Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига 33 мингдан ортиқ аёлни ҳаётга мотивациялаш вазифаси қўйилди​

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига 33 мингдан ортиқ аёлни ҳаётга мотивациялаш вазифаси қўйилди​

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 июль куни ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбайи билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Унда, Ўзбекистонда 1,5 миллион нафардан ортиқ ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар борлиги маълум қилинди.

Йиғилишда ўқувчиларнинг ОТМга кириши ва ўз ишини топишига қараб директор ва ўқитувчиларга ойлик тўланиши айтилди.

Шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қошида Венчур фонд ташкил этилиши белгиланди. Ушбу жамғармага дастлаб 1 миллион доллар йўналтирилади. Стартап лойиҳалар танловини ташкил этиш орқали жорий йилда ҳар бир вилоятда камида 10 та, келгуси йилдан бошлаб йилига камида 20 та энг яхши стартап лойиҳаларга 50 миллиондан 200 миллион сўмгача грант ажратилади.

Видеоселектор йиғилишида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ижтимоий шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудларда 20 мингга яқин аёл оғир турмуш шароитида яшаши, шундан кўплари профилактик ҳисобда туриши афсус билан қайд этилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига 33 минг 380 нафар аёлни ҳаётга мотивациялаш ва касбга ўргатиш бўйича қисқа ўқув курсларини ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Ҳар бир туман ва шаҳар кесимида аёллар бизнес лойиҳалари рўйхатини шакллантириб, ойма-ой молиялаштириш, хотин-қизлар тадбиркорлиги дастури доирасида соддалаштирилган кредитлар ва грантлар ажратиш бўйича топшириқлар берилди.

"Микроқарз олиш ниятидаги ёшлар ва аёллар тадбиркорликка бепул ўқитилиб, йилига 5 минг нафар ёшлар ва аёлларнинг бандлиги таъминланади. 14 июлда имзоланган тадбиркорликни ҳамда кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиялаштиришга доир Президент қарорида, жумладан, ушбу мақсадларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2 миллион доллар кредит ажратилиши белгиланди. Бу маблағ ёшлар ва аёллар ишсизлиги юқори бўлган қишлоқ жойларда имтиёзли микроқарз ажратиш учун микромолия ва нодавлат ташкилотларга берилади. Чунки бундай нодавлат ташкилотлар банкларга қараганда кам ресурслар билан ҳам ўқитиб, 2-3 баравар кўп иш ўрни яратаяпти. Кредит қайтими ҳам банкларга қараганда анча юқори.

Шу боис нодавлат ташкилотлар ўртасида танлов ўтказиб, энг яхши ўқув марказига грант ажратиш тизими жорий этилиши белгиланди.

Жаҳон банкининг 2 миллион доллар маблағи доирасида 15 минг нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди. 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарлар, Андижон, Наманган ва Фарғона тажрибаси бўйича мазкур вилоятлар ҳокимларининг ҳисоботи эшитилди" - дейилади презижент матбуот хизмати хабарида.