Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан жорий йил январь ойи давомида 9 та йиғилиш ўтказилган бўлиб, уларда рухсат бериш тартиботи билан боғлиқ ва кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир жами 26 та масала кўриб чиқилди.
Рухсат бериш тартиботи йўналишида ўтказилган муҳокамалар банклар томонидан келишиш учун тақдим қилинган ҳужжатларни, жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш, кредит ташкилотларини лицензиялаш, давлат реестридан чиқариш ва дастлабки рухсат бериш ҳамда тўлов ташкилотларини реестрга киритиш билан боғлиқ масалалар кўрилди.
Молиявий ҳолатни кўриб чиқиш бўйича ўтказилган йиғилишларда кредит ташкилотларида пруденциал меъёрлар талабларининг бажарилиши юзасидан масофавий ва жойида ўтказилган ўрганиш натижалари, хусусан, банклар ва микромолия ташкилотлари фаолиятида мавжуд хатарлар бўйича ўтказилган тематик ўрганишлар натижалари ҳамда тўлов ташкилоти фаолияти муҳокама қилинди.
Қайд этиш лозимки, Қўмита томонидан 2023 йилнинг январь ойи давомида аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари бўйича банклар, нобанк микромолия ташилотлари ва тўлов ташкилотларига нисбатан таъсирчан чоралар кўрилди.
Хусусан,
тематик ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан, яъни молиявий йўқотишларга қарши захиралар яратилмагани, кредит таваккалчиликларини камайтириш бўйича етарли таҳлиллар олиб борилмаганлиги, муаммога айланиши мумкин бўлган кредитларни эрта аниқлаш, вужудга келишиши мумкин бўлган кредит таваккалчиликларини камайтириш бўйича етарли таҳлиллар олиб борилмаганлиги, кредитлар мониторинги, ахборот тизими ва кредит қарздорликларини ундириш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаганлиги сабабли Ўзмиллийбанк, Микрокредитбанк, Алоқабанк, Туронбанк, Қишлоққурилишбанк ва Асакабанк огоҳлантирилди;
иқтисодий санкциялар ва экспортга тақиқлар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир юклатилган вазифалар ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган банклар (Капиталбанк, Анорбанк, Равнақ-банк) огоҳлантирилди;
“Cash U mikromoliya tashkiloti” масъулияти чекланган жамиятига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4 ва 6-моддаларига амал қилинмаган ҳолда истеъмолчига хизматлар ҳақида ўз вақтида тўғри ва тушунарли маълумот берилмаганлиги ва истеъмолчиларнинг хизмат ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқи бузилганлиги сабабли 30 млн. сўм жарима қўлланилди.
Қонунчиликда белгиланган муддатларда ўз фаолиятини бошламагани учун “E-services House” масъулияти чекланган жамиятидан тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинди.