Марказий банк молиявий саводхонлик бўйича ахборот-таълим веб-сайтини ишга туширди

Марказий банк молиявий саводхонлик бўйича ахборот-таълим веб-сайтини ишга туширди

Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида Марказий банк томонидан Finlit.uz ахборот-таълим ресурси ишга туширилди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур лойиҳа доирасида молиявий хизматларни танлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, оқилона ва масъулият билан молиявий қарорлар қабул қилиш ҳамда молия бозоридаги имкониятларни тўғри баҳолашга ёрдам берувчи билим ва кўникмаларни шакллантириш вазифалари белгиланган.

Ахборот-таълим веб-сайти фойдаланишга осон ва қулай бўлган қуйидаги бўлимлардан иборатдир:

Мақолалар –  молия бозорининг турли соҳалари ва маҳсулотларини қамраб олувчи долзарб ахборот материаллари (омонатлар, кредитлар, бюджетни режалаштириш, тўловлар ва ўтказмалар, молия бозори, пул-кредит сиёсати, валютани тартибга солиш ва молиявий хизматлар истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш);

Ўқув материаллари – иқтисод, банк ва молия соҳасига оид атамаларни ўз ичига олувчи луғат, молиявий саводхонлик бўйича китоблар ҳамда таълим видеоматериаллари;

Интерактив хизматлар – депозит ва кредит калькуляторлари, кўп бериладиган саволлар, сўровлар ва бошқалар;

Лойиҳалар – аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган тадбирлар анонси ва релизлари.

Материалларда берилган маълумотлар тавсиявий характерга эга бўлиб, улар молиявий саводхон шахснинг хулқ-атвори ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Сайт таркиби дастлабки босқичда бўлиб,  келгусида доимий равишда янгиланиб ва такомиллаштириб борилади.