақида далиллар мавжуд.
1799 йилда Миср юриши пайтида Наполеон армиясининг бир қисми томонидан олиб кетилган Розетте тошини 1822 йилда Жан-Франсуа Шамполён ўқишга муваффақ бўлди. Бугунги кунда у Лондондаги Британия музейида сақланмоқда. Уни таржима қилиш учун тошда учта тилда бир хил матн берилганлиги ёрдам берди: бу ёзувлар Қадимги Миср, Миср демоси ва Македониялик Искандар даврининг юнон алифбосида битилган эди.
Розетте тошининг матни Мисрда қарзни бекор қилиш анъанаси милоддан аввалги VIII асрда, македониялик Искандар милоддан аввалги IV асрда мамлакатни забт этишидан олдин фиръавнлар томонидан қўллаб-қувватланганлигини тасдиқлайди. Унда айтилишича, фиръавн Птолемей эрамиздан аввалги 196 йилда Миср ва ундан ташқаридаги халқларнинг ҳукуматдан бўлган барча қарзларини бекор қилган.
Миср фиръавни ва бронза даври Мессопотамия жамияти ўртасидаги катта фарқларга қарамай, умумий қарзни бекор қилишдан олдин амнистия эълон қилиш одати бўлганлиги ҳақида далиллар мавжуд. Рамзес IV аср (милоддан аввалги 1153-1146) мамлакатдан қочиб кетганлар қайтиши мумкинлигини, қамоқда ўтирганларни озод қилиш кераклигини эълон қилди. Унинг отаси Рамзес III (милоддан аввалги 1184-1153) ҳам шундай қилган эди. Барча қуллар уруш ўлжалари бўлди. Рамзес III ва Рамзес IV томонидан эълон қилинган баёнотлар фиръавнга бўлган солиқлар бўйича қарзларни бекор қилиш, сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва сургундагиларнинг ватанга қайтиш имконияти билан боғлиқ эди.
Милоддан аввалги VIII асргача биз Миср учун қарзни бекор қилиш ва қарздор қулларни озод қилиш тўғрисидаги эълонларни кўплаб учратдик. Бундай эълонларни фиръавнлардан бири бўлган Бокхорис (милоддан аввалги 717-711) ҳам қайд этган.
Қарзни бекор қилишнинг асосий сабабларидан бири шундаки, фиръавн ўз ихтиёрида мўл-кўл озиқ-овқат ишлаб чиқаришга ва ҳарбий юришларда қурол ишлатишга қодир бўлган деҳқонни хоҳларди. Шу икки сабабга кўра деҳқонларнинг кредиторлар томонидан экспроприация қилинишининг олдини олиш муҳим эди.
Милоддан аввалги V асрда Қуддус ҳукмдорлари сингари қўшни Оссуриянинг ҳам милоддан аввалги биринчи минг йиллик императорлари қарзни бекор қилиш анъанасини қабул қилганлар: милоддан аввалги 432 йилда Нехимиё, шубҳасиз, эски Мессопотамия анъанаси таъсирида, қарзни бекор қилишни эълон қилди. Бу Таврот тугатилган пайтга тўғри келади. Умумий қарзни бекор қилиш анъанаси яҳудий динининг ва биринчи насроний матнларининг ажралмас қисми бўлиб, Қонунлар китоби орқали ҳар етти йилда қарзни бекор қилиш мажбуриятини юклайди.
Ҳозирги кунда қарзни тўламаслик аҳмоқона тамойил сифатида қабул қилинади. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари, марказий банклар, ХВЖ (Халқаро Валюта Жамғармаси) ва оммавий ахборот воситалари буни муқаррар ва мажбурий деб кўрсатмоқдалар. Мумкин бўлган ягона мунозара қарздор давлатнинг мажбуриятларини бажариш учун етарли бюджет ресурсларидан фойдаланишда қурбонлик юкини қандай тақсимлашга қаратилган. Қарз олган ҳукуматлар демократик тарзда сайланган, демак, уларнинг ҳаракатлари қонунийдир.
Қарз тўланиши керак.
- Биз кредиторларнинг тутун пардасини ёриб, тарихий ҳақиқатни қайта тиклашимиз керак. Умумий қарзни бекор қилиш тарих давомида бир неча бор кучга кирган. Ушбу бекор қилишлар турли контекстларга мос келади. Юқорида айтиб ўтилган ҳолларда, жамият тинчлигини таъминлаш билан бир вақтда ҳукмдорлар ташаббуси билан умумий қарзни бекор қилиш эълон қилинган. Баъзи ҳолларда бекор қилиш иқтисодий инқироз ва тенгсизликнинг кучайиши, ижтимоий курашлар натижасида юзага келган. Қадимги Юнонистон ва Римда ҳам шундай бўлган. Тарихан гапирадиган бўлсак, қарз ҳар доим ижтимоий ва сиёсий ғалаёнларда катта роль ўйнаган.
Эрик Туссен – франциялик тарихчи ва сиёсатшунос олим.