Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Марказий банк макроиқтисодий ривожланишнинг 3 хил сценарийсини ишлаб чиқди
22.10.2020 15:10,  
122

22 октябр, пайшанба куни Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди ва унда “Пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022-2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари” тасдиқланди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда Марказий банк Бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Марказий банк томонидан макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари 3 хил – асосий, тезкор иқтисодий тикланишга (оптимистик) ва ташқи иқтисодий хатарлар кучайишига (хатарли) асосланган муқобил сценарийлар асосида ишлаб чиқилди.

Бу сценарийларни ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётимизга ҳамда ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиёти ва асосий экспорт товарларимиз нархларига таъсирлари, шунингдек потенциал ишлаб чиқариш даражасининг ўзгаришларини инобатга олишга ҳаракат қилинди.

Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсида пандемия билан боғлиқ вазият босқичма-босқич яхшиланиб бориши бўйича кутилмалар, аҳоли ва бизнес вакилларини ўз фаолиятларини пандемия ва ундан кейинги шароитларга мослашган ҳолда давом эттиришлари асосий шартлардан қилиб олинган. Ҳамда, ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг бир маромда тикланиши ҳисобига ташқи талаб 2022 йил иккинчи ярим йиллигидан инқироздан олдинги даражасига етади.

Мазкур сценарий доирасидаги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил охирида инқироздан олдинги кўрсаткичларга яқинлашади, 2023 йилда иқтисодиёт ўзининг потенциали даражасигача тикланади. Бюджет даромадлари тикланиб бориб, 2022 йилда йиғма бюджет дефицити 2,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда. Бунда, таркибий ислоҳотлар давом эттирилиб, тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёни 2022-2023 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Асосий сценарийга мувофиқ, пул-кредит сиёсатининг жорий “нисбатан қатъий” шароитлари 2021 йил охирига қадар сақланиб қолинади. Айни пайтда, 2022-2023 йилларда тартибга солинадиган нархлар ўзгариши, инфляция даражаси ва прогнозлар траекториясидан келиб чиқиб пул-кредит сиёсати шароитларига тузатишлар киритилади.

Макроиқтисодий ривожланишнинг иқтисодиётни тез тикланишига асосланган муқобил (оптимистик) сценарийси пандемия билан боғлиқ вазиятнинг нисбатан тез суръатларда яхшиланиши, келгусида карантин чораларининг жорий этилмаслиги ҳамда жаҳонда вирусга қарши вакцина ва дорилар 2021 йилнинг иккинчи ярмидан кенг татбиқ қилиниши шароитларини ўз ичига олади.  

Ушбу сценарийда асосий савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг бир маромда тикланиши ҳисобига ташқи талаб 2021 йил иккинчи ярим йиллигида инқироздан олдинги даражасига етиши ва жаҳон иқтисодиёти тикланиб боргани сари олтин нархи пасайиб бориши прогноз қилинмоқда.

Ушбу сценарий шароитларида ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил ўртасида инқироздан олдинги даражага яқинлашиши, иқтисодиёт ўзининг потенциалига 2022 йилда етиши кутилмоқда. Бунда, асосий сценарийдан фарқли равишда транспорт, хизматлар ва туризм соҳаларида ҳам ўсиш суръатларни жонланади.

Иқтисодий фаолликнинг тикланишига мос равишда давлат бюджети даромадлари нисбатан тезкор суръатларда ўсиб бориши ва йиғма бюджет дефицитининг 2022 йилда 2 фоизгача қисқариб бориши прогноз қилинмоқда. Айни пайтда, тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёнининг 2022-2023 йилларда мантиқий якунига етказилиши ва ушбу соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан қилиб олинган.

Оптимистик сценарийда белгиланган шартлар рўй берган тақдирда, пул-кредит сиёсатининг амалдаги “нисбатан қатъий” шароитлари сақланиб қолинади. Бунда, 2021-2022 йилларда инфляция даражаси асосий сценарийга қараганда бироз пастроқ даражада шаклланади. Бу эса, ўз навбатида, пул-кредит сиёсати шароитларига жиддий ўзгаришлар киритмасдан инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш имконини яратади.

Макроиқтисодий ривожланишнинг ташқи иқтисодий хатарларнинг кучайишига асосланган муқобил (хатарли) сценарийсида, жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашиб бориши ва глобал ёпилиш 2021-2022 йилларда ҳам давом этиши эҳтимолларини кўзда тутади.

Ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг секин суръатларда тикланиши, ташқи талаб даражасининг фақатгина 2023 йил иккинчи чорагига келиб инқироздан олдинги даражасига етиши ва хавфсиз актив сифатида олтин нархида ўсувчи динамикани сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

Хатарли сценарийда ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб фақатгина 2022 йилнинг охирига келиб инқироздан олдинги даражага яқинлашиши, иқтисодиёт ўзининг потенциали даражасига 2023 йилдан кейин етиши ва бюджет харажатлари юқорилигича сақланиб қолиши шароитида йиғма бюджет дефицити 6-7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур сценарий шартлари юз берган тақдирда тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёни 2023 йилга қолдирилиш эҳтимоллари ошади.

Мазкур сценарийда талаб омиллари томонидан инфляцияга босим пасаяди, инфляциянинг прогноз траекториясидан пасайиш томонга оғиши пул-кредит шароитларини “бироз юмшатиш” имкониятини яратади. Шу билан бирга, 2020 йилда бўлгани каби, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва нархлар барқарорлигига эришиш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш учун пул-кредити сиёсати инструментлари қўлланиб борилади.

Таъкидлаш жоизки, учала сценарий доирасида ривожланиш тенденциялари ва кутилаётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, 2021-2023 йиллар даврида амалга ошириладиган пул-кредит шароитлари белгиланади ва сценарийларга муносиб келадиган пул-кредит инструментлар тўпламидан фойдаланилади. Бунда, ҳар бир сценарийнинг хусусиятлари, инфляцион характери ва омилларининг шаклланиши нуқтаи назаридан баҳоланади ва шунга мос жавоб чоралар тизими ишлаб чиқилади.

 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан