Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов мамлакат тижорат банклари Россиянинг "Мир" тўлов тизими карталарига хизмат кўрсатишни қайта тиклашга ҳозирча тайёр эмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларини РИА Новости келтирмоқда.
Нурмуратовнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистондаги тижорат банклари учун Мир карталари билан ишлашда катта таваккалчиликлар мавжуд.
"Ҳозирча Мир карталари билан ишлашни қайта тиклаш ҳақида ҳеч қандай гап йўқ", деди Марказий банки вакили.
23 сентябрдан бошлаб Ўзбекистондаги Uzcard ягона процессинг маркази "Мир" тўлов тизими карталарини қабул қилишни тўхтатди. Карталар иши "Uzcard тўлов тизими иштирокчиси томонидан амалга оширилаётган зарур техник процедуралар туфайли" тўхтатилди дейилади манба хабарида.