Фарғонада ЙПХ инспекторининг қонуний талабини бажармасдан безорилик қилган ҳайдовчига 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, деб хабар беради ЎзА.

8 январь куни соат тахминан 11:15 ларда Марғилон шаҳар Мустақиллик кўчасида хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ батальони ЙПХ биринчи отряди учинчи сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори сафдор А.Кенжаев светафорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб келаётган Spark русумли автомобилни тўхтатган.

Ҳайдовчи сафдорнинг қонуний талабига бўйсунмай ҳаракатни давом эттирган. Шундан сўнг сафдор А.Кенжаев радиоалоқа воситаси орқали Марғилон шаҳар марказида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторига мазкур автомобиль тўхтамай ҳаракатланиб бораётганлиги ҳақида хабар берган.

Сафдор Н.Камолов шаҳар марказида Spark русумли автомобиль ҳайдовчисига жезел ёрдамида тўхташ ишорасини берган вақтида ҳайдовчи сафдор Н.Камоловнинг қонуний талабига бўйсунмай ҳаракатни давом эттиради. Натижада сафдор автомобилнинг олд қисмига чиқиб қолади ва ҳайдовчи шу ҳолатда Марғилон шаҳар Оқмасжид чорраҳасига қадар ҳаракатланиб боради. Ушбу чорраҳадаги светафор олдида сафдор Н.Камоловнинг Spark автомобилидан тушиб қолади. Ҳайдовчи эса ҳаракатни давом эттириб, Машад кўчасидаги 7-умумтаълим мактаби олдидаги электр симёғочга урилиб, автомобилни тўхтатади.

Ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилганда Spark русумли автомобиль ҳайдовчиси М.М.да ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ишончномаси мавжуд эмаслиги сабабли ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмаганлиги аниқланган. Тўпланган ҳужжатлар Марғилон шаҳар маъмурий судига тақдим қилинган ва автомашина ҳайдовчиси М.М.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ва 194-моддаларига («Майда безорилик», «Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») асосан 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.