Лондондаги ёнғин қурбонлари сони 79 кишига етди

Лондондаги ёнғин қурбонлари сони 79 кишига етди

Ўтган ҳафтада Буюк Британия пойтахтидаги Grenfell Tower турар-жой биносида содир бўлган мудҳиш ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони ортиб бормоқда. Reuters агентлиги хабар беришича, масъуллар бедарак кетганларни топишдан умидларини узишган.

24 қаватли турар-жой биноси чоршанба куни тунда ёниб кетган эди. Ёнғин жуда ката тезликда бино бўйлаб тарқалган. Бинода жойлашган 130 та хонадонда 600 га яқин аҳоли истиқомат қилган. Пастки қаватдан бошланган ёнғин қисқа вақт ичида юқори қаватларга ўтиши туфайли бинода бўлганларнинг аксарияти ичкарида қамалиб қолган.

Ёнғинга нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Полиция фожиа сабабларини ўрганишга киришган. Ҳодиса вақтида ўт ўчириш ва тез ёрдам хизматларининг тезкорлиги аҳоли томонидан олқишланган эди. Аммо ҳукуматнинг фожиага «шошилмасдан» кўрсатган муносабати ва «нохолислиги» Британия жамоатчилигининг кескин норозилигига сабаб бўлган.

Мамлакат бош вазири Тереза Мэй воқеа жойига илк ташрифи пайтида ёнғин содир бўлган бино аҳли билан учрашмагани одамларни ғазаблантирган. Ҳукумат ёнғин бўйича оммавий тафтиш ўтказиш масаласини кўриб чиқаётгани хабар қилинган.

Полиция ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сонини 79 нафаргача кўпайтирган. Айни пайтда, бедарак кетган деб ҳисобланган кишилар ҳам вафот этганлар қаторида ҳисобланмоқда. Қурбонлар сони бедарак кетганлар тириклиги аниқланган ёхуд вайроналар остидан янги жасадлар топилган тақдирда ўзгариши мумкин.