Лукойл Ўзбекистон халқи олдида расман кечирим сўраши шарт

Лукойл Ўзбекистон халқи олдида расман кечирим сўраши шарт

Мен қурилиш-ишлаб чиқариш ташкилотида бошлиқ бўлиб ишлаганман. Объектларда турли хил кўнгилсиз вазиятлар бўлар эди. Ишчи ходимлар, бригадир ва прорабларни койир, шу боис мукофот тўловидан маҳрум қилиниб, ишдан бўшатишгача борганман. Аммо ҳеч қачон инсон нафсониятига тегадиган гапни гапиришга йўл қўймаганман.

Нефтгаз соҳасида ҳам ишладим. У ердаги хавфсизликка оид жиддий ҳолатлар бўлишидан хабарим бор, муаммоларни ҳал қилиш учун фақат тизимли иш олиб борсагина назоратни ушлаб туриш мумкинлигини биламан. Ундан ташқари мен ўз вақтида Лукойлни илғор технолгияларга эгалигини эътироф қилиб, Ўзбекистон учун керакли компаниялардан эканлигини айтган эдим. Шунинг учун бу ҳақда ўз фикримни очиқ айта оламан.

Жамиятимиз билан эса хулосаларим билан бўлишмоқчиман. Бундай хулқ сизга баъзи ҳоким ва бошлиқларнинг атворини эслатмадими? Бу балонинг илдизи бир: совет-болшевикларча маъмурий буйруқбоз ва зўравонлик тизими онгларда халигача ҳукмрон. Моддий рағбатлантириш бўлмаганда ва ғоя билан етаклаш кучини йўқотган вақтда инсонни фақат қул эканини миясига сингдириб ишлата олиш мумкин. Атайин камчиликлар содир бўлишига йўл қўйилиб, инсон тинмай онасидан, миллатидан, келиб чиқишидан ҳақорат қилаверади, айб комплекси орқали унинг шахсияти синдирилади.

Бизга янгича бошқарув услуби керак. Янги нарса ихтиро қилмай, ғарб корпоратив маданияти ва муомала стандартларини зудлик билан жорий қилиш керак. Буни таклиф қила олмайдиган халқаро ҳамкорлар бизга керакмас. Россияда кўп корпорациялар ўзларида ғарбий услубни жорий эта олишган, аммо нега Ўзбекистонга келиб советча услубга йўл қайтиляпти?

Ривожланган маърифатли мамлакатларда маълум миллат ёки ирқ вакилини ҳақоратлашга нисбат бериладиган маълум сўзлар истеъмоли устидан назорат олиб борилади. Булар сабзовот, мева, ҳайвон номлари, «н» харфдан бошланадиган сўз ва ҳоказолар. Бирон миллат ва элатга таалуқли шундай сўзлар ишлатилиб қолса катта жанжаллар бошланади, ҳуқуқий баҳо берилади ва расмий узр сўраш талаб қилинади. Шунинг учун бу мамлакатларда корпоратив мултимаданият одоб ахлоқ нормаларига жиддий аҳамият берилади.

Лукойлда ишловчи ўзбекистонлик ишчиларни ҳақорат қилган ходимга нисбатан расмий чора кўрилиши ва Лукойлнинг ўзи Ўзбекистон халқи олдида расмий баёнот билан кечирим сўрашини талаб қиламан.

Ҳа, айтганча. Ўша оқ каскали зўравонга айтиб қўйиш керак. Қишлоқда туғилмаган бўлмасам ҳам бундай вазиятда мен ҳам қишлоқданман ва бу билан фахрланаман.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.