Сўнгги кунларда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар бўйича белгиланган фоиз тўловидан ташқари қўшимча тўловлар ҳисобига кредитнинг ҳақиқатдаги нархи юқори бўлаётганлиги каби масалалар юзасидан ижтимоий тармоқларда турли хабарлар эълон қилинмоқда.
Марказий банк ушбу хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қарз олувчиларнинг кутилаётган қарз юкини аниқ белгилаш ҳамда кредит маҳсулотларини танлашда оқилона қарор қабул қилишлари учун бир қатор қоидалар амалиётга жорий қилинган.
Хусусан, қарз олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида:
кредитлар бўйича ўртача ойлик тўловлари миқдори қарз олувчи жисмоний шахсларнинг ўртача ойлик даромади миқдорига бўлган нисбати 50 фоиздан;
барча кредит (микроқарз)лари бўйича ҳисобланадиган кунлик фоиз ставкаси 0,3 фоиздан;
кредит (микроқарз) бўйича ҳисобланган фоизлар, воситачилик ҳақи, пеня ва бошқа тўловлар миқдори йиллик қарз суммасининг ярмидан ошиб кетмаслиги белгиланган.
Шунингдек, қарз олувчининг кредит (қарз) олиш билан боғлиқ тўловлари ҳисобга олинадиган кредитнинг тўлиқ қийматини ҳисоблаш амалиётга киритилган.
Кредитнинг тўлиқ қийматига қарз олувчининг тўловлари, шу жумладан, учинчи шахслар фойдасига тўловлари, агар қарз олувчининг бундай тўловлар бўйича мажбурияти шартнома шартларидан келиб чиқса ёки кредит бериш бундай тўловларни амалга оширишга боғлиқ қилиб қўйилган бўлса киритилади.
Ушбу кўрсаткич қарз олувчиларга турли банклар кредитларининг ҳақиқий баҳосини билишга ҳамда кредит маҳсулотини танлашда оқилона қарор қабул қилишга хизмат қилади.
Қолаверса, потенциал қарз олувчи кредит олиш мақсадида банкка мурожаат этганда, банк мажбурий тартибда қарз олувчи билан биргаликда белгиланган шаклдаги кредитнинг асосий шартлари ҳақидаги ахборот варақасини тўлдириши лозим.
Мазкур ахборот варақасининг шакли барча банклар учун бир хил бўлиб, бу қарз олувчига турли банкларда мавжуд кредитларнинг шартларини таққослаш ва ўзи учун мақбул бўлган вариантни танлаш имконини беради.
Шу билан бирга, қарз олувчи банкларнинг кредит маҳсулотлари шартларини тушунишига молиявий саводхонлиги етишмаса ёки шартноманинг айрим бандлари бўйича маслаҳат олишни зарур деб ҳисобласа кредит шартномани имзо қўймасдан олдин танишиб чиқиш учун ўзи билан олиб кетишга ҳақли.
Шунингдек, Марказий банк молиявий саводхонликни ошириш ва фуқароларнинг молиявий билимини шакллантириш мақсадида молия ва иқтисодиётга оид асосий кўникмаларни ўргатиб бориш учун finlit.uz веб-сайти ва телеграм каналини ишга туширган. Унда содда тилдаги иқтисодий тушунчалар, механизмлар, молиявий хизматлар мисоллар билан тушунтирилади ва кредитлардан фойдаланиш учун қарорларни қабул қилишда муҳим жиҳатлар бериб борилади.
Ҳурматли истеъмолчилар!
Кредит сўраб банкка мурожаат этганингизда кредит олишдан олдин ташкилотнинг расмий веб-сайти орқали ўша кредит тури, шартлари, банк хизмат ҳақи миқдори ва бошқа маълумотлар, шу жумладан, кредит бўйича ахборот варақаси билан батафсил танишиб чиқиш, шунингдек, тушунмаган маълумотлар бўйича банкнинг колл-маркази ёки банк муассасасига ташриф буюрган ҳолда банк ходимларидан қизиқтирган саволларингизга жавоб олиш ва якунда банк хизматидан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилишга чақиради.
Маълумот учун: жорий йил бошидан буён Анорбанк томонидан ажратилган микроқарз бўйича бевосита қарз олувчилардан Марказий банкка иккита расмий шикоят келиб тушган ва улар белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Шу билан бирга, Анорбанкка тақдим этаётган маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни ошкор этилиши бўйича белгиланган қоидаларга риоя қилиши, шу жумладан, банк томонидан берилаётган реклама тусидаги ахборот истеъмолчининг ишончини суиистеъмол қилмайдиган тарзда ёки истеъмолчининг тажрибаси ва билими етишмаслигидан фойдаланишни кўзламаган ҳолда тақдим этилишини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Анорбанк”нинг “молиявий фокуслари” мижозларни нега ғазаблантирди?", номли видео интервью, шунингдек "Anorbank"нинг "Очиқ хат"ига очиқ хат", ва “Анорбанк”нинг “иддао”сига одамлар нима дейди?", сарлавҳали мақолалар эълон қилган эдик.