Марҳаматда Маданият бўлими бошлиғини сўккан ҳокимнинг аёл ўринбосари узр сўраб, ўзаро келишиб олди

Марҳаматда Маданият бўлими бошлиғини сўккан ҳокимнинг аёл ўринбосари узр сўраб, ўзаро келишиб олди

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ, Андижон вилоятининг Марҳамат туман ҳокими ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг раҳбари Маъмурахон Сотволдиева туман маданият бўлими бошлиғи Акмал Юлдашевни “илон пўст ташлайдиган” сўзлар билан ҳақорат қилгани маълум қилинган эди.

Ҳоким ўринбосари ҳамда маданият бўлими бошлиғи ўртасидаги телефон орқали мулоқотда М.Сотволдиева айни кунда ўтган тадбирга ишора қилиб, “Қўлингдан келмаса айтмайсанми? Мени шарманда қилдинг! Вилоят ҳокимининг олдида туман ҳокимини шарманда қилдинг!” дея танбеҳ беради. Узуқ-юлуқ суҳбат асноси Акмал Юлдашевни курак тугул, тувакда турмайдиган сўзлар билан “сийлаб”, “Бугун ишдан бўшатмасам одаммасман!” деб огоҳлантирган эди.

Ушбу воқеа юзасидан Андижон вилоят ҳокимлиги расмий баёнот берди.

“Ушбу мурожаат Андижон вилоят ҳокимлиги томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида жорий йилнинг 11 март куни тумандаги “Марҳамат барака чеварлари” тикувчилик цехининг очилиш маросимига туман маданият бўлими ходимлари соат 8:00 га келиб тадбирда овоз кучайтиргич, микрофон ва қолган мосламалари билан тадбирда қатнашиши керак бўлган. Бироқ маданият ходимлари тадбирга айтилган вақтда етиб келмаган. Тадбирга масъул этиб тайинланган М.Сотволдиева тадбир кўнгилдагидек ўтмаганлиги ҳамда тадбирга йиғилганлар олдида микрофон ва овоз кучайтиргични вақтида тайёр бўлмаганлигидан сабабли жаҳл устида туман маданият бўлими бошлиғига телефонда “Сени ишдан ҳайдатаман, масъулиятли бўлганингда тумандагиларни олдида шарманда бўлмасдим” -деб сўкканлиги, шундан сўнг туман маданият бўлими бошлиғи А.Юлдашевга бу гаплар оғир ботиб, жаҳл устида интернет тармоғига чиқариб юборган, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Манзура Юнусова томонидан Вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Мархабо Сатторова иштирокида Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Маъмурахон Сотволдиева ҳамда туман маданият бўлими бошлиғи Акмал Юлдашев билан суҳбатлашган.

Маълум қилинишича, суҳбат давомида иккала томон ҳам қилган ишларидан афсусланиб, пушаймонда эканлиги таъкидлаб бир бирларидан узр сўрайди ва ўзаро гина-қудратлари йўқлигини айтиб, келишиб олишди.

Воқеа юзасидан Марҳамат туман ҳокимининг фармойишига асосан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-банди билан Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Маъмурахон Сотволдиева туман ташкилоти раҳбарига нисбатан муомала маданиятига риоя этмаганлиги учун “Ҳайфсан” интизомий жазоси берилди.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати