​Марказий банк мулозими: Валюта айирбошлаш хусусий шохобчалари аҳолига зарар келтиради (видео)

​Марказий банк мулозими: Валюта айирбошлаш хусусий шохобчалари аҳолига зарар келтиради (видео)

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлисида “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Янги ҳужжатда валюта айирбошлаш хусусий шохобчаларининг фаолияти назарда тутилмаган. Бу ҳақда sof.uz мухбири хабар бермоқда.

Марказий банк бошқарув раиси ўринбосари Бобир Абубакировнинг сўзларига қараганда, қонун тайёрланиши жараёнида мазкур масала бир неча бор кўтарилди. Қонун чиқарувчилари халқаро тажрибани ўрганиб чиқди.

“Россия Федерацияси ва Тожикистонда бундай амалиёт қўлланилган, аммо у ўзини оқламаган. Хусусий секторга валютани сотиш ва харид қилиш билан шуғулланиш ҳуқуқи берилганди. Аммо бу ҳуқуқ кўп бора суистеъмол қилинди”, - деди Абубакиров.

Унинг сўзларига қараганда, тадбиркорларнинг кўпинча валютага реал бўлмаган курслар ўрнатиши, қалбаки купюралар сотиши ва асоссиз юқори комиссиялар олиши кузатила бошланди. Табиийки, бундан оддий аҳоли зарар кўра бошлади.

"Валютани сотиш ва харид қилиш билан фақат тижорий банклар шуғулланишидан мақсад жиноий фаолиятдан тушган даромадларни легаллаштиришга қарши курашишдир. Бугунги кунда валюталарни сотиш ва харид қилиш операциялари билан фақат банклар шуғулланиши мақсадга мувофиқ деб топилди", - дея хулоса қилди иқтисодчи.