Квотадан воз кечиш – контракт нархини туширишнинг мақбул йўли эмасми?

Квотадан воз кечиш – контракт нархини туширишнинг мақбул йўли эмасми?

Тест натижаларига кўра олий ўқув юртига қабул қилинган ёшлар ва уларнинг ота-оналари қувончдан сармаст эканликлари табиий. Аммо талабага айланганлар ичра тўлов-шартнома асосида қабул қилинганлар давлат бюджети ҳисобидан ўқийдиганлардан кўра анча кўп. Олий таълимга ўринлар оширилганига қарамай бюджет ўринлари ҳамон чекланган.

Биз контракт пулларини баланд қўйиб, ёш авлоднинг ўқиши учун қийинчилик туғдирсак, талаба ота-онасининг пулига бир амаллаб ўқишни битириб олар. Аммо, унинг ўқишига кетган пуллар кимнинг насибасидан кесилади? Вояга етмаган укаларининг... Ҳамма ҳам бирдек топарман-тутарман эмас. Бор-будини сотиб, олий таълим олишга интилган фарзанди учун берган ота-она норасидаларига нима едириб, нима ичиради?

Нега бугун ҳукумат, тегишли вазирлик ва идоралар бу масала билан қизиқмайди? Нега, одамларнинг, айниқса, ёшларнинг овозига қулоқ солмайди? Талабадан олинаётган пуллар харажатининг очиқлиги, шаффофлиги, ҳисобдорлиги нега таъминланмайди? Вақт ўтяпти. Одамлар интизорлик билан контракт тўловлари енгиллашишини кутяпти. Аммо, натижадан дарак йўқ...

Контракт масаласи нафақат илк бор талаба бўлганлар, балки барча босқичдагиларни ўйлантиради. Шу ойнинг 15 сентябрига қадар шартнома пулини тўлаш зарурати, акс ҳолда талабалар сафидан чиқарилиш эҳтимоли талаба аҳли ва уларнинг оилалари учун оғриқли масалалигича қолаверади.

Куни кеча Ўзбекистон ОТМларининг 2021/2022-ўқув йили учун тўлов-контракт пули миқдорлари белгиланди. Тўлов миқдори таълим соҳаси ва йўналишларига қараб фарқланади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам микдори – ойига 822 000 сўм бўлса, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб базавий стипендия микдори ойига 517 880 сўмни ташкил қиляпти.

Маълумки, талабаларга стипендия олмаган тақдирда контракт нархининг тушириш имконияти берилган. Бу ҳам уларга яратилган бир қулайлик, албатта. Ўрта ҳисобда бакалаврлар учун контрактнинг стипендияли тўлов микдори 2020-2021 ўқув йили учун 13 306 000 сўм (мисол учун, жаҳон сиёсати йўналиши – 16 023 820, санъат – 13 985 830, транспорт – 12 627 170); стипендиясиз тўлов миқдори 7 771 270 сўм (мисол учун, ҳуқуқ йўналиши – 9 809 260, архитектура ва қурилиш – 7 091 940, гуманитар фанлар – 6 412 610)ни ташкил этади.

         Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати хабарида “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 6-сон баёни билан пандемия шароитида республика аҳолисининг тўлов қобилияти пасайганлигини ҳисобга олиб, фарзанди тўлов-контракт асосида ўқийдиган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, истисно тариқасида, 2021/2022-ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича битта талабани тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қиймати миқдорлари тасдиқланди” деб таъкидланган.

Аммо, кўриб турганингиздек, камайтирилиб белгиланган сумма ҳам озмунча миқдор эмас. Айниқса камҳарж хонадонлар, эҳтиёжманд инсонлар, ёлғиз оналар, фақат эркак киши ишлайдиган оилалар учун бир йилда шунча пулни топиш осон эмас. Талаба бўлгач контракт пулини тўлолмасдан олий ўқув юртидан ҳужжатини қайтиб олаётганлар кўзидаги тирқираб оқаётган ёшчи? Ҳа, айрим ёшлар молиявий муаммо сабаб илм олиш имкониятидан мосуво бўлади. Ёки кимдир шартнома пули учун уч-тўрт сўм топаман деб ўзини ишга уради (танлаган ва таълим олаётган соҳаси бўйича меҳнат бўлса майли эди, яхшироқ даромадни кўзлаб қора ишларни қилишга мажбур бўлади), бу эса тўлақонли ҳамда сифатли таълим олишига путур етказади.

Контракт нархини туширишга таклиф беришдан аввал у нималарга асосан белгиланишини кўриб чиқиш лозим. Ўрнатилган тартибларга кўра, контракт суммаси 2 асосий омил – олий таълим муассасасининг моддий-техник базаси харажатлари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларига  йўналтирилади.

Олий таълим муассасасининг моддий-техник базаси харажатлари деярли ўзгаришсиз, яъни: иситиш, таъмирлаш, тозалаш, қўриқлаш, ободонлаштириш 100 талабага ҳам, 300 талабага ҳам бир. Фақат электр таъминоти қишда ёритиш ва жазирама ёз даврида кондиционер ишлатишда ортиши мумкин. Гуруҳлар сонидан келиб чиқиб эса профессор-ўқитувчиларнинг штатини ва дарслар учун “ставка”ларини ошириш лозим бўлади.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, олий таълимдан квоталар йўқотилса, яъни, паст балл тўплаганлар ҳам тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинсалар, юқоридаги харажатларни кўтарувчи манбалар ортади ва контракт нархи ўз-ўзидан пасаяди. Оддий қилиб айтганда, аудиторияларда ўқиш учун яратиладиган шароитлар учун харажатлар деярли ўзгармаган ҳолда, бирор фандан дарс берувчи профессорнинг ёки ўқитувчининг дарс бергани учун маоши талабалар гуруҳларининг сони ортишига қараб ўзгаради (ортади). Бу харажатлар умумлаштирилиб контракт тўловининг миқдори аниқланади ва бу миқдор, табиийки, гуруҳлар сони ортишига қараб камайиб боради.

Хуллас, бу муаммонинг ечими бор. Бунинг учун, квоталарни олиб ташлаш ва келгусида олий таълим муассасасига киришни енгил ва уни битиришни яхши ва аъло баҳолар билан ўқишига боғлаш керак. Шунда ўқишга кирган талаба ўз устида ишлайди, курсдан курсга ўтолмай қолиб кетмаслик учун ҳаракат қилади ва яхши ўқимаса диплом ололмаслигин ҳис қилиб, ўқишга масъулият билан ёндашади.

Яна бир масала. Олий таълим муассасаларининг кундузги таълим шаклида таҳсил олиб (бакалавриат ва магистратура), 2021 йил 1 ноябрга қадар коронавирус инфекциясига қарши эмланган (вакцина олган) талабаларга 2021/2022-ўқув йили учун белгиланган стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига 10 фоиз чегирма берилиши белгиланди.  Бу кўплаб талабалар томонидан илиқ қарши олиниб, уларни соғлиқларига эътиборли бўлишга ҳам ундади. Лекин ҳамон Олий таълим вазирлиги бу бўйича бирор ҳужжат қабул қилиб, масалани муфассал аниқлаштирганича йўқ. Аниқ маълумотлар ким томонидан ва қачон берилиши хақида ҳам сукунат ҳукм сурмоқда.

Мавзуга доир саволлар кўп. Масалан, вакцина чегирмаси фақат контрактга тегишлими ёки супер-контрактга ҳамми? Илк босқичда эмланганлик ҳақида маълумотнома ҳам чегирмадан фойдаланишга асос бўладими ёки бу фақат тўлиқ эмланиб сертификатни қўлга киритганларга тааллуқлими? Тўловларни бўлиб тўлаш имконияти яратилган экан, чегирма тўловлар орасида тенг тақсимландими ёки бирор тўлов даврида чегирманинг бутун миқдоридан фойдаланса бўладими?

Албатта, долзарб масалалар пишиқ-пуҳта чора-тадбирларга эга бўлиши шарт. Ва ҳукумат бу муаммонинг ечимини тезда топиши лозим. Ўшандагина таълим тўловлари адолатдан бўлади.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси