Кушербаев Намангандаги воқеага муносабат билдирди - Мен ҳамма нарсага «қарши», «ёмон» депутатман

Кушербаев Намангандаги воқеага муносабат билдирди - Мен ҳамма нарсага «қарши», «ёмон» депутатман

2020 йил 15 апрель куни Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Т.М. Наманган шаҳрига киришда «Қизилкўприк» постида ИИБ ходимлари билан тортишиб қолади ва вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори, сафдор Ҳусанбой Зиёвиддиновнинг погони ва хизмат кўкрак нишонини юлиб олиб, улоқтириб юборган.

Ушбу ҳолат бўйича 2020 йил 16 апрель куни Наманган шаҳар прокуратураси томонидан тергов иши очилди.

Бугун, 18 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Беш дақиқалик видеода камида 13 марта «депутат» сўзи тилга олинибди», - дейди депутат.

Расул Кушербаев Ички ишлар тарғибот йўналишида фуқароларни ҳуқуқбузарлигига қараб эмас,  эгаллаган мансаб ва даражасига қараб ёритишини танқид қилади.

«Ўйлашимча, яқин вақтларда “босар тусарини билмайдиган «тадбиркор», «прокурор», «ҳоким», «солиқчи», «милиция» каби видеолар ҳам чиқса керак, агар тенглик ва ажратиш бўлмаса, албатта. Чунки ҳамма ҳам одам, хато қилиши мумкин», - дейди Кушербаев.

Шу билан бирга, депутат водийлик депутатнинг қилмишларини оқламаслигини, «хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходимларига нисбатан бундай муносабатни тоқат қилиб бўлмас ҳолат» деб билишини ёзади.

"Видеода ИИВ масъуллари қонунларни тилга олиб депутатлар ҳам унга риоя этиши кераклигини қайта-қайта эслатибди. Бўларкану мана, бунинг учун уларга катта раҳмат ва фурсатдан фойдаланиб мен ҳам ички ишлар масъулларидан бир нарсани эслатиб, сўрамоқчи эдим. 

Гап шундаки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш асослари келтириб ўтилган бўлиб, унда ушбу кодекснинг 54-моддаси талаблари, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш келтирилмаган.

Бундан келиб чиқадики, жойларда карантинга риоя этмаганлик сабабидан автомобилларни жарима майдонларига тиқиб қўйиш ноқонунийдир. У ерда турган ҳар бир кун учун тўлов ҳам бор. Негадир бунга кўз юмишга ҳаракат қилинаяпти. Кодекс бу – қонун. Қарор, топшириқ, буйруқлар қонундан устунмас.

ИИВ юқорида эслатиб ўтгандек, энди мен ҳам қонунга кўра, депутат сифатида бундай қонунбузилишига чек қўйишни талаб қилиб чиқсам, менинг қонуний талабим ё карантин тадбирига қарши тарғибот, сиёсатга қаршилик, «популизм» деган гаплар билан байроқ қилинади. Шундай бўхтонлар билан мендан душман ясаб раҳбарларга кириб ёмонланади: мен ҳамма нарсага қарши, тушунмайдиган, ёмон депутатман. Шундай эмасми?

Йўқ, энди депутат сифатида менам талаб қилдим, қонунга барча бўйсунсин! Зеро, ички ишлар ходимининг ҳам депутатнинг ҳам қонуний талабларига буйсунмаслик жавобгарликка сабаб бўлади ва фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келади.

Қани бўлмасам ё қонун талабига бўйсуниб, ноқонуний ҳаракат қилишга чек қўяйлик ёки нохолис, «популист», ўқимаган, ёмон депутат, деб мендан «фил» ясайлик. 

Аслида шундай кунларда оғирроқ бўлайлик, «тош от, тош от» қилмайлик деб юргандим. Адашибман шекилли, лекин ҳалиям шу – оғирроқ бўлайлик.

Талабим натижасини кутаман", - дейди Расул Кушербаев.