Лондон метросидаги портлаш учун масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олди

Лондон метросидаги портлаш учун масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олди

ИШИД террорчилик ташкилоти 15 сентябрь куни Лондон метросида содир бўлган портлаш бўйича масъулиятни ўз зиммасига олган. SITE Intelligence Group ташкилотининг ёзишича, бу ҳақда террорчилар назорати остидаги Amaq ахборот агентлиги маълум қилган.

Хабарда айтилишича, портлашни ташкилотнинг «бўлинмаси» амалга оширган. SITE раҳбари Рита Кацнинг таъкидлашича, ИШИД одатда бу каби хабарларда ижрочиларни «аскарлар» дея атайди; унинг фикрича, «бўлинма» сўзининг ишлатилиши террорчилик ҳаракатларини ташкил этилиши координациясини англатиши мумкин.

Портлаш соат 8:20да содир бўлган. Маълум қилинишича, оқ контейнер портлаган. Дастлаб портлаш оқибатида бир неча киши юзидан куйиш жароҳати олгани маълум қилинган, бироқ кейинроқ жабрланувчилар сони 29 кишигача кўпайган. Полиция маълумотларига кўра, кўпчилик жабрланувчилар портлашдан кейинги чақноқдан куйиш жароҳатлари олганлар.

Скотленд-Ярд маълумотларига кўра, портловчи қурилма қўлбола бўлган. Воқеа сабабли метронинг “Эрлс-Корт” станциясидан “Уимблдон” станциясигача бўлган қисми бутун кун давомида ёпиб қўйилган.

Буюк Британия ҳукумати мамлакатда террорчилик хавфи даражасини «жиддий»дан «фавқулодда» ҳолатга қадар кўтарди.