Мактаб битирувчиларига меҳнат бозорида иш топиб берувчи касбга йўналтириш тизими жорий этилади

Мактаб битирувчиларига меҳнат бозорида иш топиб берувчи касбга йўналтириш тизими жорий этилади

Умумтаълим муассасалари битирувчилари ўз иқтидори ва қизиқишларига мос касбни танлаб олиши, меҳнат бозорида муносиб ўрнини топиши, касбий фаолиятида муваффақиятга эришиши учун 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб касбга йўналтириш тизими жорий этилади. Бу ҳақда 26 ноябрда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва педагогик-психологик республика ташхис маркази бўлим бошлиғи Ҳаёт Фозилжонов маълум қилди.

Янги тизим ўқувчиларни мактаб давриданоқ касбга бўлган қизиқишларини ошириб ўқитилади ва ўқувчининг танлови асосида бирор-бир касбга йўналтирилади. Бу қуйидаги тарзда амалга оширилади:

  • 7-синфдан бошлаб ўқувчилар ўртасида интерактив сўровномалар ўтказилиб, касб-ҳунарга бўлган қизиқиши аниқланади ва уларнинг маълумотлар базаси яратилади;
  • 7-синф ўқувчилари учун ҳар ойда бир марта «Касблар оламига саёҳат» мавзусида махсус курслар, 8-синф ўқувчилари учун ҳар чоракда камида бир маротаба «Менинг келажакдаги касбим» мавзусида семинар-тренинглар олиб борилади;
  • 9-синф ўқувчиларининг касбий мойиллиги бўйича ўтказилган педагогик-психологик ташхислар натижалари асосида келгусида аниқ ишчи касблар бўйича касб-ҳунар мактабларида таълим олиши мумкин бўлган ўқувчилар ўртасида касбга йўналтириш ишларини олиб борилади.

«Тизимнинг афзаллиги — ўқувчилар тизимли равишда касб-ҳунарга йўналтирилиб борилади, бу орқали онгли равишда касб танлашга эришилади. Бундан ташқари, Касбим – келажагим номли платформа яратилди. Унда ўқувчилар психологик тестларни ечишлари ва бу орқали қайси касб тури ўзларига мос эканлигини аниқлашга ёрдам беради», – деди Ҳаёт Фозилжонов.