Лондон метроси ёпиляпти

Лондон метроси ёпиляпти

©️ GETTY IMAGES

Шу кунларда Лондон коронавирус пандемиясининг Британиядаги ўчоғига  айланди. Шунинг учун ҳукумат айнан пойтахтда вирусга қарши курашни кучайтирди.

Бугун, пайшанба куни Лондон метросининг бошқа йўналишга алмашиш амалга оширилмайдиган 40 та бекати ёпиляпти. Эртага, жума кунидан бошлаб эса энг қисқа – 2,5 км масофали Ватерлоо-Сити йўналиши тўлиқ ёпилади. Шунингдек, метронинг тунги иш вақти қисқаряпти, автобуслар сони ҳам камайтириляпти

Барча фуқаролардан жамоат транспортидан фақат энг муҳим эҳтиёжлар учун фойдаланиш сўраляпти. 

Бундан ташқари, чоршанба куни кечқурун Daily Telegraph газетасидан CNN телеканалига қадар бир қатор нашрлар ўз манбаларига таянган ҳолда ҳукумат келаётган дам олиш кунларида пивохоналар, ошхоналар ва бошқа муассасаларни ёпиши ҳамда фуқаролардан уйда ўтиришни талаб қилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилди. 

Times газетасининг ҳукуматдаги манбаси айтишича, “Британия бош вазирининг фуқароларни уйда қолишга чақириғи инкор этилгани” туфайли ушбу чораларга қўл уриляпти. 

Душанба куни Борис Жонсон британияликлардан жамоат жойларига бормасликни сўраган, унинг 79 ёшли отаси Стенли Жонсон эса ўз интервюсида “Агар керак бўлса, мен пивохонага боравераман”, деб айтганди. 

Лондон метроси (London Underground) – Буюк Британия пойтахти Лондондаги метро йўналишлари тизими бўлиб, дунёдаги энг йирик метролардан саналади. Унинг умумий узунлиги 402 км бўлиб, 11 йўналишдаги 270 та бекатдан иборат. Бекатларнинг 45%и ер остида жойлашган.  

Лондон метросидан бир кунда 5 миллион йўловчи фойдаланади, бир йиллик йўлоовчи ташиш сиғими эса 1 миллиард 357 миллион кишини ташкил этади (2018 йилдаги маълумот). 

Ушбу метро дунёдаги энг қадимий ерости транспорт тури бўлиб, унинг биринчи йўли 1863 йил 10 январда Педдингтон ва Феррингдон бекатлари оралиғида очилган. Ўша пайтда поездлар газ билоан юрган. 1890 йилда эса Лондон метроси дунёда биринчилардан бўлиб электрлаштирилган. Иккинчи Жаҳон уруши йилларида метро ўн минглаб қочқинлар учун бомбапаноҳ вазифасини ўтаган.