Маҳаллаларни ободонлаштириш учун 26 триллион сўм ажратилади

Маҳаллаларни ободонлаштириш учун 26 триллион сўм ажратилади

Давлат бюджети лойиҳасида ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш масалаларига ҳам кенг ўрин берилган. Уй-жойлар ва ижтимоий объектлар қуриш, маҳаллаларни обод этиш чора-тадбирлари учун 26 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган.

– Бу соҳаларга шу кунгача бундай катта маблағ берилмаган. Энди буни тартибли, самарали тарзда жой-жойига етказиш керак. Шунинг учун ҳар бир дастур бўйича ажратиладиган маблағларни мақсадли кўрсаткичлар билан боғлаган ҳолда, электрон назорат тизимини жорий этиш лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бюджет тизимида молиявий назоратни кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунинг учун темир интизом билан, давлат харидлари тизимида ошкораликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Молия вазирлигига келгуси йил 1 январдан тендерларни инсон омилисиз ўтказиш тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, барча бюджет ташкилотлари бухгалтериясини тўлиқ рақамлаштириш, давлат харидлари бўйича ҳисоб-китобларни электрон ҳисоб-фактура орқали амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари бюджет лойиҳасини маҳаллий кенгашлар, тадбиркорлар ва аҳоли билан муҳокама қилиш, уларнинг таклифларини Олий Мажлисга муҳокамага киритиш лозимлигини таъкидлади.