Мактабгача таълим соҳасида хайрия ишларини амалга оширганлар бир қатор солиқ имтиёзларига эга бўлади

Мактабгача таълим соҳасида хайрия ишларини амалга оширганлар бир қатор солиқ имтиёзларига эга бўлади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 3 октябрдаги қарори билан давлат мактабгача таълим ташкилотларига ҳомийлик қилган юридик шахслар учун солиқ имтиёзлари белгиланди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги хабар берди.

Ушбу турдаги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги шартнома камида бир йил муддатга тузилади ва МТТга мунтазам равишда хайрия ёрдамини кўрсатишни ўз ичига олади.

3 октябрдан бошлаб давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотини ҳомийликка олган хайриячилар қуйидаги солиқ имтиёзларига эга бўлади:

  • сарфланган харажатлар юридик шахснинг даромадидан олинадиган солиқларни ҳисоблаш вақтида чиқариб ташланади;
  • товарлар, ишлар ва хизматларни беғараз равишда топширишга қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва ягона солиқ тўлови (ЙСТ) тўланмайди;
  • товарларни, ишларни ва хизматларни ўз қийматидан пастроқ сотиш, ҳақиқий нархидан келиб чиққан ҳолда ҚҚСга тортилади.

Хайриячи ўз маблағлари нимага йўналтирилишини ва унинг тартибини ўзи белгилайди. Ҳомийлик остидаги мактабгача тарбия ташкилоти олинган маблағларнинг ҳисобини юритиши ва хусусий шерикка пул ва мулкдан мақсадли фойдаланилиши тўғрисида мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиши шарт.

Солиқ имтиёзларидан ташқари, хайрия компанияси ўз ходимларининг фарзандларини ҳомийлик қиладиган МТТга жойлаштиришда устунликка эга бўлади.

Мактабгача таълим вазирининг сўзларига кўра, вазирлик ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан алоҳида эҳтиёжли болалар учун реабилитация марказлари ва аралаш гуруҳлар билан даволовчи мактабгача таълим ташкилотларини қуриш каби ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширади.

139