Лукашенконинг ўз халқидан яширинча ўтказган инаугурация маросими ўғрилар йиғилишига ўхшатилди

Лукашенконинг ўз халқидан яширинча ўтказган инаугурация маросими ўғрилар йиғилишига ўхшатилди

Аввал хабар қилганимиздек, кеча 23 сентябрь куни Александр Лукашенко олдиндан эълон қилинмаган инаугурация маросимини ўтказди ва расман президент лавозимига киришди. Беларус ОАВлари эрталаб бундай имконият ҳақида огоҳлантириб, маросимнинг махфийлигини норозилик намойишларидан қўрқув билан изоҳлади.

Америка овози нашрининг хабар беришича, 23 сентябрда Минскда Александр Лукашенконинг махфий инаугурациясига қарши минглаб фуқаролар намойишга чиққан.

«Салкам 700 киши қатнашган тадбирда Лукашенко беларус тилида янги беш йиллик муддатга қасамёд келтириб, бу кунни «Ғалаба куни» деб атади» - дейилади хабарда.

Германия, Дания, Чехия, Эстония каби кўпгина Европа Иттифоқи давлатлари инаугурацияни тан олмади. Ҳатто Кремль ҳам қасамёд маросими ҳақида ҳеч қандай хабари бўлмаганини маълум қилган. «Бу Беларус ҳукуматининг қарори. Шундай қарорга келинганми, демак шу тўғри деб топилган», - деб айтган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Мухолифат инаугурация маросимини танқид қиларкан, тадбирнинг махфий тарзда ўтганини ўғрилар йиғилишига ўхшатди.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ташкилот Александр Лукашенкони қонуний президент деб тан олмаслигини айтди.