Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ер остидаги мадраса
5.04.2020 18:28,  
1774

Айтажакларим – зиндонга муҳаббат эмас, ҳурриятга  ишонч рамзи. Чунки тутқунлик ҳур ҳаётда яшамоқ санъатидан дарс берди. Шайтон измидан юриб, қамоққа келган жинояткорлар олами иблиснинг иҳотасидаги ҳудудга ўхшайди. На миршаблар, на озод инсонларнинг тиши ўтадиган, тили англанадиган салтанатда, аслида, иблис эмас, унинг малайлари умр ўтказадилар, имкон топилса, ҳукмфармолик этадилар. Соҳиби иймон инсон учун бу муҳит ер остида қурилган эътиқод мадрасасиси янглиғдир. Чунки ҳеч бир қусурни яширмоқ мумкин бўлмаган бу шайтоний одатлар намойишгоҳида иймон ҳар лаҳза синалади, қалб кўзасига пўртана тушади, жами қуйқалар юзага чиқади, одам боласи ўз табиати билан беаёв тўқнашади.
Бу мадрасада устозинг - Иймонингдир. У тўғри ва собит бўлгани қадар ҳикматдан сабоқлар беради. Дастлаб, жон сақлаш пайида фарёд урасан, қамоқ ўлимгоҳу, худди сен қатлга келтирилгандек. Иймонинг жондан воз кечишни ўргатади: "Жонингни Роббингга топшир, Унинг қўлидан ҳеч ким тортиб ололмайди", - дейди.
Айтганига итоат қилсанг, инидан ерга қулаган жиш полапон жонинг типирчилашдан тўхтайди, хавфдан халос ва ғолиб шердек жимланади.
Кўчада ҳаёт қайнайверади. Бир сенинг йўқлигинг ҳеч нарсани ўзгартирмайди: ҳамма таомланади, ҳожатга боради; обидлар ибодатда; ҳофизлар қироатда; фосидлар фасодида; кимдир қуш қанотида, кимдир оҳу фарёдида; ота-онанг қайғуда, жигарларинг ғамда, бари муваққат; осмон ҳам қуламайди, ер ҳам ёрилмайди.
Бурчаклардан болалигинг кулгуси, отанг қаршисида илк бор туйган қўрқувинг, онангга бебошлигинг ортидан берган озорларинг аралашиб ётади. Оёғинг тагидан илийди: гуноҳ парчалари заминни гиламдек қоплаган, оёғинг қонга беланган. Юриш азобга айланади.
Ўқиганинг сабабли йиғилган тасаввурлар, севганинг боис уйғонган туйғулар бошинг тепасида айланади. Тилингдан чиққан телба-тескари сўзлар, сўкинишлар, ғийбат ва ёлғонлар тоғ тошмдек думалаб сен томон келади. Ҳар бири ўзингдек. Қочасан. Тиззанггача қон кечиб қочасан. Тошлар етиб олади, сени эзиб устингдан ўтади. Оғриқдан додлагинг келади, аммо овозинг йўқ, юмаман десанг, кўзинг йўқ.
Буларнинг ҳаммаси Иймоннинг идрокка ҳадясидир. Зотан, қамалиш - тириклайин ўлишдир, иблис машшотасини куйдириб, ҳақиқатларга назар солишдир.
Ер остидаги мадраса мударриси туйғуларинг матосидан битталаб толаларни олиб ўзингга тутади: мана бу ип ҳавойилигинг, мана буниси ўзингга айтган олқишларинг, бу - одамларга ёқиш илинжинг, бу - бошқалардан афзалликка даъвойинг, бу - ўзингни кўз-кўзлаш истаги, бу - ўзингни кўз-кўзлаб топган лаззатинг, бу - одамлар мақтовига ўчлигинг ва у туғдирган ҳузур,
бу - ҳасад, бу - танбаллигинг...
Бошинг айланиб кетади: "Бу матони қаердан олдингиз?" 
"Танимаяпсанми - кийиб юрган либосинг-ку бу".
Сапчиб ўрнингдан турасан.
"Устоз, сенда гугурт борми?"
Муаллиминг гугурт беради. Чақасан, мато эса ёнмайди. Яна уринасан. Яна... Мато куймайди ҳам.
"Нега ёнмаяпти! Менга бу либос керакмас!"
Мударрисинг айтади:
"Бу матони куйдириш учун кўп риёзат чекасан..."
Агар Мударрисинг айтганига итоат этсанг, ер остидаги бу мадрасадан кўзга кўринмайдиган бўлиб чиқасан. 
Бу эса буюк орзу. Буюк ният. Бунгача яна қайси синовлардан ўтмоқ керак - билмайсан...

2020 йил, 4 апрел

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан