Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мадрид “шаҳар”га қарши
22.04.2016 11:48,  
14

Висенте Дель Боскедан кейин ЧЛ чорак финалида нарига ўтолмай қолган “Реал” Моуриньо бошчилигида турнирнинг ярим финалида мунтазам ўйнай бошлади. Анчелотти қўл остида мусобақа ғолиби бўлди. Ана энди Зидан жамоани яна бир бор ярим финалга етаклаб келди.

“Реал” сўнгги йилларда беш марта ярим финалда ўйнаган бўлса, шунинг атиги биттасида финалга чиққан ва ғолибликни қўлга киритган. 2011 йилда “Барселона”, 2012 йилда “Бавария”, 2013 йилда “Боруссия” ва 2015 йилда “Ювентус” қироллик клубини финалда ўйнашига йўл бермаган.

Бу йил “Реал”нинг ярим финалдаги рақиби “Манчестер Сити” бўлади. Биз илгари “Манчестер Юнайтед” ҳақида гапирганда шунчаки “Манчестер” деб қўя қолардик. Бу шаҳарнинг иккинчи жамоаси шу қадар ғариб эдики, у рақиб ўрнида қабул қилинмасди. Бугун вазият ўзгарди. Вақт ўтиши билан “МС” номдор ҳамшаҳари билан нафақат тенглашди, балки баъзи жабҳаларда ундан ўтиб ҳам кетди. Айни пайтда “Манчестер Сити” рақиблари учун 10 йиллар олдингидек ғалаба кафолатланмаган. Бу жамоани ютиш йилдан йилга қийинлашиб бормоқда.

Араб шайхларининг узоқ ҳаракатларидан кейин 2011 йилда Чемпионлар лигасида қатнашган “шаҳарликлар” “Бавария” ва “Наполи”дан кейин гуруҳда 3-ўринни эгаллади. Европа лигасида ҳам омадсизликка юз тутди. 2012-2013 йилга мавсумда “Манчестер Сити” нуфузли турнирда “Реал” билан бир гуруҳдан жой олди. Мадридда ўтказилган биринчи ўйинда “Сити” икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олганига қарамай, якунда аламли тарзда мағлубиятга учради. Икки ойдан кейин ўз майдонида ўтган ўйинда Агуэрони 2-таймда урган голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаган жамоа Европа лигасида қатнашишдан ҳам маҳрум бўлди.

Мана шу икки мавсумда “Манчестер Сити”га турнирда қатнашиш тажрибаси етишмаётгани маълум бўлди. Жамоа янада кучлироқ бўлиши кераклигини ҳис қилган раҳбарият бир қатор футболчиларни харид қилди. Шундан кейин кетма-кет икки мавсум турнир нимчорак финалида “Барселона” билан тўқнаш келган “шаҳарликлар” иштирокни шу босқичда тўхтатишга мажбур бўлдилар. “Барса”ни ютиш осонмас-да. Бўлиб ҳам, “Сити” учун.

Жорий мавсумда “МС” нимчорак финалда Киевнинг “Динамо”сига қарши ўйнаши маълум бўлганида кўпчилик ваниҳоят клуб турнирнинг чорак финалига чиқишини башорат қилганди. Шундай бўлди ҳам. Киев тўсиғидан эсон-омон ўтиб олган “Сити”ни чорак финалда Ибраҳимович бошчилигидаги “ПСЖ” кутиб турарди.

Тан олишим керак, баҳслар бошланишидан олдин “ПСЖ”нинг умумий ғалабасига заррача шубҳаланмаган эдим. Менга ўхшаб фикрлайдиганлар кўпчилик эди. Бироқ “шаҳарликлар” кучли ўйин намойиш қилган ҳолда, ҳақли равишда ярим финалга йўл олдилар. “Манчестер Сити”нинг Ўзбекистондаги ягона мухлиси Азамат Муродов Твиттерда ўша куни қанақа шайтонлаб қолганини ҳамма кўрди. Нима қилсин бечора. Ҳатто у ҳам жамоаси ғалабасига ишонмаганди.

“Реал” турнир давомида деярли қийинчиликка учрагани йўқ. Тўғри, чорак финалда “Вольфсбург” майдонида 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Бироқ бундан ҳеч ким хавотирга тушмади. Ҳаммаси яхши бўлишига ишонган мухлислар учун Криштиану Роналду учта гол уриб, баҳс тақдирини ҳал қилди.

Икки жамоани солиштирадиган бўлсак, шубҳасиз “Реал” фаворит. Лекин бу мадридликларга ҳеч қандай устунлик бермайди. Чиндан ҳам кучли эканини фақат майдонга чиқиб исботлаш керак. Ўйиндан олдин ғалаба ишонишнинг оқибати яхшиликка олиб келмайди.

Плей-офф босқичида биринчи ўйинни рақиб майдонида ўтказиш нисбатан қулай эканини ҳамма яхши билади. “Реал” шундоқ ҳам фаворит бўлиб турган ҳолатда, жавоб баҳсини ўз майдонида ўтказади. Сафардаги натижага қараб, ўз майдонида керакли ҳисобни қайд этиш мумкин. Гарчи ўтган йили “Ювентус”га қарши ўйинларда бу ишни амалга ошира олмаган бўлса ҳам.

Айни пайтда “Сити”да ортиқча босим йўқлиги жамоага қўл келиши эҳтимоли йўқ эмас. Клуб чорак финалда ютқазиб қўйганда ҳам уларни ҳеч ким айбламасди. Улар ярим финалга етиб келибоқ клуб тарихида янги саҳифа очдилар. “Шаҳарликлар” бу босқичда “Реал”дан мағлуб бўлсадар ҳам, ишқибозлар жамоани қаҳрамонлардек кутиб олади. Мадридни эса ғалабадан бошқаси қаноатлантирмайди.

Мақолани ёзишдан олдин “Челси” ― “Манчестер Сити” ўйинини томоша қилдим. Тўғриси, маза қилдим. “МС” иштирокидаги ажойиб ўйин менга завқ бағишлади. Сўнгги ўйинларда “Манчестер Сити”нинг кучайгани яққол кўзга ташланмоқда. Бу жамоани ютиш осон эмас. Ҳатто шу тарзда ўйнашда давом этса, “МС”ни турнир финалида ҳам кўришимиз мумкин. Яна ким билсин... 

Муаллиф: Темур Аъзам

"Чемпион" газетасидан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан