Ливанда ватсап солиғига қарши норозилик аксилҳукумат намойишларига айланиб кетди

Ливанда ватсап солиғига қарши норозилик аксилҳукумат намойишларига айланиб кетди

Ливанда солиқларнинг оширилиши ва амалдорларнинг порахўрлигига қарши норозилик намойишлари давом этмоқда. ВВС хабарига кўра, пойтахт Байрутдаги ҳукумат биноси олдида йиғилганлар мамлакатдаги сиёсий тизимнинг буткул ўзгартирилишини талаб қилган.

Норозилик намойишлари ва тўполонлардан кейин Байрут кўчалари жанг майдонига ўхшаб қолган: ойналар синдирилган, чиқинди қутилари ағдариб ташланган, шиналар ёқилган. Аксар ресторанлар ва дўконлар ёпиқ.

Нороизилик намойишлари бутун мамлакатга ёйилган. Намойишлар 17 октябрь куни ҳукуматнинг солиқ сиёсатига, хусусан, ватсап ва бошқа мессенжерлар орқали амалга ошириладиган қўнғироқлар учун ойига 6 долларлик тўлов жорий этиш режасига қарши бошланди. Кейинроқ ҳукумат бу режасидан воз кечди, лекин намойишлар тўхтамади.

Ливан дунё бўйича давлат қарзи энг катта бўлган мамлакатлардан биридир – 86 миллиард доллар. Ҳукумат бюджетдаги дефицитни қисқартириш мақсадида янги солиқ жорий этмоқчи.