Мажнунлар қисмати

Мажнунлар қисмати

Қуръонда Аллоҳ таоло шундай хабар беради: 
"Закариё алайҳиссалом: "Аллоҳим, менга бир пок зурриёд бер!" - деб дуо қилди.
Фаришталар Закариё алайҳиссаломга: "Аллоҳ Сенга шаҳватлардан тийилган, Яҳё исмли бир тақводор фарзанд ато этади", - дедилар.
Закариё алайҳиссалом: "Мен кекса мўйсафид, хотиним қари ва туғмас бўлса, қандай қилиб фарзанд кўраман?" - деди.
Унга: "Шундай. Аммо Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади!" - дедилар.
"Аллоҳим, менга фарзандим бўладиган чоғда бир белги бер!" - деб Закариё алайҳиссалом илтижо қилди.
Аллоҳ таоло: "Уч кун одамлар билан гаплаша олмайсан, аммо имо-ишоралар билангина мулоқат қила оласан. Шу сен учун бир белгидир. Аллоҳга истиғфор айт, кўпдан кўп уни зикр қил!" - деди. 

Қуръонда Закариё алайҳиссалом одамлар билан сўзсиз гаплашишлари "илла рамза" деб ифодаланган. Оятдаги "рамз" сўзини ўзбек муфассирлари "имо-ишора" деб баён этганлар.
Аллоҳ Закариё алайҳиссаломни уч кун сўзсиз қолиб, рамзу ишораларга суянишини қандай ҳикмат ила ирода этгани Ўзига аён. Тафсир китобларда бу ҳақда тушунтиришлар берилгани аниқ. Биз бу ўринда диққатимизни "рамз" сўзига қаратмоқчимиз.

Дарҳақиқат, соқовнинг сўзи имо-ишора бўлганидек, қалам аҳли ҳам ҳақиқатни гапира олмаса ёхуд уни аслича англатиш йўлини топмаса, рамз унинг тилига айланади.

Закариё алайҳиссаломнинг ўғли Яҳё алайҳиссалом даврида бир подшоҳ ўз синглисига уйланишни истади. Синглиси билан отаси бир, онаси бошқа эди. Яҳё алайҳиссалом бу ишнинг улкан гуноҳлигини подшоҳ қаршисида тик туриб айтди, ҳукмдор эса унинг бошини танасидан жудо қилди. Ҳақиқатни рамзларсиз гапирган Аллоҳнинг солиҳ ва тақводор пайғамбари бир қотил мустабид томонидан шундай қатл этилган эди.

Нажмиддин Кубро етмиш ёшида Урганч ҳимоясига чиқди. Мўғуллар у киши ва у кишининг яқинларига омонлик ваъда этдилар. Нажмиддин Кубро эса шаҳидликни танлади. У ўз шаҳодати ила ҳақиқатнинг рамзига айланди.

Тошкентни 1864 йил босиб олган Черняевнинг қўлига шаҳарнинг катта уламолари калитлар билан бирга халқ эркини топшириб, бошларини эгдилар. Эҳтимол, улар бу ишларини рамз деб баҳолашгандир, эҳтимол, бу билан бир "ҳикматли иш" қилишгандир, бу Аллоҳга аён, аммо шу иш ила Тошкент, кейинчалик бутун Туркистон Чор русларининг темир чангалига тушди.

Қўқон хони Худоёр тахтни шармандаларча бой бериб, "подшоҳ ҳазратлари" билан "дийдорлашгани" отланди. Уни Оренбургда тутиб, ўлдирдилар. Рус подшоҳи уни кўриш тугул, танишни ҳам истамаган эди, аслида. Чунки подшоҳга Худоёр керакмасди, унинг жаннатдек Ватани, меҳнаткаш халқи керак эди.

Шундай бўлди: Туркистон Романовлар ва бу сулола атрофидаги олигархиянинг плантатциясига, Туркистон халқи уларнинг қора қулларига айланди. Ҳақиқатни қандай ифодаламайлик, у ўзгармайди. Чор руслари Она Туркистонимизга ана шундай қараганларини ҳамма билади.

Навбатдаги хиёнатлар бухоролик манғит амир Музаффар, хивалик хон иккинчи Муҳаммад Раҳимга тегишли бўлди. Амир Музаффарнинг катта ўғли Абдул Малик босқинчи русларга қатъиян урушишни истарди. Амир эса таслим бўлди, Когонга рус колонистини жойлаштирди, ўзининг бурнидан темир ҳалқа ўтказиб, шу колонистга тутқазди. 

Ўғлини эса "боғий" деб қатл этди. Муаррихлар ўша пайтда Рус қўшини Бухоро қўшинидан унчалик устун бўлмаганлигини айтадилар. Буни шаҳзода Абдул Малик чуқур англаб етган эди.

Хивалик хон Муҳаммад Раҳим ҳам заифлик қилди. Амир Музаффар бобоси амир Насрулло инглиз жосусини ўн йил зиндонда ушлашга топган жасоратни унутганидек, у ҳам катта бобоси Абул Ғозий Баҳодирнинг босқинчилик ниятидаги император Пётр биринчининг тутинган ўғлини гумашталари билан бирга бошини узганлиги ҳақидаги Буюк Воқеани ё эсдан чиқарган, ё у каби жанговар эмасди.

Чор руслари Қўқон хонлигини ер юзидан супурди, Бухоро ва Хивани томорқаси деб эълон қилди.

Бу воқеаларга юз эллик йил бўляпти, аммо шундай "аждодлар" хизмати ила Туркистон халқи, Темур даврида жаҳонни титратган, Шоҳрух, Улуғбек, Муҳаммад Шайбоний, Абдуллахон даврида Гоби саҳроси, Тибет ва Ҳимолай тоғларидан Каспий денгизигача, Сибирдан то Кобул, Марв, Машҳадгача бўлган ҳудудларни идора этган эл аввал дунё сиёсатида шахсият ўлароқ даф этилди, мардикорликка мажбурланди (1916 йил воқеалари), эътиқодидан воз кечтирилди, динсизликка, даҳрийликка мажбурланди.

Гапни рамз ҳақида бошлагандик. Босқинчига юртни заифларча топширган "ҳукмдор"лар ҳақиқатни рамзлар ила гапирганларни ҳам ўлдириб юборгандилар.

Бугун биз уларни оқлашга сабаб тополмаймиз, чунки Ватанни бой бериш ҳеч қачон оқланмайди. Келажак наслларнинг эрки ҳақида қайғурмаган боболарни яхши сўз билан эслаш мумкин бўлмаган оғир бир ишдир.

Миллат мужоҳидлари - мулла Алимқул,  Муҳаммад Аминбек, Шер Муҳаммадбек, Эргаш қўрбоши ва минглаб улар кабиларнинг,  миллат юлдузлари - Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон ва минглаб улар сингариларнинг, Алихонтўра Соғунийдек забардаст йўлбошчи ва унинг издошларининг қатл этилиши, сургун қилиниши, саргардон бўлиши ва бутун халқ ҳаётини йўлсизликда ўтказишига ўша "бобокалонлар"нинг қўрқоқликлари, ҳал қилувчи онда чекинганликлари сабаб бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

Бу жуда аччиқ ҳақиқат. Қочсанг қаршингдан, ўлсанг гўрингдан чиқадиган Ҳақиқат. На рамзларга, на имо-ишораларга сиғмайди бу Ҳақиқат.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ даврида одамларга оддий сўз таъсир этмасди ёхуд буюк Сўзларни риёкорлар аҳли оддий гапга айлантириб қўйгандилар. Мутаффакир ўз фикрат нигоҳи кўрганларини рамз ила сўзлай бошлади. Унинг шеърияти, "Хамса"си бутунича рамздир. Унинг ижодининг бош қаҳрамони Мажнун Шахсдир. Таназзулга кетаётган миллат қаршисида, келаётган улкан даҳшатларни англамай турган халқи қошида Мажнунга айланган одам мутафаккир Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳнинг асарларининг ҳаммасида бош қаҳрамондир.

Фожиа Аллоҳдан юз буришда эди. Фарҳод ва Мажнун Аллоҳни унутган халқ ичида ёлғизланган жунун соҳибларидир. Улар чин иймон, тоза ақл ва жасоратли қалб эгалари, эл эса бунинг учун уларни эсдан оққан деб билди. 

Фарҳоднинг ҳам, Мажнуннинг ҳам отаси ўғлини ишқ аталмиш нарсадан воз кечишга даъват этдилар. Аммо телба ўғиллар кўнмадилар. Фарҳоднинг отаси ўғлига ҳамроҳ бўлди, аммо манзил йигитники экан. Мажнунга отаси ёлворди, Каъбага элтди, ўғил ишқдан кечмади, зотан, ишқ улар англаган Ҳақиқат бўлиб, у икки дунёдан қийматлироқ эди. 

Мажнун Каъба қошида экан, Аллоҳдан ишқнинг зиёдасини сўради, холос.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ Баҳром деган шоҳ ҳақида ҳам ёзди. Баҳром ишқ толиби эди, аммо дунёга ишқни алмашиб, ҳалок бўлди. Баҳромлар кўп. Мажнунлар кам.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ Искандар Зулқарнайн қиссасини достон қилди. Искандар набий эди, бутун Ер юзини ўз адолати остида бирлаштирди. Аллоҳнинг амри ила яшаган, Жабройил амин келтирган ваҳий асосида иш қилган Искандар оламни яъжуж-маъжуж аталмиш балодан қўриқлаш учун бир девор қурди. Искандарнинг қудрати Иймонда, ғалабаси Курашда, юксалиши Ҳикматда эди. Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ Искандар тимсолида такаммулнинг барча жиҳатларини кўрсатди ёхуд ўз нафсини енгган мўминнинг музаффариятига бир мисол келтирди. 

Искандар мажнун эдими?

Искандар мажнунликдан ғолиб келди, бу унга Аллоҳдан берилган насиба эди. У яъжуж-маъжуж мисолида нафс ва разолатга қарши бир девор тиклади.

Баҳром мажнун эдими?

Баҳром мажнун бўлди ва жунунга дош бермади. 

Жунун бир рамздир. Ҳақиқатга бўлган ташналик, ундан баҳра олиб маст бўлишнинг бир рамзи, холос.

Юртни душманга бериб қўйган "аждодлар"да бир жунун йўқ эди, улар фарҳоду мажнунларни ёқтирмасдилар. Башарти, улар Ҳақиқатни англаганларида эди Искандар бўлардилар.

Илму ҳикмат, жасорат ва иймон эгаларини теграларига жамлаган бўлар эдилар. Ўз халқини юз йиллаб босқинчи занжирида хор бўлишга йўл қўймасдилар.

Мақсадимиз уларни қоралаш ёхуд маломат этиш эмас, зинҳор. Тарихга боқиб, келажак йўлини идрок этиш  - бизнинг муддаойимиз шу, холос.

Зотан, мажнунлар қисматидан огоҳ қилиш мажнунларнинг иши. На Ширин, на Лайли мақсад эмас, улар ҳам бир рамз, тил калимага келганда, Яҳёлар туғилганда уларга ҳожат қолмагай.

Аллоҳим, бизни ҳидоятга бошла!

Аллоҳим, бизни маломатдан, хорликдан халос этиб, иззат кўкларига кўтар!

Аллоҳим, бизни Ўзинг рози бўлган йўлга бошла, бу йўлда собит қил, оқибатимизни хайрга тўлдир!


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.