Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Лавозимини кўтариш орқали ишдан четлатишди”. Россиянинг бўлажак бош прокурори Игор Краснов ҳақида нималар маълум?
21.01.2020 12:35,  
1450

Юрий Чайка 13,5 йиллик фаолиятидан кейин Россия бош прокурори лавозимидан озод қилинди. Энди ушбу идорага президент Владимир Путиннинг таклифига мувофиқ Тергов қўмитаси раҳбарининг ўринбосари Игор Краснов бошчилик қилади

44 ёшли Игор Краснов 1997 йили терговчи сифатида иш бошлаган. Унинг дастлабки шов-шувли иши 2005 йили президент маъмуриятининг собиқ раҳбари, ўша пайтда бизнес билан шуғулланаётган Анатолий Чубайсга қарши уюштирилган суиқасдни тергов қилиш бўлган. Бу иш бўйича айбланган Мудофаа вазирлигининг ташқи разведкага масъул Бош штаб бош бошқармасининг (собиқ СССР давридаги Бош разведка бошқармаси – ГРУ) истеъфодаги полковниги Владимир Квачковни суд икки марта, 2008 ва 2010 йилда оқлади. 

2000 йиллар ўрталарида Краснов бир қатор рус миллатчиларига қарши шов-шувли ишларни тергов қилиши ортидан тилга тушди. У БОРН (Рус миллатчиларининг жанговар ташкилоти) гуруҳи фаолияти ва улар томонидан ўлдирилган адвокат Станислав Маркелов ҳамда журналист Анастасия Бабурова ишларини олиб борди. Ушбу қотилликлар ижрочиси Никита Тихонов ва ташкилот тузувчиси Иля Горячев умрбод қамоққа ҳукм қилинди, уларнинг ҳамкори Евгения Тихонова Хасис эса 18 йилга қамалди. 

“Яхши изқувар ва профессионал”

Россия Тергов Қўмитасининг энг машҳур терговчисига айланган Краснов 2011 йили II даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” орденини, 2012 йилда эса адлия генерал-майори унвонини олди. “Неонацистлардан жабр кўрганлар иши билан шуғулланган адвокатларимиз Краснов билан бир неча бор тўқнаш келишган. У бу каби ишларга бошчилик қилаётган гуруҳ раҳбари сифатида яхши ва профессионал кадр сифатида таассурот қолдирган. Ишонч билан тасдиқлаш мумкинки, 10 йил олдин Москвани ўнлаб қотилликларга масъул бўлган, қуролланган неонацистлардан тозалашда асосий ишни Краснов қилганди”, дейди “Агора” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Павел Чиков. 

Краснов 2014 йил сентябрдан 2015 йил март ойигача “Восточний” космодроми қурилишига ажратилган пул маблағларининг талон-тарож қилиниши бўйича тергов олиб борган. 

2015 йили Краснов мухолифат етакчиси Борис Немцовнинг сиёсий қотиллиги юзасидан терговга бошчилик қилди. Изқуварлар қотилнинг изини топди. Аммо Краснов терговни охиригача муваффақиятли олиб боролмади. Натижада жиноятга бевосита алоқаси бўлмаган кишиларга ҳукм ўқилиши билан иш ёпилди. 2017 йил июлда Москва ҳарбий округ суди Заур Дадаевни 20 йил, Анзор Губашевни 19 йил, Шадид Губашевни 16 йил, Темирлан Эскирхановни 14 йил, Ҳамзат Бахаевни 11 йилга озодликдан маҳрум қилди. Шу билан бирга терговчилар сиёсатчининг ўлимига ким буюртма берганини аниқлай олишмади, гумонланувчилардан бири бўлган Руслан Геремеевни қўлга олишга ҳам, сўроқ қилишга ҳам имкон бўлмади. 

“2015 йили терговчилар Геремеевга қарши энг камида икки марта айблов эълон қилишга тайёрланди, аммо ҳар сафар бу қарор Россия Тергов Қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин томонидан тўхтатиб қўйилди”, деганди ўлдирилган сиёсатчи ва унинг қизи Жаннанинг адвокати бўлган Вадим Прохоров. Унинг сўзларига кўра, “Краснов – яхши изқувар ва профессионал. У қотилликни тергов қилиш билан фаол шуғулланган”. Аммо кейинроқ “уни лавозимини ошириш орқали ишдан четлатишди”. 2015 йил майда Краснов алоҳида муҳим ишлар бўйича тузилган бошқармага бошлиқ бўлди. Немцовнинг ишини тергов қилаётган гуруҳни эса бошқа бир терговчи – Николай Тутевич бошқара бошлади.

2016 йил 30 апрелда Игор Краснов Тергов қўмитасининг раҳбари Александр Бастрикиннинг ўринбосари этиб тайинланди, бир йил ўтиб эса адлия генерал-лейтенанти бўлди. 

“Бу шармандалик ва унинг ўзи буни яхши тушунади”

Тергов қўмитаси сайтининг “Мақола ва чиқишлар” бўлимидаги Красновнинг саҳифасида унинг 2019 йил ва 2020 йил бошида “Коммерсант” газетасида чиққан интервюси берилган. Биринчи суҳбатда у Россия Тергов Қўмитаси вакилларининг Суриядаги фаолияти ҳақида батафсил гапирган, Немцовнинг қотиллигини тергов қилиш бўйича эса “Ҳар бир хонтахта танқидчиси жиноятни суриштиришни исталган терговчидан яхши билади”, деб киноя қилган. 

2020 йил январдаги интервюсида Бастрикиннинг ўринбосари кўпроқ коррупцияга қарши кураш ҳақида гапирди, аммо шов-шовли тергов ишлари ҳақида аниқ гап айтмади. Масалан, Марказий Африка Республикасида ўлдирилган журналистлар – Ўрхон Жамол, Александр Расторгуев ва Кирилл Радченко ҳақида Краснов: “Ҳужум ҳолати ўрганилганида қотиллик МАР ёки унга қўшни давлатлар фуқаролари томонидан, талончилик мақсадида содир этилгани аниқланди”, деди. 

Михаил Ходорковский жамоаси ўтказган суриштирув расмий тергов натижаларини бутунлай инкор этган. (Журналистлар Африкага айнан Михаил Ходорковскийнинг “Суриштирувларни бошқариш маркази” лойиҳаси учун “Вагнер” гуруҳининг ёлланма аскарлари ҳақида ҳужжатли филм олиш учун борганди.) Ҳалок бўлган журналистларнинг қариндошлари ҳам расмий тергов натижаларига ишонмасликларини айтиб баёнот беришган. “Красновнинг Марказий Африка Республикасидаги қотиллик бўйича изоҳи бу – шармандалик ва унинг ўзи буни яхши тушунади”, дейди адвокат Вадим Прохоров.

Узоқ вақт давомида Игор Краснов Александр Бастрикин ўрнига Россия Тергов Қўмитасининг бошлиғи бўлиши ҳақида айтиб келинганди. Аммо энди у Бош прокуратурага раҳбарлик қилиши маълум бўлди.        

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан