Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайнни жабрланувчи сифатида тасаввур этувчилар ҳам оз эмас. Қуйида унинг Курдистонда тинч аҳолига нисбатан кимёвий қурол қўллаганлиги воқеасини ҳикоя қиламиз.
Ироқнинг тоғли ҳудудларида истиқомат қилувчи курдларни бўйсундириш Саддам Ҳусайнга осон бўлмади. Бўйин эгмас тоғликлар мустақил Курдистон давлатини барпо қилмоқчи эдилар, лекин бу уларга жуда қимматга тушди.
Ироқ армияси замонавий техника ва қуроллар билан таъминланган, сон жиҳатдан дунёда бешинчи ўринда турарди. Ўз қудратига ишониб, инқилобдан сўнг кучсизланган Эронга ҳужум қилган Ироқ форсларнинг бу қадар қаттиқ қаршилигини кутмаган эди. Имом Оятилло Ҳумайний раҳбарлигидаги форслар армияси саккиз йиллик урушнинг сўнгги йилларида арабларни ортга суриб ташлади. 1988 йилнинг март ойида эса Эрон қўшини курд партизанлари кўмагида Халабжа шаҳрини эгаллаганлари тўғрисидаги хабарни дала командирлари Саддам Ҳусайнга етказишади. Бу шаҳар Ироқнинг ўта муҳим гидроэлектр станцияси ёнида жойлашган эди. Шаҳарда курд партизанлари борлиги Саддамга кимёвий қуролни қўллаш учун асос бўлди, Эрон қўшинлари эса шаҳар олингач бир неча соатдан сўнг чиқиб кетган эдилар.
... Фронт чизиғида яшовчи аҳоли снарядлар портлашию, бомбалар, кўкка ўрловчи тутунларга ўрганиб қолишган эди. Лекин бу сафар ундай бўлмади, осмондан кўк резервуарларда заҳарли газ тушар, ҳавода эса сасиган пиёз ва саримсоқнинг ҳидини эслатувчи бадбўй сузиб юрарди. Шаҳарга табун, цианид ва иприт гази сепилган эди. Сариқ, кулранг туман кўчаларни эгаллади. Аҳоли ақлдан озгандай кўчаларда югурар, терилари кўз ўнгларида кўчиб тушарди. Заҳарли газ кўзни ачиштирар, қаттиқ оғриқ пайдо бўлиб сўнг одамлар тўхтовсиз аксирар ва қайт қила бошлардилар. Одамларнинг баданида қўрқинчли шишлар пайдо бўларди. Ўша фожиали кунда Халабжа шаҳарчасида тўрт минг аҳоли ҳалок бўлди, эркаклар, аёллар, қариялар, болалар... Фақатгина шаҳардан четда ишлайдиганлар тасодиф туфайли тирик қолдилар.
Бу қўрқинчли куннинг жабрланувчиларини кўрган турк врачи ҳикоя қилади: “...жабр кўрганлар орасида ёшу қарини кўрдим, лекин бирорта аскарни кўрмадим, бу кўргилик бошига тушган энг ёш мижозим тўрт ойлик чақалоқ эди. Уларнинг айби нима, деган саволга ҳануз жавоб тополмайман...”
Табиийки Ироқ буни жаҳон оммасидан яширишга уринди. Мухбирлар суратга олган минглаб қурбонлар расмини ўзаро икки томоннинг артиллерия отишмалари оқибати деб изоҳлади.
Воқеа жойида бўлиб қайтган БМТ вакили ҳикоя қилади: “жасадлар кўчаларда, эшиклар олдида қалашиб ётарди. Одамлар ертўлаларга қочиб яширинишга беҳуда уринган, кўчалар эса шишиб кетган уй ҳайвонларининг ўлиги билан тўла эди”.
Газ ҳужумидан тирик қолганларнинг ўттизга яқини Европага даволаниш учун жўнатилди, уларнинг организмини текширган шифокорлар қўлланган заҳарли моддалар таркибини аниқлаб беришди. Ҳатто урушда душман томонга қўллаш таъқиқланган заҳарли кимёвий моддаларни ўз халқига қарши қўллаган Ироқ давлатининг жиноятидан афкор омма ларзага тушди.
Дипломатларнинг ва жаҳон оммасининг кескин қоралашларига қарамасдан Саддам Ҳусайн ўз билганидан қолмади. 1988 йилнинг августида иккала томонни ҳам бениҳоя тинкасини қуритган ва мутлақо фойда келтирмаган Эрон-Ироқ уруши якунига етди. Уруш тугаши биланоқ Саддам Ҳусайн қолган заҳрини курдларнинг Бутия ва яна иккита қишлоғига сочди. Ҳаводан берилган газ ҳужуми кўплаб қурбонлар келтирди, тирик қолганлар эса терилари куйиб мажруҳ бўлиб қолдилар. Ваҳимага тушган юз минг курд Туркия чегарасидан кесиб ўтди. Улар антисанитария шароитида палаткаларда касал, ҳолсиз аҳволда турардилар. Курд лидерларидан Массад Барзоний Ироқ ҳукуматига босим ўтказиш илтимоси билан БМТга мурожаат қилди. АҚШ, ниҳоят, Яқин Шарқдаги ҳамкори ўз фуқаросини қирувчи жиноятчига айланганини англаб, Ироққа нисбатан позициясини ўзгартирди.
манба: hujjatlar.blogspot.com