«Маънавият» бизга ҳеч нарса бермади. Бизга янги қадриятлар керак

«Маънавият» бизга ҳеч нарса бермади. Бизга янги қадриятлар керак

Никита Макаренконинг «маънавият» ҳақидаги мақоласи сўнгги вақтларда интернетнинг ўзбек сегментида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бирига айланди. Бу мақола ва «маънавият» атрофида жуда кўп фикр-мулоҳазалар билдирилди. Умумий олиб қараганда мунозаралар одамлар, айниқса ёшлар «маънавият» сўзининг маъносини мутлақо билмаслиги ёки ундан кўнгил айнир даражада безиб кетганини кўрсатди.

Бўлар иш бўлди, мақола баҳона маънавиятимиз, савиямиз, ахлоқимизга баҳо бердик, ҳиссиётларга берилдик, ичимиздагиларни тўкиб-сочдик. Хўш, энди нима бўлади? Маънавият, одоб-ахлоқ баҳонасида шаҳар ва туманлардаги тунги ҳаёт тўхтатилиб, халқ «комендантлик соати» режимида яшашда давом этаверадими ёки эркинлик берилиб, иқтисодиётнинг ривожланиши, одамларнинг куннинг истаган вақтида ўзгалар ҳуқуқларига дахл қилмаган ҳолда кўнгил ёзишлари учун шароитлар яратиладими? Бундан буёғига маънавият, миллий менталитет, қадриятлар, одоб-ахлоқ каби тушунчаларни халқ, биринчи навбатда ёшлар онгига қандай сингдириш мумкин? Умуман, бунинг иложи борми? Жамиятни бир қолипга солиш, ягона ғоя атрофида бирлаштиришнинг имкони борми?

Бугунги аҳволимиз барчамизга аён, унга шу вақтгача панжа ортидан қараб келганимиз, муаммоларни инкор қилиб, хаспўшлаганимиз, сохта ва пуч ғоялар билан фақатгина ўзимизни алдаб келганимиз етади. Энди бизга янги қадриятлар керак. Мен бутунлай янги қадриятларни шакллантиришимиз керак, демоқчи эмасман. Балки унутилган, ўзгартирилган, улоқтириб юборилган ва ўз вақтида янгиланмай қолган қадриятларни жонлантириш, бугунги кунга мослаштириш, бойитиш ва модернизация қилиш керак.

Биринчи навбатда жамиятда қонун устуворлиги таъминланиши шарт. Қонунлар эса умумбашарий, кўп миллатли, очиқ ва эркин жамиятга мос бўлиши лозим. Одамлар бугун қонун устун эканига ишонмайди, жуда кўплаб масалаларда қонуний тартиб-қоидалар ишлаб чиқилмаган ёки такомиллаштирилмаган. Оддий мисол. Яқинда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев одамларнинг шикоятидан безор бўлиб шикоят қилди: «Тошкент йўлларини кундузи асфальт қилсак норози бўлиб кечаси таъмирланг дейишади. Кечаси таъмирлатсак, уйқу бермаяпсизлар кундуз куни қилинг дейишади. Одамларга ўзи нима ёқади? Бу кўчани таъмирлатсак, бизникини таъмирлашмади, бойлар яшайдиган кўчани тузатишди дейишади. Бошқа кўчани қилсак, яна бошқа кўчалардагилар маломат қилишади. Нима қилиш керак?»

Бу вазиятда ҳамма қонун-қоидаларга асосланган қўлланма асосида ҳаракат қилиши керак. Одамлар ҳам, ҳукумат ҳам ўз ҳуқуқлари чегарасини билиши, уни бузганлар эса қонун доирасида жавобгарликка тортилиши, ҳамма ўз ишини қилиши керак. Ўзбекчилик, юз-кўз, андиша каби иллатлардан воз кечиб, қонун бўйича кундузи ишлаш керак бўлса кундузи, кечаси бўлса кечаси ишланиши лозим. Қўлланмани эса ўз соҳасининг мутахассислари — қонуншунослар, шаҳарсозлар, урбанизация экспертлари ишлаб чиқсин.

Одамларнинг кўз ўнгида қонун бузилиб, айбдорлар жазосиз қолишидан зарарли ҳолат бўлмайди. Нормал жамиятларда очиқчасига қонунбузарликлар содир этилса, айбдор ким бўлишидан қатъи назар жазоланади. Бизда эса шу вақтгача миллиардлаб сўмлик мол-мулклар, маблағларни талон-тарож қилиб, ҳали ҳам эркинликда юрганлар ёки қамалса ҳам бир-икки йилдан сўнг озодликка чиқиб, йиққан-терганларини еб, етмаганидек яна ўша раҳбар лавозимларга тайинланган ва аввалги ишларини давом эттириб юрганлар етарлича топилади. Бундай ҳолатда одамлар қонун устуворлиги тугул, унинг борлигига ҳам ишонмайди, ёшлар эса лавозим-мансаб текканида имкон борича фойдалан, қўлга тушсанг бир қисмини сарфлаб қутулиб қоласан, «зато» кейин мазза қилиб юрасан, деган хаёлга бораверади.

Иккинчидан, одамларнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган чоралар изчил давом эттирилиши ва янада янги босқичга чиқиши лозим. Бунда гуманизмга устувор аҳамият қаратилиши, ўз навбатида аҳолида боқимандалик, дангасалик кайфияти шакллантирилмаслиги лозим. Фуқаролар турмуш даражасини оширишда янги иш ўринларини очиш учун шароитлар яратиш билан бирга, ойлик-маошларни белгилашда реал ойлик харажатларни ҳисобга олиш лозим. Масалан, оила аъзоларининг ўртача сонидан келиб чиқиб бир ойда қилинадиган харажатлар ҳисоб-китоб қилиниши лозим. Бу фақат еб-ичиш эмас, балки кийим-кечак, ўқиш, коммунал тўловлар ва бошқаларни ҳам ўз ичига олади. Хуллас, ўртача ойликлар шундай бўлиши керакки, худди чет элларда бўлгани каби одамлар ойдан-ойга қарзсиз чиқиб, орттира олиши ҳам керак. Бу ойликлар ичига ипотека ва техника кредитларини қоплаш масалалари ҳам кириб кетиши керак.

Ҳозирги ҳолатда эса аксариятимизнинг ўй-хаёлимиз қандай кун кечириш ҳақида бўлиб қолган. Ташвишларимиз шунчалик кўпки, уларнинг асосий қисми қандай қилиб пул етказиш, қандай қилиб сотиб олиш (гап вилла ёки ҳашаматли яхта ҳақида кетаётгани йўқ), қандай қилиб қарзни узишу амаллаб уй ёки машина сотиб олиш ҳақида бўлиб қолган. Ишонинг, бундай ҳолатда биз юксак маънавият, бунёдкор ғоялар, ватанпарварлик, халқпарварлик каби нарсалар ҳақида ўйлай олмаймиз.

Фуқаролар дунёқараши, савиясини оширишда ҳомийлик, меценатлик, волонтёрлик каби ҳаракатларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим. Меценат деб ўз шахсий маблағлари ҳисобидан илм-фан ва санъатни ривожлантириш учун кўнгилли ва беғараз асосда моддий ёрдам берувчи шахсларга айтилади. Бу сўзни Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам йиғилишларда бир неча марта тилга олиб, бой, ўзига тўқ инсонларни меценатлик қилишга даъват этмоқда. «Меценат» атамасини президентнинг куни кеча қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ҳам кўрдим. Унда меценатлар ва ҳомийлар ёрдамини жалб қилишни рағбатлантирадиган самарали ҳуқуқий механизмларнинг йўқлиги тан олинган. Агар меценатлар ва ҳомийлар ёрдами давлат томонидан муносиб рағбатлантирилса, жамиятнинг икки қатлами ўртасидаги алоқалар яхшиланиб, таранглик, асабий кескинлик ҳам юмшашни бошлайди.

Шу билан бирга, мамлакатда волонтёрлик ҳаракатига ҳам катта эътибор қаратилиши, бу ҳаракатга аъзо бўлганлар учун қонуний асосда ўқиш ва ишга киришда (суҳбатлар, ижодий имтиҳонлар, резюмеларда), қайсидир давлат хизматларидан фойдаланишда устунлик берилиши керак.

Ижтимоий ёрдам тизимини адолат ва инсонпарварлик тамойиллари асосида тубдан такомиллаштириш вақти ҳам келди. Бугун кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат томонидан ёрдам кўрсатишда коррупция ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Қолаверса қонуности ҳужжатларида инсонпарварлик тамойилларига риоя этилмаганини кўриш мумкин. Жумладан, кўплаб ҳолатларда ҳақиқатдан ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ойлик маошнинг оила аъзолари сонига нисбатан энг кам иш ҳақидан ортиқ экани, ҳовлиларда ер майдони белгиланган энг кам меъёрлардан ортиқлиги, автотранспорт воситаси ёки бошқа даромад манбалари мавжудлиги каби сабаблар билан моддий ёрдам ажратиш ҳақидаги аризалар рад этилади. Аммо коррупция сабабли баъзи оилалар ҳар томонлама ўзига тўқ бўлса ҳам давлатдан моддий ёрдам олмоқда. Бу ҳолатда, биринчидан моддий ёрдамга муҳтожлик масаласи индивидуал, манзилли ўрганилиши, оиланинг реал даромадлари ва турмуш шароитлари, оилада касаллар, ногиронлар ва қаровга муҳтожлар борлиги каби жиҳатлар ҳам ҳисобга олиниши лозим.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Тошкент вилоятида бир онахон билан боғлиқ ҳодисани сўзлаб берган эди. Онахоннинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари вафот этган, катта ҳовлида бир ўзи истиқомат қилади. Қиш. Дераза ойналари йўқ, қарздорлик сабабли газ ва свет ўчирилган. Депутат маҳалла раисини чақириб, унга моддий ёрдам белгилашни сўраса, ҳовлиси борлиги учун мумкин эмаслигини айтган. Мажлис ўтказиб, баённома расмийлаштириб беринглар, деб моддий таъминот ёздириб, истисно тариқасида (ноқонуний равишда) газ ва светни улатиб кетса, яқинда прокуратура текширув ўтказиб, ноқонуний моддий ёрдам ёзилган деб барча тўланган пулларни қайтаришни талаб қилаётган экан. Худди шунга ўхшаш ҳолат Мирзачўл шаҳрида истиқомат қилувчи уч боланинг онасининг ҳам бошидан ўтганини унинг шахсан ўзи менга сўзлаб берди. Турмуш ўртоғи оламдан ўтган, қўлида эмизикли бола билан ишлай олмайди, маҳаллага ёрдам сўраб борса, сен тўғри келмайсан деб қайтаришган. Онанинг «айби» бир неча йил аввал, турмуш ўртоғи билан тендер орқали уй-жой солиш учун ер майдонини сотиб олган. Бугун ер майдони бўш, унга уй қуриш учун онанинг мутлақо имконияти йўқ. Тез орада белгиланган муддат тугаб, ер майдони давлатга қайтариб олинишидан қўрқиб, уч бола билан идорама-идора югурмоқда.

Учинчидан, таълим сифати ва мазмуни такомиллаштирилиши лозим. Бошланғич ва умумий ўрта таълимнинг асосий мақсади ИНСОНни тарбиялашдан иборат бўлиши керак. Бизнинг таълим эса асосий урғуни академик билимларга қаратган бўлиб, болалар мияси тенгламалар, қоидалар, атамалар, йиллар ва рақамлар билан тўлдирилади. Уларда фикрлаш, хулоса чиқариш, ижодкорлик, яратувчанлик, ўрганиш ва изланиш, қонунга итоаткорлик каби сифатлар шакллантирилиши лозим.

Болаликдан ўзгалар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, жамиятда ўзини тутиш, хатти-ҳаракатлари, гап-сўзларини онгли равишда бошқариш ўргатиб борилиши керак. Шу билан бирга, ҳар бир ўқувчи ҳуқуқ ва эркинликлари чегараларини билиши, бу чегаралар бузилса, қандай оқибатларга олиб бориши, жавобгарликка тортилиши аниқ эканини англаши зарур. Бу қандай амалга оширилади? Менимча, бу ишлар алоҳида дарс ва машғулотлар кўриниши эмас, балки таълим муассасаларида шунга қаратилган муҳитни шакллантириш орқали амалга оширилиши керак. Болалар бир-бири ёки ўқитувчи-тарбиячилар билан муносабат-мулоқот ўрнатишида ўзини ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга ШАХС сифатида кўриши керак. Ҳар бир ноўрин ҳолатда ҳуқуқлар тушунтирилиб, такрор содир этилган тақдирда жавобгар бўлиши айтилиши, бола салбий хулқ-атворини намойиш этишда давом этса, белгиланган тартибда ҳақиқатдан ҳам жавобгар бўлиши лозим.

Санжар Саид, блогер