Мактабларда дарсдан олдин мадҳия куйланади, танаффусда ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшитилади

Мактабларда дарсдан олдин мадҳия куйланади, танаффусда ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшитилади

Ижтимоий тармоқларда халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев имзолаган хат сурати пайдо бўлди. Унда мактабларда дарслар бошланиши олдидан ўқувчи ва ўқитувчилар жўр бўлиб мадҳия куйлаши, танаффус вақтида эса ватан ҳақидаги қўшиқ ва шеърлар эшиттирилиши кераклиги айтилган.

Дилшод Кенжаев хат ҳақиқий эканини Kun.uz нашрига тасдиқлаган.

2 ноябрь санаси билан имзоланган хат тизимнинг 14та ҳудуддаги масъул раҳбарларига йўлланган. Бундай топшириқ берилишига Президент Администрациясининг 23 октябрдаги йиғилиши баёни асос бўлган.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2020 йил 23 октябрдаги (№ 02-3041, 7-сонли) йиғилиши баёнининг 8-банди ижросини таъминлаш мақсадида, Сиздан, тасарруфингиздаги барча умумтаълим муассасаларида ҳар куни дарс бошланишидан олдин синф хоналарида (икки сменали таълим муассасаларида ҳам дарсдан олдин) Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ўқувчи ва ўқитувчилар томонидан жўр бўлиб куйланишини ҳамда танаффус вақтларида Ватан ҳақидаги қўшиқ ва шеърларнинг (таълим муассасаларининг имкониятларидан келиб чиқиб, радио тармоғи ёки овоз кучайтиргич орқали) эшиттирилишини ташкил этишингиз сўралади.

Шу муносабат билан, Халқ таълими вазирлиги томонидан «Умумтаълим мактабларида «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» тарғибот-ташвиқот тадбирларида ўқиладиган шеърлар эшиттирилишини ташкил этиш бўйича тавсиялар» 1-иловага, «Умумтаълим мактабларида ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни ташкил этиш бўйича тавсиялар» 2-иловага ҳамда «Умумтаълим мактабларида фойдаланиш учун тавсия этилган видеороликлар рўйхати» 3-иловага мувофиқ юборилмоқда», – дейилади хатда.

Дилшод Кенжаевнинг Kun.uz нашрига билдиришича, умумтаълим муассасаларида мадҳияни куйлаш, қўшиқ ва шеърларни эшиттириш ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Вазир ўринбосарига кўра, танаффус вақтида эшиттириладиган қўшиқлар – машҳур ўзбек хонандаларнинг Ватан ҳақидаги куй-қўшиқларидир.

«Янгича Ўзбекистон – янгича дунёқараш» тарғибот-ташвиқот тадбирларида ўзбек адабиётининг намояндалари – Чўлпон, Фитрат, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа ёзувчи, шоирларнинг ижод намуналарини эшиттириш тавсия этилиши қайд этилган. Рўйхатда 50 нафар ижодкорнинг шеърлари ўрин олган. Эшиттириладиган қўшиқлар рўйхатида эса 41 нафар хонанданинг шунча миқдордаги ижод намунаси келтирилган», – деди у.

Маълумот учун, ноябрь ойида Ўзбекистон бўйлаб «Янгича Ўзбекистон – янгича дунёқараш» шиори остида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар бошланган.

Тарғибот тадбирларини йил давомида ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита ва Республика штаби ташкил этилган. Штаб томонидан маҳаллаларда 7 йўналиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилган.

Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар гуруҳи, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, сиёсатчилар, олимлар, маданият арбоблари, санъаткорлар, психологлар ва ёшлардан иборат Республика тарғибот гуруҳлари ҳам шакллантирилган.

Тарғибот тадбирларидан мақсад – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш.