Мансабдорларнинг хизмат машиналарига GPS ўрнатилади ва хизмат мақсадларида фойдаланиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади

Мансабдорларнинг хизмат машиналарига GPS ўрнатилади ва хизмат мақсадларида фойдаланиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади

Президентнинг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Белгиланишича, хизмат автотранспортлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан:

  • давлат ҳокимияти ва республика давлат бошқаруви органларида, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида биринчи раҳбарлар ҳамда уларнинг ўринбосарларига;
  • вазирлик, давлат қўмиталари ва идоралар ҳузуридаги давлат органларида ҳамда давлат бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларида биринчи раҳбарларга шахсан бириктирилади.

Қуйидагилар:

  • Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларини классига қараб бириктириш нормативлари;
  • Хизмат автотранспортларининг йўл босиш йиллик лимити ва улардан фойдаланиш нормативлари тасдиқланади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларини:

  • а) янгисига алмаштириш ундан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилади (фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган автотранспортлар бундан мустасно). Бунда автотранспортнинг теxник ҳолати, ундан фойдаланиш хавфсизлиги, шунингдек, янгисига алмаштиришнинг иқтисодий мақсади инобатга олиниши лозим;
  • б) Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан маблағ олувчи ташкилотлар томонидан – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда;

Қорақалпоғистон Республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан маблағ олувчи ташкилотлар томонидан – тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда тегишли бюджетлардан ажратилган маблағлар доирасида сотиб олинади ёки ижара бўйича жалб этилади, шунингдек, хизмат автотранспортларини сотиш фақат “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари:

  • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда марказий аппарати ва тизим ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган хизмат автотранспортларини бир ой муддатда хатловдан ўтказади;
  • хатлов натижалари бўйича белгиланган нормативлардан ортиқча бўлган хизмат автотранспортларининг рўйxатини тасдиқлайди;
  • 2021 йил 1 январга қадар тасдиқланган рўйхат асосида ортиқча хизмат автотранспортларини “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида аукцион савдоларда сотилишини таъминлайди;
  • хизмат автотранспортларини сотишдан тушган маблағларни Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар республика бюджетига, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан молиялаштириладиган ташкилотлар тегишли маҳаллий бюджетларга йўналтиради;
  • хизмат автотранспортларининг белгиланган йўл босиш йиллик лимитларига қатъий амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

а) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида аxборот-коммуникация теxнологияларини кенг қўллаш орқали хизмат автотранспортларини сунъий йўлдош кузатиш тизимидан (GPS навигатор) фойдаланиб назорат қилиш;
  • ташкилотлар кесимида хизмат автотранспортлари сони, йўл босиш йиллик лимитининг белгиланган меъёрларга мувофиқлигини, ёнилғи сарфи, автомобиль маркаси ва ишлаб чиқарилган йили ҳисобини юритиш имкониятини берувчи дастурий таъминот ишлаб чиқади ва амалиётга жорий этади;
  • б) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларининг сони, йўл босиш йиллик лимитининг белгиланган меъёрларга мувофиқлигини доимий мониторинг қилиб боради ҳамда унинг натижаларини ҳар чорак якуни бўйича ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб боради;
  • в) давлат органларидаги хизмат автотранспортларининг ҳисоби ва мониторингини юритиш, дастурий таъминотни амалиётга жорий этиш ва мониторинг натижалари юзасидан ҳисоботларни тайёрлаш мақсадида вазирликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида 3 та штат бирлигидан иборат бўлим ташкил этади.

Белгилаб қўйилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат ҳокимияти (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бундан мустасно) ва республика давлат бошқаруви органларида:

хизмат мақсадларида, шу жумладан хорижий делегациялар ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа махсус транспорт воситалари хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади. Бунда, ушбу органлар томонидан автобус, такси ва бошқа махсус транспорт воситалари хизматларини жалб этиш давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади;

хизмат автотранспортлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан бериладиган давлат органининг номи акс эттирилган махсус эмблема (голограмма) билан жиҳозланади;

хизмат автотранспортларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади ҳамда хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг махсус веб-порталига, шунингдек, махсус мобил дастурий таъминотига фото ва видео материалларни жойлаштириш орқали хабардор қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар аҳолига хизмат автотранспортларидан хизмат мақсадларида фойдаланилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини берувчи, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фото ва видео материалларни жойлаштириш имкониятига эга бўлган махсус веб-портални яратади ҳамда ҳар бир хабар берилган ҳолат бўйича тезкор чоралар кўриш тизимини жорий этади.