Магистратурага онлайн ҳужжат топшириш бўйича батафсил маълумот берилди

Магистратурага онлайн ҳужжат топшириш бўйича батафсил маълумот берилди

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарди.

Савол: Магистратурага ҳужжатларни қабул қилиш онлайн амалга оширилиши белгиланган эди. Шу ҳақда маълумот берсангиз?

Жавоб: Ҳужжат топшириш magistr.edu.uz сайти орқали онлайн амалга оширилади. Тизим 24 соат давомида узлуксиз ишламоқда. ОТМларда ҳужжат қабул қилинмайди!

Қабул жараёни 1 июлдан бошланган ва 30 июлгача (шу куни ҳам) давом этади. 1 июль кунининг ўзида 400 дан ортиқ ҳужжат рўйхатдан ўтказилди.

Ҳужжат топшириш учун керак бўладиган маълумотлар:

  • Паспорт маълумотлари тўлдирилади. Бунда абитуриент ЖШШИР (Жисмоний шахсларнинг шахсий идентификацион рақами)ни ҳамда паспорт церийаси ва рақамини киритиши кифоя. Паспортнинг сканер ёки расм варианти талаб этилмайди;
  • Доимий яшаш манзили (яъни прописка бўйича) киритилади;
  • Бакалаврда тугатган таълим муассасаси маълумотлари киритилади;
  • Дипломнинг расми ҳамда баҳолар қайд этилган илованинг сканер варианти юкланади;
  • Агар абитуриент имтиёзларга эга бўлса, яъни чет тилини билиш сертификати, олимпиадалар ғолиблиги, Президент ёки номли стипендия соҳиби эканлиги ва ҳ.к.ларни тасдиқловчи ҳужжатлар киритилади;

Ҳужжат топширмоқчи бўлган мутахассислигини танлайди.

Абитуриентдан шундан бошқа қўшимча ҳужжатлар, масалан фотосурат, мақолаларининг нусхаси, тиббий маълумотнома талаб этилмайди.

Нотўғри расмийлаштирилган ёки қалбаки ҳужжат қабул қилинмайди.