Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мао Цзедун: иблисми ё доҳий?
27.01.2020 22:44,  
3386

Шахс ҳокимият тепасига чиққанида зиммасига миллионлаб ватандошларининг тақдири, қисмати ва келажаги учун жавобгарлик ҳиссини ҳам олади. Сиёсий қудрат ўз мавқеига мос бўлмаган ёки ўз шахсий манфаатларини кўзлайдиган ва сиёсий қудратдан ғаразли мақсадларда фойдаланадиган шахс қўлига ўтиб қолишидан худонинг ўзи асрасин. Башарти шундай бўлиб қолса, миллионлаб инсонларнинг ҳалок бўлиши учун урушларга эҳтиёж қолмайди.

Бўлғуси “буюк доҳий” 1893 йилда Хитой жанубида аксар хитойликлар каби илм-фандан йироқ гуручфуруш оиласида туғилди. Кичик Мао китоб ўқишга қизиқди ва асосан, шарқ файласуфларининг асарлари билан танишиб чиқди. Осмон ости мамлакати мактабларида ўқитишнинг асосий усули бўлган калтаклаш Маога ёқмади ва у мактабни ташлаб, 13 ёшида уйига қайтди. Лекин у жисмоний меҳнатдан нафратланганлиги сабабли отасига ёрдам бериш ўрнига мустақил ўқиш билан шуғулланди. Аммо 1909 йилда отаси Маони жиян синглисига мажбуран уйлантирмоқчи бўлганида уйидан қочиб кетди.

Армияда қисқа фурсат алоқачи бўлиб хизмат қилганидан сўнг 1913 йилда педагогика билим юртига ўқишга киради ва ғарб мутафаккирлари асарларини ўқишга киришади. 1918 йилда бўлғуси доҳий Пекинга жўнайди. Пойтахтда кутубхоначи сифатида ишга жойлашиб, яна китоб ўқиш билан машғул бўлади. Шу ерда Мао коммунизм ғоялари билан танишиб, коммунистга айланади. Мао Хитой коммунистик партиясининг асосчиси Ли Да Чжао асарларини ўқиб чиқади ва Куропаткин асарларини ўқиркан, анархизм ғояларини кашф қилади ва бўлғуси сиёсатида фаол ишлатади.

Шундан сўнг Мао жиддий тарзда сиёсат билан шуғуллана бошлайди. Мамлакатдаги тенгсизлик ва табақаларнинг мавжудлигидан норози бўлади ва қандай қилиб бўлмасин Россияга бориш керак, деган қарорга келади. Шу мақсадда Мао турли шаҳарларда ленинчилик ғояларини тарғиб қила бошлайди.Тез орада у мамлакатдаги кучли партия ҳисобланган Гоминдан партияси раҳбарлари билан жанжаллашиб қолиб, коммунистик партия котибига айланади. Энг зуғум кўрган деҳқонларга таянган ҳолда 1928 йилда биринчи совет республикасини тузади. Хусусий мулкка барҳам бериш ва аёлларга эркаклар қатори тенг ҳуқуқ бериш каби фикрлари унга катта обрў келтиради. Сал кейинроқ эса 1931 йилда маҳаллий диктатор ўз рақибларини йўқ қилишдан ва чақувлардан уялмай Хитой Совет Республикасини тузади ва бу республика чегараларини бутун Хитойга ёйишга уринади.

Ўша пайтларда Осмон ости мамлакатида амалдаги кучли ҳокимият тепасида Гоминдан партияси бўлиб, уларга янги пайдо бўлган коммунистларнинг сиёсатга интилиши ёқмас эди. Шу сабабли Гоминдан партияси раҳбари Чан Кайши Мао ва унинг коммунист тарафдорларига қарши кураш бошлайди. Мао жанглар, касалликлар ва қуролли кучлар сафидан қочиб кетганлар сабаб ўз тарафдорларининг 90 фоизини йўқотади ва аранг Шанси вилоятига етиб олади. 1935 йилда коммунистик партиянинг янги бўлимини ташкил қилади ва партиядошлар сафини яна қашшоқ деҳқонлар ҳисобига кенгайтиради. Император Япониясининг Хитойга бостириб кириши икки рақиб партияни бирлашишга мажбур қилади. Уруш юки, асосан, Гоминдан партиясига тушади. Урушдан сўнг қатағонлар ва коррупция ботқоғига ботиб қолган партия коммунистлар учун йирик хатар эмас эди. Шу боис Мао уларни Тайванга қувиб, 1949 йил 1 октябр санасида Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганини эълон қилади.

Либерализмни ёқтирмайдиган либералчи

Ҳокимиятни қўлга киритган Мао мамлакатда асосий ишни мафкурани ўзгартиришдан бошлади. Марксизмнинг хитойча кўриниши – маоизмни яратди. Жамиятда ҳамма нарса, ҳаттоки, кийим ҳам умумхалқники бўлган коммуналар ташкил қилинади. Совет Иттифоқи янги республиканинг яшаб кетиши учун ўзининг энг зўр мутахассисларини Хитойга юборади ва саноатни тиклашга ёрдам беради. Сталин вафотидан сўнг Хитой коммунистик партияси ичида мамлакатни эркинлаштириш борасида низолар келиб чиқади. Низоларни бир ёқли қилиш учун эса “Юз ранг” дастури қабул қилинади. Мазкур дастур Мао Цзедуннинг 1956 йилдаги нутқининг асосий мазмуни эди: “Юз хил гул ранг очсин, юз хил мактаб рақобатлашсин”. Гарчи Мао “Юз ранг” дастурининг бошларида Чзоу Энлай, Ден Сяопин каби либералларга хайрихоҳ бўлса-да, фақат зиёлиларгина ҳокимиятни танқид қилиши мумкинлигини белгилаб қўйган эди. Аммо бу сиёсат Мао учун тез орада фойда келтирмаслиги аниқ бўлади ва Мао бу ишни йиғиштиришга аҳд қилади. Келиб тушган танқидлар амалдаги ҳокимиятни адолатсизликда, тўғри сиёсат юрита олмаётганликда айблар эди. Ҳеч ким диктатура режими остида яшашга рози эмаслиги аён бўлганди. 1957 йилга келиб “Юз ранг” сиёсати бекор қилинади. Натижа эса ярим миллиондан кўпроқ аҳолининг қамоққа ташланиши, қувғинлар ва қатағонлар билан тугади.

24smi.org

 Пухта ўйланмаган ислоҳот фожеаси

Мамлакатда иқтисодиёт танг аҳволда қолган, саноатлашиш суръатлари паст бир давр Хитой раҳбари Мао Цзедунни “Катта сакраш” сиёсати дастурини эълон қилишга ва халқ кайфиятида раҳбар сезмаётган “инқилобий руҳни” уйғотишга ундайди. 1958 йилда доҳий миллионлаб одамларнинг очликдан қирилиб кетишига сабабчи бўлган “Катта сакраш” дастурини эълон қилади. Дастур Хитойга қисқа фурсатда Буюк Британиядаги каби саноат ишлаб чиқариш даражасига етиб олишга ёрдам бериши керак эди. Сиёсатни амалга ошириш саводсиз деҳқонлар зиммасига юкланди. Улар дастурга мувофиқ ҳам деҳқончиликдан узилмаган ҳолда ўзларининг кичик уйларида чўян эритишни йўлга қўйиш орқали мамлакат саноатини оёққа турғазиши керак эди. Жамиятда барча нарса коллективлаштирилган, умум ётоқхона, умум овқатланиш хонаси, инсонлар шахсий мулк билан биргаликда шахсий ҳаётдан ҳам маҳрум эди.

 Бундан ташқари, ҳукумат хитойлик деҳқонларнинг йирик душмани бўлган тўрт зараркунандалар – пашшалар, чумчуқлар, сичқон ва чивинларга қарши кенг миқёсдаги ҳаракати бошланди. Бу сиёсат эса иложи борича барчани бир мақсадга қарши мажбурий умумлаштириш сиёсати орқали олиб борилди.

Якун эса кутилмаган натижаларни берди: биринчидан, деҳқонларнинг чўян эритишга уқуви йўқ эди, улар эритган чўян чиқиндидан бошқа нарсага ярамади, бу орада экин майдонлари қаровсиз қолди; иккинчидан, чумчуқлар ва бошқа зараркунандаларни экотизимдан йўқ қилиш хитойликлар бошига 1959-1961 йиллар мобайнида улкан йўқотишларни олиб келди, 10 миллионлаб инсон очликдан ҳалок бўлди. Бунинг барчасига сабаб вилоятлик раҳбарлар сиёсат амалга ошаётгани, ҳосил даражаси юқори бўлганлиги ва чўян эритиш борасида сезиларли муваффақиятга эришилаётгани борасида сохта ҳисоботларни юқорига бериб турганлиги эди. Мао бошқарувчи даҳо, танқидчиларни эса қамаш, жисмонан йўқ қилиш лозим, деган хитоблар янгради. Сиёсат танқидчиси бўлган мудофаа вазири Пен Дехуай лавозимидан четлаштирилди. Бу орада Хитой раҳбарияти Хрушчевнинг “юмшоқ сиёсати” туфайли Совет Иттифоқи билан жанжаллашиб олди.

 Мао халқи бошига қандай “бахт қуши” қўндирганлиги борасида ўйлаб кўриб, бир оз сиёсатдан чекинишга ва вазиятни тизгинга солишга, либералларга йўл очишга уринди. Коммуна тарқатилди, инсонлар шахсий ҳаётга эришди, цензура бироз камайди, иқтисодда ўсиш сезилди.

Аммо маочилар учун либераллар амалга ошираётган сиёсат ёқмас эди. Улар Маонинг шахсини улуғлаш ишларини бошлаб юборишди. Буржуазиянинг ҳар қандай кўринишига зарба бериш, адашганларни ҳақиқий коммунизмга йўналтириш ишлари 1965 йилда “Буюк пролетар маданияти инқилоби”га йўл очиб берди. Кураш маочиларнинг либерал ўнг қаноти аъзоларига, асосан, Лю Шаоцига зарба беришдан бошланди. Буюк йўлбошчи нутқини танқидий фикрлашдан анча узоқ бўлган минглаб ёшларнинг “Хунвейбин” – “Қизил қўриқчилар” жанговор отрядларини тузишдан бошлади. Хунвейбинлар ёт фикрловчиларга қарши аёвсиз курашди, яна бегуноҳ инсонлар қони тўкилди. Мамлакат фуқаролик уруши ёқасига келиб қолганда Хитой раҳбарияти хунвейбинларни қуролсизлантириш ва чекка ҳудудларга юбориш тадбирини кўрди. Таклифга кўнмаган хунвейбинчилар жазоланди.

Маданий инқилоб якунлангач, Маонинг мияси бутунлай айниб қолди. Хитой 1969 йилда Совет Иттифоқи билан Даман ороли борасида ҳарбий тўқнашувга кирди. Аммо коммунистик мамлакат раҳбари АҚШ билан муносабатларини яхшилаб олди ва 1972 йилда Мао ва президент Ричард Никсон Пекинда учрашишди.

Буткул қариб, касалликка чалинган доҳий 1976 йилда юрак хуружи ва Паркинсон касаллигидан азият чекиб вафот этди. Доҳийнинг дафн маросимида миллиондан ортиқ инсон иштирок этди. Доҳий жасади мўмиёланиб, Тянанмен майдонидаги мавзолейга қўйилди. Ҳозирга қадар доҳий мавзолейини 158 миллионга яқин зиёратчи кўришга муваффақ бўлган.

Улкан табиий захира ва инсон ресурсларига эга Хитой буюк доҳий Маонинг сиёсати туфайли яна 30 йил жабр кўрди. Ниҳоят Хитой XXI асрда капитализм сабабгина бугунги даражага эришди. Мао бир тарафдан улкан Хитой давлатини бирлаштирган бўлса, иқтисодий билимлари етишмаслиги оқибатида мамлакатни хонавайрон қилди. Бугун Мао қиёфаси кўп сотилаётган сувенирлар устини безаётган бўлса, айрим ёши катта авлод вакиллари қалбида соғинч ҳиссини уйғотади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан