Маданий мерос объектлари ҳудудида фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сувенирлар сотилади

Маданий мерос объектлари ҳудудида фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сувенирлар сотилади

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ва давлат муҳофазасига олинган ёдгорликлари ҳудудида фақат мамлакатда ишлаб чиқарилган сувенир маҳсулотлари сотилади. Бу  президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда белгилаб қўйилган.

Шунингдек, фармонга мувофиқ 2020 йил 1 январдан:

- туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари миқдорида қоплаб берилади;

- хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар (кино, теле ва видеофильм, клип, мультфильм, анимелар) яратишдаги харажатларининг бир қисми (“rebate”) битта маҳсулот учун 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади;

- Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли бадиий, хроникал ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади;

- тадбиркорлик субъектларининг республика ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) чет эл таомларига ёки алоҳида йўналишга ихтисослаштирилган мавзули овқатланиш шохобчаларини, шунингдек, “караоке” заллари ва туристик қўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми ҳар бир лойиҳа учун 10 миллион сўм миқдорида қопланади.