Марказий банк валютада кредит олганларнинг зарарларини қоплаб бермаслигини маълум қилди

Марказий банк валютада кредит олганларнинг зарарларини қоплаб бермаслигини маълум қилди

Ўзбекистон Марказий банки валютада кредит олган қарздорларнинг сўм девальвацияси натижасида кўрган зарарларини қопламайди, дея хабар қилди назоратчи «Газета.uz» сўровига жавоб берар экан.

МБ маълумотларига кўра, банклар тақдим этган 48,1 фоиз (104 трлн сўмга яқин) кредитлар хорижий валютада. Сўм курси эса 2019 йил апрелидан буён 20 фоизга пасайиб, АҚШ доллари 8390 сўмдан 10137,94 сўмга қадар ошди.

Коронавирус пандемияси шароитида Россия Банки банкларга хорижий валютадаги кредитларни рублга ўзгартиришни тавсия қилди. Айрим банклар имтиёзли конвертация курсини тақдим этишни бошлади.

Марказий банкдан валютада кредит олган қарздорлар учун имтиёзли валюта курсини жорий этиш ёки валютадаги кредитларни сўмга ўтказиш бўйича эҳтимолий режалар тўғрисида изоҳ беришни сўралди.

Бунга жавобан назоратчи қарздорларнинг сўм девальвациясидан кўрган зарарларини қоплаш, имтиёзли конвертация курсини жорий этиш ва валютадаги кредитларни имтиёзли курс бўйича сўмли кредитларга ўтказиш масаласи кўриб чиқилмаётгани ҳамда режалаштирилмаётганини маълум қилди.

Бунга сабаб сифатида таклиф этилаётган чораларнинг салбий оқибатлари мавжудлиги ҳамда халқаро молия институтлари (Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки каби) буни тавсия этмаётганини келтириб ўтди.

«Ҳар қандай молиявий восита, жумладан валютадаги кредит муайян хатарларни (валюта риски, фоиз риски ва бошқа) ўз ичига олади. Барча хатарлар қарз олувчи томонидан валюта ёки бошқа турдаги кредитларни олиш бўйича қарор қабул қилиш вақтида мустақил равишда ҳар томонлама ҳисобга олиниши керак», — дея қайд этди МБ.

Марказий банк коронавирус пандемияси вақтида қарздорларни қўллаб-қувватлаш учун банклар кредит бўйича тўловлар муддатини узайтириб, кечиктирилган қарздорлик бўйича пеня ва жарималарни ҳисобламаётганини таъкидлади.