Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллар
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Марказий банк 2023-2025 йиллар учун пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини эълон қилди
23.11.2022 17:03,  
83

Марказий банк 2023-2025 йиллар учун пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини эълон қилди.

Унга кўра, регулятор 2024 йилнинг иккинчи ярим йиллигига қадар "қаттиқ пуллар сиёсати"ни олиб боради ва мақсадга эришилган тақдирда сиёсатни нейтраллаштириши мумкин.  

Йиллик инфляция бўйича Марказий банк прогнозларини маълум қилди. Унда 2023 йилда 8,5-9,5 фоиз, 2024 йилда 5-6 фоиз, 2023 йилда 5 фоиз қайд этилган. Инфляция таргети — 5 фоизлик кўрсаткичга 2024 йилнинг 2-чорагида эришиш мақсад қилинган.  

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ҳозирги кунда инфляцион таргетлаш пул-кредит сиёсатини олиб боришнинг энг оммабоп усулларидан бири бўлиб, ушбу усул жаҳондаги 40 дан ортиқ мамлакатда қўлланилмоқда. Инфляцион таргетлаш режимида инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи (таргет) ўрнатилади.  

Инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи (таргети)га эришиш учун пул-кредит сиёсати механизмлари босқичма-босқич ушбу режимга ўтказилиб, инфляцияни пасайтиришда самарали инструмент сифатида фойдаланилади.  

Ўз навбатида ушбу режимнинг қўлланилиши нархлар барқарорлигини таъминлаш орқали ўрта муддатли истиқболда мустаҳкам ва барқарор иқтисодий ўсиш учун қўшимча шароитлар яратиши мумкин. Шу билан бирга, Марказий банк инфляция даражасининг энг мос мақсад (таргет)ини аниқлаб олиб, унга пул-кредит сиёсати инструментларини қўллаш, иқтисодий ривожланишни мунтазам таҳлил қилиш ва пул-кредит сиёсати режаларини кенг ёритиш орқали эришни мақсад қилган.  

Инфляцион таргетлаш режими бир неча макроиқтисодий мақсадларга эришиш имконини беради. Мисол учун, нархларнинг кескин ошиши ва юқори инфляциянинг олдини олиш, пул бозорини шакллантириш, пул бозорининг сегментлаш сабабларини бартараф этиш, ички ва ташқи омилларни ҳисобга олган ҳолда, аҳоли ва тадбиркорларнинг тўлов қобилиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда молия секторининг барқарорлигини таъминлаш имконини беради.  

Инфляцион таргетлаш режимини амалга ошириш учун биринчи навбатда, инфляциянинг доимий таргетини белгилаш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш (инфляция, унинг омиллари ҳамда кўзланган инфляцион таргет ҳақида аҳолини мунтазам равишда хабардор қилиш) зарур.  

Шунингдек, инфляцион жараёнларни бошқариш ва пул бозорида фоиз ставкаларини тартибга солиш мақсадида пул-кредит сиёсати бўйича инструментлардан (РEПО ва валютавий своп аукционлари, депозит аукционлари ҳамда Марказий банк облигацияларини жойлаштириш бўйича аукционлар) кенг миқёсда фойдаланиш керак.  

Пул-кредит сиёсати соҳасида объектив қарорлар (хўжалик юритувчи субъектлар ҳолатини таҳлил қилиш: уй хўжаликлари соҳаси, тадбиркорлик соҳаси, давлат бошқаруви соҳаси ва ташқи дунё) қабул қилиш учун батафсил макроиқтисодий таҳлил қилиш ҳамда ички ва ташқи бозорларда мавжуд бўлган очиқ маълумотларни ҳисобга олган ҳолда прогнозлаш, пул-кредит сиёсати мақсадлари (нархлар барқарорлиги, кредитларнинг оммабоплиги, паст даражадаги инфляция, аҳолининг миллий валютага бўлган ишончини ошириш ва ҳоказо)ни кенг жамоатчиликка етказиш учун коммуникациявий сиёсатни такомиллаштириш, макроиқтисодий ҳолатни прогноз қилиш имкониятини таъминлаш ҳамда бозор иштирокчилари ишончини шакллантириш зарур.  

Инфляцион таргетлаш режимида инфляция даражасини ушлаб туриш учун пул-кредит сиёсатининг асосий инструментларидан бири бўлиб, Марказий банк томонидан белгиланадиган асосий ставка ҳисобланади. Марказий банк асосий ставкани ўзгартириш орқали тижорат банклари томонидан омонат ва кредитлар бўйича таклиф этиладиган фоиз ставкаларига таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ўз навбатида умумий талаб орқали иқтисодиётдаги нарх даражасига таъсир кўрсатади.  

Юқоридагилардан келиб чиқиб, инфляцион таргетлаш деганда, олдиндан белгиланадиган инфляция даражаси (таргет)ни кенг жамоатчиликка эълон қилиш ҳамда ушбу кўрсаткичга эришиш ва уни сақлаб қолиш жараёни тушунилади.  

Тавсия Этамиз






Тавсия Этамиз